"Машъал" "Арал академия"га нечта гол урмоқчи? Футболчиларга нега "Манчестер Сити"ни ўйини камроқ кўрсатилади? Асрор Алиқулов нима дейди?

Ўзбекистон Кубоги 2-турида Муборакнинг “Машъал” клуби “Бухоро”ни қабул қилди. Бу учрашувда гол урилмади ва баҳс 0:0 ҳисобидаги дуранг билан якун топди. Ўйиндан кейин “Машъал” бош мураббийи Асрор Алиқулов фикрлари билан ўртоқлашди ва бир қатор саволларига жавоб қайтарди.

- “Бухоро” жамоаси билан яқинда про лига доирасида учрашгандик. Асосан қарши ҳужум тактикасини қўллайди. Ҳимояда малакали футболчиларга эга. Тўпни назорат қилиш ва қарши ҳужумларга тушиб қолмасликни мақсад қилдик. Ўйинчиларимиз тўпни назорат қилишда ўзларини яхши томонлама кўрсатишди. Учрашувга тўхталсак, вазиятлар яратдик. “Бухоро”нинг кучли томони қарши ҳужумлар ва стандарт вазиятлар. Уларга бу борада имконият қолдирмадик. Йигитларимизга майдонда қилган меҳнатлари учун миннатдорчилик билдираман.

- “Машъал” меҳмонда ёш таркиб билан ОКМКни ютганди. Бу сафар ўз майдонида “Бухоро” билан дуранг ўйнади. Шуни инобатга олганда, Олмалиқдаги ғалаба тасодифмиди?

- Ўйинни қандай ўтганини кўрган бўлсангиз барибир ОКМКни устунлиги сезилиб турган. Биз бўш зоналар қолдирмадик. Ёш футболчиларимизга имконият бердик. Уларга ишонардик. Майдонда катта ҳажмдаги ишни бажара олардилар. Ўйин давомида куч ва маҳорат бобида устунлик қила олмаслиги аниқ. Бироқ бўшлик қолдирмасликда катта ҳажмдаги ишни бажаришди. Ғалабамизни тасодиф деб айта олмайман. ОКМКга қарши баҳсда ғалаба умидида майдонга тушгандик. Ютқазамиз деб тушмаганмиз. Бу футболчиларнинг ҳаракати ва ютуғи дейиш мумкин.

- “Машъал” кейинги учрашувини “Арал академия”га қарши ўтказади. Бу рақиб дарвозасига ОКМК 16 та гол урди. “Бухоро” эса 7 та гол урганди. “Машъал” нечта уради?

- Олдиндан бунча гол урамиз деб чиқмаймиз. Ўша ўйин орқали “Хоразм”га қарши баҳсга тайёргарлик кўришни режа қиляпмиз. Биз “Хоразм” билан баҳсда қандай ўйин кўрсатмоқчилигимизни айнан “Арал академия”га қарши ўйинда синаб кўрмоқчимиз. Ҳар доим яхши футбол кўрсатиш ва ғалаба учун майдонга тушамиз.

- Ўзбекистон Кубоги баҳсларида кўпчилик қуръадан норози бўляпти. Баъзи гуруҳларга Суперлигани гранд клублари тушиб қолган. Масалан, “Насаф”, “Навбаҳор”, “Динамо” ва “Андижон” бир гуруҳда. Бошқа гуруҳларда эса про лига клублари. “Машъал”ни гуруҳига қарасак, ОКМК Суперлига вакили, “Машъал” билан “Бухоро” про лига қатнашчиси. Дастлабки иккита тур якунига кўра эса жамоангизда кейинги босқичга чиқиш учун имконият юқори. Ҳозирги ҳолатдан келиб чиқадиган бўлсак, “Машъал”ни режаси қайси босқичгача етиб бориш. Иккинчи савол, “Бухоро”да тажрибали ўйинчилар билан ёшларга урғу берилган. Бу жамоага қарши ўйнашда мураббий сифатида футболчиларга қайси топшириқларни бергансиз?

- Зич ҳимояланади. Про лигада уларнинг ўйини, футболчиларнинг маҳорати ва легионерлари ўзига яраша. Про лигада 8 та жамоа орасида номга қарайдиган бўлсак, энг кучли ҳимоя “Бухоро”да. Ўйинга тайёрланиш жараёнида тўпни назорат қилиб, уларга қандайдир ноқулай ҳолатлар яратишга ҳаракат қилдик. Лекин уларни дарвозасига яқин кела олмадик. “Бухоро” яхши ҳимояланди. Умуман, футболчиларимиз вазифаларини яхши бажаришди, афсуски, гол ура олмадик.

- Бу дуранг орқали “Машъал” билан мағлубиятсиз сериясини давом эттирди. “Хоразм” билан баҳс қийин бўлади. Про лигада ва Кубокда қандай мақсад қўйилган?

- Олдиндан ваъдалар берсак, аммо кейин омад юз ўгирди, ўхшамай қолди, деган гапларни кўп эшитамиз. Майдонда футболчи тайёргарлиги қанақа бўлса шунга мос ўйин кўрсатади. Биз ОКМКни ютдик. Балки уларда бизга нисбатан қандайдир менсимаслик бўлгандир. Бу футболда учрайдиган ҳолат. Биз ҳар бир учрашувга, рақиб ким бўлишидан қатъий назар яхши тайёрланишимиз керак. Ҳар бир ўйиндаги мақсадимиз ғалаба қозониш. Охирида қилинган ишларимиз, ютуқ ва камчиликларимизни таҳлил қилсак бўлади.  

- Қатар майдонларида ўйнаётган олимпия терма жамоамиз аъзоларига нима деган бўлардингиз?

- Уларга дастлабки иккита ўйиндаги чиройли ўйин ва ғалаба учун миннатдорчилик билдираман. Халқимизни хурсанд қилишяпти. Уларни олдига катта мақсад қўйилган. Футболчилар ишончни оқлашади. Яхши таркиб йиғилган. Мусобақа чемпионлигини ва Олимпиада йўлланмасини қўлга киритишларини жуда истаймиз.

- Тимур Кападзе тайёргарлик жараёнида футболчиларига “Манчестер Сити”ни ўйинини кўпроқ кўрсатаркан. Мураббий сифатида сиз ҳам футболчиларингизга қайсидир Европа клуби ёки терма жамоаси ўйинини кўрсатасизми?

- Намуна сифатида ўргатамиз. Тўғриси, “Ман Сити”дан камроқ оламиз. Кўпроқ Осиё грандларига қараймиз. Футболчиларнинг маҳоратини ҳам ҳисобга олиш керакда. Осиё жамоаларини кўришимиз боиси, улар биздан узоқлашиб кетишмаган. Ҳужумлар варианти, фикрлаш жараёни, тактик схемаларини мисол келтирамиз, лекин “Ман Сити”дан камроқ. Осиёда “Сепахон”, олдин Хави ишлаган “Ал-Садд”, “Ал-Ҳилол” каби клубларни айтишим мумкин. Баъзида ўзимизни Суперлигамиздаги клублардан ҳам олишимиз мумкин. Айрим ҳолатларда “Сити” ва “Ливерпул”дан ҳам қисқа вазиятлардан нимадир олишимиз мумкин.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!