Ҳасан Рўзиев: Навоийда "Навбаҳор"нинг мухлисларини ва "Насаф"нинг академиясини кўришни хоҳлайман (2-қисм)

Кеча Ҳасан Рўзиев билан суҳбатнинг биринчи қисмини эътиборингизга ҳавола қилгандик, энди эса мазкур суҳбатнинг иккинчи қисмига ҳам етиб келдик. Ҳакамлик фаолиятини якунлаганидан кейин унинг ҳаётида янги босқич бошланди, десак муболаға қилмаган бўламиз. Боиси, у эндиликда ўзини клубларда раҳбарларлик лавозимларида синаб кўрмоқда. Шу боисдан суҳбатимизнинг иккинчи қисмида бир қатор қизиқарли саволларга жавоб олдик.

- Ҳакамлар кўпинча фаолиятини якунлашганидан кейин яна шу соҳада қолиб, назоратчи, комиссар ёки шунга яқинроқ соҳада ишлаётганига гувоҳ бўламиз. Аммо сиздаги вазият бошқача бўлди. Яъни, кутилмаганда ҳакамликни тугатиб, “Сурхон” клубида иш бошладингиз. Ҳаммаси қандай юз берганди?

- Ҳамма нарсанинг бошланиши билан якуни ҳам бўлади. Ҳакам эса ёши ўтгани сари майдонда югуришга қийналади. Футбол эса тезлашиб боряпти. Демак, биз тезкор футболга улгуришимиз керак. Яъни, талабга жавоб берадиган бўлишимиз лозим. Бунинг учун эса шунга яраша тайёргарлик кўриш керак. Агар жисмоний томондан талаб даражасида бўла олмасангиз, ўйинда хатолар келиб чиқади. Мана шундай хатолар келиб чиқмаслиги учун ҳакамлик фаолиятимни тугатишга қарор қилдим. Тўғриси, ҳакамликдан сўнг бир йилча ҳордиқ чиқариб, кейин режа тузмоқчи эдим. Аммо менга Илҳом Мўминжонов таклиф билан чиқди. У айтдики, “Сурхон”да ишлаётгандим, аммо у ердан кетганман. Клуб вице-президенти Азамат ака сизга қизиқяпти, ҳакамликни тугатган бўлсангиз, сизга иш таклиф қиляпти, дея менга янги ишни тавсия қилди. Илҳомга эса бу таклиф ҳақида ўйлаб кўраман дедим. Мўминжонов эса дисквалификация тугаса, яна “Сурхон”да ишлашини айтди. Шундай қилиб, “Сурхон” раҳбарияти билан учрашдим. Менга клуб бош директори лавозимини таклиф қилди. Бу борада яқинларим билан маслаҳатлашдим. Ўз навбатида Равшан Эрматов билан ҳам маслаҳатлашдик. Чемпионатимизга VAR кириб келаётгани боис мени шу тизимда ишланг, деб айтди. Лекин ўзимни бошқа жойда синаб кўргим келди. Ҳакамликдан четроққа чиқишни истадим. Боиси, ҳакамликдан бироз чарчагандим. Натижада “Сурхон”да ишлашга розилик бердим ва янги футболчиларни йиғишни бошладим.

- Бироқ сизнинг “Сурхон”даги фаолиятингиз жуда қисқа бўлди ва орадан кўп ўтмай сиз “Қизилқум”да пайдо бўлдингиз. Аслида нима бўлганди?

- Менга Навоий вилояти ҳокимлигидан алоқага чиқишди. Мақсад вилоят футболини кўтариш эди. Ўзингиз ҳам биласиз, анчадан бери “Қизилқум” жамоаси пастки ўринларда қолиб кетаётганди. Академия қуриш, база яратиш, клуб инфратузилмасини янгилаш, умуман кенг кўламли ишларни бажариш ва профессионал иш тизимига ўтиш керак. Навоий футболини янги босқичга олиб чиқиш учун менга таклиф билан чиқишди. Шундан сўнг “Сурхон” вице-президенти Азамат акага вазиятни тушунтириб, “Қизилқум”дан таклиф бўлаётганини, уларнинг режалари катталигини ва уларга ёрдам бермоқчи эканимни айтдим. Майли, қаршилигимиз йўқ, аммо қачон бўлса ҳам яна бемалол “Сурхон”га қайтиб ишлашингиз мумкин, сиз учун ҳамиша эшигимиз очиқ, деди ва улар билан дўстона равишда хайрлашдик. Навоийга бориб вилоят ҳокими билан кўришдим, ҳамма ишни гаплашиб олдик. Вазият шундай бўлиб қолдики, “Сурхон”га қарши учрашувдан бир кун олдин “Қизилқум” клуби президенти сифатида иш бошладим. Тақвим ҳам шунга тўғри келиб қолди. Биз эса “Сурхон”га 1:2 ҳисобида ютқаздик. Лекин ўйиндан кейин футболчиларни руҳлантирдик. Навбатдаги ўйинимиз Муборакда “Машъал”га қарши ўтарди. Шунинг учун йигитларимизга ютишимиз кераклигини тушунтирдик. У ерга яхши тайёргарлик билан бордик, яхши ўйнадик. Дуранг ўйнаган бўлсак ҳам меҳмондан бир очко билан қайтдик.

