ОКМК - "Насаф" баҳсида Бозоровга нисбатан қўполлик учун мезбонлар дарвозасиги пенальти белгиланиши керак эди - Эксперт-ҳакамлар комиссияси

Жорий йилнинг 7 май санасида Суперлига 2024 йилги мавсумнинг 6-тури якунига етди. Ўзбекистон футбол ҳакамлари маркази тур якунларига кўра, Эксперт-ҳакамлар комиссиясининг навбатдаги йиғилишини ўтказди ва тур доирасида кузатилган баҳсли вазиятлар таҳлил қилинди. 6-тур доирасида ўтказилган ўйинларда жами 8 та баҳсли вазият юзага келди: Қуйида уларнинг батафсил изоҳи ва чиқарилган якуний қарорлар билан танишишингиз мумкин.

1-вазият: “Бунёдкор” – “Сурхон” баҳси, эҳтимолий пенальти.

Суперлига 6-туридан ўрин олган “Бунёдкор” – “Сурхон” учрашувининг 78-дақиқасида мезбонларнинг 92-рақамли футболчиси Т. Ёвичнинг узатмасидан сўнг меҳмонлар жарима майдончаси ичида тўп “Сурхон” ҳимоячисининг қўлига теккандек кўринган. Бош ҳакам Ғайрат Жўраев ҳимояланаётган жамоа фойдасига фол қайд этиб, жарима зарбаси белгилаган. ВАР ҳакамлари ҳам вазиятни текшириб, унинг қарорини тасдиқлаган. 
Эксперт-ҳакамлар комиссияси қарори: Ушбу вазиятда ҳужум қилаётган жамоа вакиллари томонидан жарима майдончаси ичида қўпол ҳаракат содир этилган. Шундан сўнг, тўп “Сурхон” футболчисининг қўлига теккан. Бош ҳакам ушбу вазиятнинг дастлабки ҳолатидаги қўполлик сабабли меҳмон жамоа фойдасига тўғри фол белгилаган. Бош ҳакамнинг қарори тўғри, деб топилди.

https://youtu.be/kv54-SRifN8?list=PL4tHyf5I--njJpSK1Lo3Lv9o7ZzSQVDdZ

2-вазият: “Навбаҳор” – “Локомотив” учрашуви, норозилик учун сариқ карточка.

Тур доирасидаги “Навбаҳор” – “Локомотив” баҳсининг 54-дақиқасида мезбонларнинг 77-рақамли футболчиси А. Исмоилов ўйиндан ташқари ҳолат қайд этган. Эркин зарбани амалга ошириши керак бўлган “Локомотив”нинг 14-рақамли аъзоси Д. Комилов бош ҳакам Азиз Асимовнинг қарорига бўйсунмагани учун огоҳлантирилган. 
Эксперт-ҳакамлар комиссияси қарори: Бош ҳакам эркин зарбани ўз жойида бошлаш кераклигини талаб қилиб тўғри қилди, бироқ футболчи 2 марта ҳакамга қарши чиқди. Бундай вазиятда огоҳлантириш қоидаларга мувофиқ ечим. Бош ҳакамнинг қарори тўғри, деб топилди.

 

https://youtu.be/mZNp_NkPGjk?list=PL4tHyf5I--njJpSK1Lo3Lv9o7ZzSQVDdZ

3-вазият: “Навбаҳор” – “Локомотив” учрашуви, иккинчи сариқ карточка.

Баҳсининг 75-дақиқасида “Навбаҳор” ҳужуми чоғида “Локомотив”нинг 14-рақамли аъзоси Д. Комилов рақиб жамоанинг 22-рақамли футболчиси Т. Табатадзени оёғидан чалган. Бош ҳакам Азиз Асимов дарҳол ҳуштак чалиб, футболчига қўполлик учун ўйиндаги 2-сариқ карточкасини кўрсатган ва уни майдондан четлатган. 
Эксперт-ҳакамлар комиссияси қарори: Ушбу вазиятда ҳимоячи тўпга ўйнамаган. У оёқ билан фақат рақиб ҳаракатини қўполлик билан тўхтатишни мақсад қилган. Бош ҳакам фолни тўғри қайд этиб, уни 2-бор огоҳлантирган. Ҳакамнинг қарори тўғри, деб топилди.

https://youtu.be/EIBPKCGPFL4?list=PL4tHyf5I--njJpSK1Lo3Lv9o7ZzSQVDdZ

4-вазият: "Қизилқум" – "Нефтчи" ўйини: мезбонларнинг голи.

"Қизилқум" – "Нефтчи" баҳсининг 34-дақиқасида меҳмонлар бурчак зарбаси тепиш ҳуқуқини қўлга киритди. Номинал мезбонлар жарима майдонида эса тўп ҳимояланаётган футболчининг қўлига теккан. Бош ҳакам Илгиз Танташев бу ҳолатни пеналти учун етарли эмас, дея қайд этди ва ўйинни давом эттирган.  
Эксперт-ҳакамлар комиссияси қарори: Ушбу вазиятда қўл тўпга эмас, тўп қўлга келиб тегди. Қолаверса, тўпнинг йўналиши ҳам кескин ўзгаргани йўқ. Бу каби ҳолларда пеналти берилмаслиги лозим ва Эксперт-ҳакамлар комиссияси якдил фикр асосида ҳакамнинг қарори тўғри бўлганини маълум қилади.

https://youtu.be/V5ia9bBshRM?list=PL4tHyf5I--njJpSK1Lo3Lv9o7ZzSQVDdZ

5-вазият: ОКМК – "Насаф" ўйини: эҳтимолий пенальти.

