Ҳусанов “Ланс”ни тарк этди...

Кучли бешлик чемпионатларидаги икки вакилимиздан бири – Абдуқодир Ҳусанов Осиё кубоги ва Париж Олимпиадаси йўлланмаси учун курашда Ўзбекистон U-23 терма жамоасига ёрдам берадиган бўлди.

Тимур Копадзе бошқараётган терма жамоа олдига қитъа миқёсидаги мусобақада совринли ўринлар учун курашиш ва ўзбек футболи тарихида илк бор Олимпия ўйинчилари лицензиясини қўлга киритиш вазифаси қўйилган.

Қатар мезбонлик қилаётган 23 ёшгача бўлган футболчилар иштирокидаги Осиё кубогида дастлабки учта ўринни эгаллаган терма жамоалар Парижга тўғридан тўғри йўл олади. Тўртинчи ўрин соҳиби Африка қитъаси вакили Гвинея билан ўтиш учрашувида ўзаро тўқнаш келади.

Ўзбекистон U-23 терма жамоаси футболчилари гуруҳ босқичини муваффақиятли бошлаб, муддатидан олдин плей-оффга чиқди.  “D” гуруҳидан жой олган вакилларимиз дастлабки икки ўйинда Малайзияни 2:0, Кувайтни 5:0 ҳисобида доғда қолдириб, 23 апрель куни Вьетнамга қарши баҳс олдидан гуруҳ пешқадамига айланди.

Ўзбекистон терма жамоаси раҳбарияти легионер футболчиларимизни сафга қўшиш учун улар ўйнаётган клублар билан музокара қилишига тўғри келди. Ниҳоят, “Ланс” мутасаддилари ҳам Абдуқодир Ҳусановни терма жамоага кузатиб қўйди.

Бу ҳақида lensois.com сайти эксперти Элоиза Де Местер ахборот берди.

- Ўзбекистон U23 терма жамоаси Осиё кубогидаги қатнашадиган терма жамоанинг якуний рўйхатини эълон қилганди. Таркибга Европада ўйнаётган бир неча ўйинчилар киритилган. Хусусан, “Ланс” вакили Абдуқодир Ҳусанов ҳам. Айрим ўйинчилар клублари қўйиб юборганидан кейин терма жамоага кечроқ қўйиладиган бўлган.

Ёш ҳимоячи Абдуқодир Ҳусанов “Ланс” сафида қолаётган эди.  Куни кеча “Клермон”га қарши учрашувни захира ўриндиғида кузатди, лекин майдонга тушмади.

Ҳусанов терма жамоага боргунича, ёш ўзбекистонликлар чорак финал масаласини ҳал қилиб бўлди.

Энди Ҳусанов “Ланс”ни тарк этиб, Қатарга отланади ва терма жамоа сафига қўшилади. Буни клуб ҳам тасдиқлади.

“Ланс” қўйиб юборган ҳимоячи Осиё кубоги  якунлангунга қадар терма жамоа ихтиёрида бўлади.

Осиё кубогининг ярим финали 29 апрелга, учинчи ўрин учун баҳс 2 майга ва финал 3 майга белгиланган. Ҳусанов камида “Марсель” қарши учрашувни ўтказиб юбориши аниқ, - деб ёзди Элоиза Де Местер.

Маълумки, Абдуқодир Ҳусанов Франция вице-чемпиони “Ланс” сафига 2023 йилнинг ёзида Беларуснинг “Энергетик-БГУ” жамоасидан кўчиб ўтган эди. Жорий мавсумда иқтидорли ҳимоячимиз  Франция чемпионатида майдонга тушган илк ўзбек футболчиси бўлди.

Бундан ташқари, Ҳусанов УЕФАнинг икки энг нуфузли турнири - Чемпионлар лигаси ва Европа лигасидаги дебютларини нишонлади.

Файзуллаев терма жамоа учун ЦСКАни “қурбон” қилдими?

Файзуллаев кетди, ЦСКА хавотирда

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
Абдухаликов Мухаммад
22/04/2024 14:18
А.Хусанов га эхтиёткорлик ва олимпиячиларга омад