рузиев8

- Ҳакамлик пайтингизда “Қизилқум” иштирокидаги ўйинни бошқариб, шундан кейин маълум муддатга дисквалификацияга учрагандингиз. Ўшанда клуб бош мураббийи Ҳамиджон Актамов ҳам эътирозларини билдирганди. Буни қарангки, Навоийда ушбу мураббий билан бирга иш бошладингиз. Лекин кўп ўтмасдан у клубдан кетди. Айтмоқчиманки, Актамовнинг кетиши сизнинг “Қизилқум”даги фаолиятингизга таъсир кўрсатмайдими?

- Актамовнинг кетиши мен билан боғлиқ эмас. Мени вилоят ҳокими таклиф қилган. Зиммамга жамоани буткул ривожлантириш вазифаси юклатилган. Лекин ҳамма жойда мураббийдан натижа талаб қилинади. Натижа бўлмаганидан кейин мураббий мард бўлса, жамоага янги қон қуйиш керак, ўзгариш қилиш лозим, деган фикр унда бўлиши лозим. Ҳамма жойда ҳам исталган мураббий биринчи навбатда натижага жавоб беради. Ишлар яхши эмасми, унда қайсидир йўналиш нотўғри кетаётган бўлади. Четдан қараб турган инсонга эса камчиликлар кўринади. Унинг ичидаги инсон эса қайси йўналиш нотўғри кетаётганини сезмай қолади. Кўраётган бўлсангиз, клубларда ҳам мураббийлар ёшартириляпти. Аҳамият бераётган бўлсангиз, ёши катта мураббийлар кутилган натижани беришмаяпти. Чунки футбол ўзгариб, ёшариб боряпти. Демак, унга бошқача ёндашиш керак. Ҳамиджон Актамовни ҳурмат қиламан. 2013 йилдан бери қаттиқ ҳаракат қилди. Жамоа учун кўп ишларни қилди. Лекин ҳамма нарса унинг бир ўзига қолиб кетди. Унинг ёнига кимдир келиб ёрдамлашмади.

- Энди мухлисларни бир савол қизиқтиряпти: бундан буён “Қизилқум”ни ким бошқаради? Бу борада Виктор Кумиков, Александр Хомяков ва бошқаларнинг номзодларини эшитиб турибмиз. Ўйлашимча, ҳозирги вазиятда бу саволга сиз аниқроқ жавоб бера оласиз.

- Бу савол бўйича аниқ жавоб бера олмайман. Нега? Бунинг сабаби бор. Биз бир қатор мураббийлар билан гаплашиб кўрганмиз. Ҳозирда музокаралар жараёни давом этяпти. Бош мураббийни аниқлаштириб олиш борасида НКМК заводи раҳбари ҳамда вилоят раҳбарининг ҳам маслаҳатларини олишим лозим. Доим маслаҳат билан қилган ишни яхши кўраман. Бизга шунақанги мураббий керакки, нафақат “Қизилқум” жамоаси, балки ўринбосарлар, U-18, футбол мактабларини назорат қиладиган мутахассисни хоҳлайман. Биз улардан нимани кутаётганимизни тушунтириб бера олишлари даркор. Мен “Қизилқум”да “Навбаҳор”нинг мухлислари ва “Насаф”нинг академияси бўлишини хоҳлайман. Навоийда шуни шакллантиришни истайман. Мендаги вазифа фақат шу. Худо хоҳласа, албатта ўша мақсадимга эришаман.

- Ҳасан ака, мураббий масаласига янада ойдинлик киритмоқчиман. Клубни бошқарадиган мутахассис ўзимиздан бўладими ёки хорижданми?

