Норчаев: "Европага кетмаганимнинг сабаби..." (интервью)

SPORTS.uz сайтининг "Дангал" лойиҳасида меҳмон бўлган Қаршининг "Насаф" жамоаси ҳужумчиси Ҳусаин Норчаев кўпчиликни қизиқтирган саволларга жавоб бериб ўтди. Қаҳрамонимиз деярли 50 дақиқа давом этган суҳбат давомида фаолияти ҳақидаги саволларга жавоб берди ва келажакдаги режалари билан ўртоқлашди. Биз ушбу суҳбатдаги айрим саволларга берилган жавобларни ёзма шаклда эътиборингизга ҳавола қиламиз.

Ҳусаин, Осиё Кубоги финалида нима бўлди? Нега жамоамизнинг ўйини чиқмади?

- Билмадим, негадир ўйинимиз чиқмади. Ваҳоланки, биринчи таймда ҳаммасини яхши бошлаган эдик. Иккинчи қирқ беш дақиқаликда омад бизни тарк этди. Тўғриси, чемпион бўлишни жуда ҳам хоҳлаган эдик. Ҳатто, ғолиб бўлгач, раҳматли дўстимиз Диёрнинг оиласига моддий ёрдам бермоқчи эдик. U23 жамоасидаги йигитлар жуда аҳил. Афсус, тақдиримизда шу бор экан.

Сиз академиядан терма жамоагача бўлган йўлни жуда тез босиб ўтдингиз. Бундай тез кўтарилишнинг сабаби нима?

- Муваффақият кўпроқ мураббийларнинг сизга бўлган ишончи билан боғлиқ. Ўринбосарлар жамоасида 13 та гол киритишим билан асосий таркибдан таклиф олдим. Рўзиқул Бердиев мени асосий таркибда майдонга тушира бошлади. "Насаф" мураббийлар штаби ўз футболчиларини академиядан бошлаб кузатиб бориши ҳам бунда катта роль ўйнади. Улар деярли барча ёш футболчиларнинг имкониятини тўғри баҳолайди.

Терма жамоада тўп тепиш сиз учун нимани англатади?

- Биринчи ўринда кўз олдингизга Ватан келади. Шу юрт учун жон фидо бўлсин. Терма жамоада катта юлдузлар орасида ҳаракат қилиш осон. Тажрибали футболчиларимиз биз ёшларни яхши қабул қилди. Миллий терма жамоадаги дебютимда ҳаяжон сезмадим. Жалолиддин Машарипов ва Элдор Шомуродовдек акаларим қўллаб-қувватлаб турган.

HUsayn

Келажакда Элдор Шомуродов асосий ҳужумчи бўлган терма жамоамизда ўз ўрнингизни топиб кета оласизми?

- Футболда рақобат бор. Ҳамма ҳаракат қилса, истаган мақсадига етиши мумкин. Балки, тактик ўзгариш бўлиб, иккита ҳужумчи билан ўйнашга тўғри келар. Рақобат яхши нарса. Ким кучли бўлса, ўша асосий таркибда майдонга тушади.

Эшитишимга қараганда, Турк клубларидан таклифлар бўлган. Нима учун бу ерда қолишга қарор қилдингиз?

- Менда бир нечта таклифлар бўлгани рост. Айниқса, улардан бири ("Бешиктош") анча жиддий қизиқиш билдирди. Трансфер амалга ошишини ўзим истамадим. Сабаби, жамоам билан ОЧЛда муваффақият қозониб, кейинроқ Европага йўл олишга қарор қилдим. Насиб қилса, шу мавсум охирида "Насаф"га маъқул келадиган вариант билан албатта хорижга йўл оламан.

Тўлиқ интервью сайтимизнинг "YouTube"даги расмий саҳифасига жойлаштирилган. Албатта томоша қилинг ва Ҳусаин Норчаевни ўзингиз учун кашф этинг!

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
Baxil Alihuja
16/09/2022 10:56
Бешиктошга утавериш керак эди! Кардошларимиз бизга ёмонлик тилашмайди. Хатто Шомуродов захирада утирибди. Лекин турк футбол мутахассислари ва мухлислари захирада утиришга куйишмайди.
Baxil Alihuja
16/09/2022 10:53
Насаф чемпионликни уйлаши керак эмас! Чемпионлик аллакачон сотиб булинган. Барча эътиборни кубок бахсларига ва ОЧЛ га каратиш керак. Уйинчиларни хорижга арзонга булса хам сотавериш керак. Уларни урнига ёш йигитларни асосий таркибга жалб килиш керак. Рузикул акани ва Насаф клубини бу борада тажрибаси бор!
SAMARIDDIN AMUR GPZ UZB
16/09/2022 08:48
Omad
Шухрат Хусаинов
15/09/2022 23:42
2-чи шомуродов буласан хорижда