Учрашувнинг 42-дақиқасида меҳмонларнинг 77-рақамли футболчиси О. Бозоров катта тезликда рақиб жарима майдонига кириб борди. Уни тўхтатишга уринган мезбонларнинг 15-рақамли аъзоси А. Холмуродовнинг ҳаракатидан сўнг қаршиликлар вакили майдонга йиқилди. Бош ҳакам Шавкат Насибуллаев ВАР орқали вазиятни кўриб чиққач, вазият пенальтига тортмаслигини маълум қилди.

Эксперт-ҳакамлар комиссияси қарори: Ушбу вазиятда ОКМК футболчиси тўпга эмас, рақибига биринчи текканини кўриш мумкин. Тўп ҳимоячидан узоқлашиб кетган ва у оёқ ташлашда кеч ҳаракат қилган. Бу ҳолатда пенальти белгиланиши керак: ҳакамнинг қарори нотўғри, деб топилди.

https://youtu.be/3JIaQzez8Mg?list=PL4tHyf5I--njJpSK1Lo3Lv9o7ZzSQVDdZ

6-вазият: ОКМК – "Насаф" ўйини: мезбонлар фойдасига эҳтимолий пенальти.

ОКМК - Насаф баҳсининг 55-дақиқасида майдон эгалари жарима зарбасини ижро этди. Рақиб жарима мйдонига узатиб берилган тўп ОКМКнинг 2-рақамли аъзоси Акром Комиловга келиб тушди. У тўпни ўзига тўғрилаб олаётган бир вақтда меҳмонларнинг 2-рақамли футболчиси Алибек Давронов билан тўқнашди. Бош ҳакам Шавкат Насибуллаев бу вазиятда ҳам ВАРга мурожаат этди ва пеналти йўқ, деган қарорга келинди.  
Эксперт-ҳакамлар комиссияси қарори: Ушбу вазиятда ОКМК футболчиси дарвозага тескари ҳолатда турганди. Қолаверса, у пеналти ишлаш учун ҳаракат қилди. Бундай ҳолларда 11 метрлик жарима зарбасига мурожаат этилмайди. Эксперт-ҳакамлар комиссияси бир овоздан ҳакамнинг қарори тўғри эканини тасдиқлайди.

https://youtu.be/AQTfB_eZIkA?list=PL4tHyf5I--njJpSK1Lo3Lv9o7ZzSQVDdZ

7-вазият: "Пахтакор" – "Металлург" баҳси: яна бир эҳтимолий пенальти.

"Пахтакор" ва "Металлург" жамоалари иштирокидаги ўйиннинг 60-дақиқасида майдон эгалари жарима майдонида баҳсли ҳолат содир бўлди. Қисқа узатмалардан сўнг "шерлар" мудофаасини ёриб ўтган 14-рақамли Аброр Тошқўзиев мезбонлар дарвозаси олдида йиқилиб тушди ва зарба бериш имкониятини қўлдан чиқарди. Бош ҳакам Абдурашид Худойберганов бу ҳолатда ВАРга мурожаат этиб, нуқтага ишора қилди.
Эксперт-ҳакамлар комиссияси қарори: Ушбу вазиятда меҳмонларнинг катта тезликда кетаётган футболчис А. Тошқўзиев кичик контакт орқали тўхтатиб қолинган. Бундай ҳолатда пеналти белгиланиши керак:  ҳакамнинг қарори тўғри, дея баҳоланди.

https://youtu.be/6ir9KmDE5Qg?list=PL4tHyf5I--njJpSK1Lo3Lv9o7ZzSQVDdZ

8-вазият: "Пахтакор" – "Металлург" беллашуви: мезбонларнинг голи.

Учрашувнинг 73-дақиқаси ўтиб бораётган бир вақтда майдон эгалари гол уришга муваффақ бўлди. Бироқ голгача бўлган ҳолат қайта кўриб чиқилгач, эҳтимолий жарима зарбаси бор экани қайд этилди. Меҳмонларнинг 14-рақамли футболчиси А. Тошқўзиевга қарши ўйин қоидаси бузилди, деб топилди ва бош ҳакам Абдурашид Худойберганов голни бекор қилди.  
Эксперт-ҳакамлар комиссияси қарори: Ушбу вазиятда меҳмонлар футболчиси қоидаларга зид равишда тўхтатиб қолинган ва айнан шу вазиятдан сўнг майдон эгалари қарши ҳужумдан гол уриб кетган. Мазкур ҳолда меҳмон жамоа фойдасига жарима зарбаси берилиб, гол бекор қилиниши керак: ҳакамнинг қарори тўғри бўлган.

https://youtu.be/t6YFtyaJtiA?list=PL4tHyf5I--njJpSK1Lo3Lv9o7ZzSQVDdZ

 

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
&
Bolelshik
10/05/2024 06:58
Shavkat Nasibullaev 2-penaltini belgilashda muxlislar noroziligidan qo'rqdi