- Музокара ўтказаётганларимиз орасида хорижлик ҳам, ўзимиздан ҳам номзодлар бор. Масалан, Александр Хомяковнинг тажрибаси катта. У “Машъал”да кенг кўламдаги ишларни бажарди. “Андижон”да ҳам қандай ишлаганини кўрдик. Қийин вазиятда қандай жамоа туза олганини кўрсатди. Гапнинг очиғи, “Қизилқум”да Хомяков ишлашини хоҳлардим. Шу инсонда истакларимизни амалга ошириш хусусиятини кўряпман. Карантинни тугатиб, машғулотларга рухсат берилганидан сўнг ҳаммаси ойдинлашади.

рузиев7

- Демак, “Қизилқум”ни Хомяков бошқариши аниқроқми?

- Бундай дея олмайман. Чунки бу ҳозирча менинг хоҳишим. Вилоят ҳокими ҳам, завод раҳбари ҳам авваламбор натижани мендан сўрашади. Мен эса мураббийдан сўрайман. Шунинг учун раҳбариятнинг олдида мени уялтирмайдиган, натижа кўрсатадиган, вақт ўтиб етакчилар билан кураша оладиган жамоани шакллантиришини истайман. Ўз ўрнида вилоят ҳокимига ҳамда завод раҳбарига миннатдорчилик билдираман. Улар футбол учун барча шароит ва имкониятларни яратиб беришмоқда. Шунга яраша юқорида айтиб ўтганимдек, “Навбаҳор”даги мухлислар ва “Насаф”даги академия Навоийда ҳам бўлишига аминман.

- Ҳозирги карантин даврида футболчиларнинг уйда қандай шуғулланаётгани ҳам муҳим бўлса керак. Қолаверса, энди чемпионатимиз қачон давом эттирилиши ҳам ҳали номаълум. Бу эса сизни ташвишга солмайдими?

- Авваламбор шуни айтишим керакки, бу вирус ҳаммага бир хил келди. Бундай пайтда эса биз сабрли бўлишимиз, футбол эса иккинчи даражага тушиши керак. Биздан талаб қилинаётган нарса бу уйда қолиш. Беҳудага кўчага чиқмаслигимиз лозим. Агар ҳаммамиз бирлашиб, уйда қолиб, ўзимизни назорат қилсак, вирусни тезроқ енгамиз. Бунинг учун дуо қилиб, Худодан сўраяпмиз. Агар кўчага чиқмасак вирус юқиши камаяди ва касаллик ҳам йўқолади. Кейин эса футболга қайтамиз. Агар бунинг акси бўлса касаллик ҳам чўзилаверади. Шунинг учун ҳаммаси ўз қўлимизда. Президентимиз ҳам бу борада уйда қолишга чақиряптими, демак айтганларини қилишимиз керак. Шунингдек, футболчиларнинг ҳар бири профессионал бўлиши лозим. Ҳар бири уйида шуғулланиш учун шароит яратиб олиши лозим. Қолаверса, парҳезга ҳам амал қилиш керак. Уйда ўтирганда эса кўпроқ таом истеъмол қилиб қўйилади. Натижада футболчининг вазни ортиши мумкин. Мана шундай жиҳатларга ҳам албатта эътибор қаратиш муҳим.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
Sayfiyev Eldor
09/04/2020 01:26
Nasaf akademyasiga soqqa bilan kevuring trasfer bor nasaf uzbekistonga futbolchi yetishtiradi
U qayerda o'ynasaxam uzbek futbol rivoji uchun uzbeklar uchun
&
ахмад49
08/04/2020 10:16
Тачимурод Агамурадовни чакириш керак эди.
&
ахмад49
08/04/2020 10:16
Тачимурод Агамурадовни чакириш керак эди.
&
ахмад49
08/04/2020 10:16
Тачимурод Агамурадовни чакириш керак эди.
SHAXBOZ Bekmurodov
08/04/2020 09:24
Jamoying kuchli bo‘lsa muhlis kelaveradi. Jamoga kuchli o‘yinchilar olib kelinsa tabiyki jamo kuchli o‘yin kursatadi bu ishni bir yildayoq amalga oshirsa bo‘ladi, demak bir yilda Navbahor muhlislari naxt. Lekin!
NASAF dek akademiyani yaratish uchun yillar davomida murabbiy yoki klub prizdenti emas butun jamo, muhlislardan tortib viloyat rahbarigacha bir oila bo‘lib vijdonan jon kuydirib ishlash kerak, shuncha pul Bilanam paytaxtning soxtakorlari ham NASAFdan o‘yinchi olib o‘yinini kuchaytirayabti bundan kiyinam shunday bo‘ladi bekorga ularni qruqlar orsizlar diyishmaydida.Navoiylik larga nima bo‘gandayam omad oldiga ezgu maxsadlar qo‘yibti bu yo‘lda xormay tolmay o‘zbek futboliga yana bitta mardanovor jamoni kashf etishsin.