Обид Жўрабоев: Ютқазсак, Канчельскис футболчиларни айблайдиган бўлиб қолди

Яқинда “Навбаҳор”ни ҳимоячи Обид Жўрабоев тарк этгани ҳақида хабар бергандик. Энди у фаолиятини бошқа клубда давом эттиради. Биз эса ушбу ўйинчи билан боғланиб, нима учун “Навбаҳор”дан кетганининг сабабини билишга қизиқдик. Ўзаро суҳбат жараёнида аслида нималар бўлганини очиқ-ойдин айтди.

-  “Навбаҳор”дан кетишингиз сабаби нима билан боғлиқ?

-  “Насаф” билан 2:2 ҳисобида дуранг ўйнаганимиздан кейин бош мураббийнинг менга бўлган муносабати ўзгариб қолди. Шундан кейин мени захирага ўтқазиб қўйишни бошлади. “Бунёдкор”га қарши ўйиннинг охирги дақиқаларида эса захирадан майдонга туширди. Учрашувдан кейин эса негадир мени айблади. Матбуот анжуманида айрим ўйинчиларни бошқа ўйнатмайман, деб гапирди. Ундан кейин яна бир интервью бериб менинг исмимни айтиб, уни ўринбосарлар жамоасига ўтказиб юбордим, деган. “Бунёдкор” билан учрашувдан сўнг йиғилганимизда ёрдамчи мураббийлар менга ўринбосарлар билан шуғулланар экансан, дейишди. Канчельскиснинг олдига кириб, бунинг сабабини сўраганимда, мен шундай қарор қилдим, сен ўринбосарлар жамоаси билан шуғулланиб турасан, деди. Шу тариқа, маълум вақт у ерда машғулотларда қатнашиб турдим ва “Қизилқум”га қарши ўринбосарлар баҳсида ўйнадим. Шундан кейин яна бир бор бош мураббийнинг олдига узр сўраб кирмоқчи бўлдим. Агар хато қилган бўлсам, кечирим сўрамоқчи бўлиб тургандим. Аммо у мени қабул қилмади. Ҳайронман, ютқазсак, нима учун биргина мени айблайди? Майдонда 11 нафар футболчи ўйнайди. Қизиғи, мағлубиятга учрасак, футболчиларни айблайдиган бўлиб қолди. “Навбаҳор”дан кетишдан аввал Канчельскиснинг олдига кирдим. Хафа қилган бўлсам узр, аммо ростини айтинг, жамоага керак бўлмасам, кетишимга рухсат беринг, ўринбосарлар таркибида юргани ёш бола эмасман, дедим. “Навбаҳор”да ҳеч қандай кўтарма пулисиз ойлик маош билан мукофот пулига ўйнаб юрибман,  уйимга яқинроқ бўлиш учун шу ерда юрганимни унга тушунтирдим. Шундан сўнг “Навбаҳор”дан кетдим.

-  Сизни клубдаги ўйинларингизни кузатиб келаётгандик. Илгари про-лигада ўйнаб келаётгандингиз. “Навбаҳор”га ўтиб эса, асосий таркиб аъзосига айланганингизни ҳам кўргандик...

-  Ўтган йили ҳам келгандим ва имконият беришларини сўрагандим. Легионер Славко Лукични ҳам олиб келишганди, аммо рақобатда ундан устун келгандим. Бу йил ҳам бошида мени олиб қолиш борасида иккиланишди, назаримда. Мавсум бошида ҳам асосий таркибда ўйнаётгандим. “Пахтакор”, “Локомотив”, “Андижон” каби жамоаларга қарши ўйнадим, ҳаммаси жойида эди. Аммо “Насаф” билан ўйнаганимиздан кейин, унинг фикри ўзгарди, тушунмай қолдим. Илгари менга муносабати яхши эди. Мени ҳадеб ёши катта деб гапиришлари ҳам жонимга текканди. “Бунёдкор” билан ўйиндан кейинги ҳолат эса ҳаммасидан ошиб тушди. Ахир ким қандай ўйнагани майдонда кўринади-ку. Ёшлардан кўп югурсам югураманки, асло кам эмас.

журабоев3

-  Мураббийнинг ишончи бўлмаган жойда ўйнаш қийин-да...

-  Ҳа, бош мураббий сизга ишонмаяптими, у ердан албатта кетиш керак. Мен захирада ўтирадиган ёки ўринбосарлар жамоасида ўйнайдиган ёшда эмасман. Фаолиятимни вақти келиб яхши нотада якунламоқчиман.

-  Сизни “Динамо” клубида шуғулланаётганингиз ҳақида эшитдим...

-  “Бунёдкор” билан учрашувдан кейин мен ҳақимдаги гап-сўзлар тарқаб кетганди. Сергей Лушчан “Динамо”ни қабул қилиб олганидан кейин менга қўнғироқ қилиб, жамоага ёрдам беришимни ва келаси йили Суперлигада сен учун жамоа тайёр, яна шу ерда ўйнайсан, деб ишонч билдирди. “Навбаҳор”дан яхшироқ шароит қилиб бераман, деди.

-  Шартнома туздингизми?

-  Ҳозирча йўқ. Тез орада шартнома тузамиз. Лушчан биринчи бўлиб менга таклиф билан чиққани учун унга сўз бергандим, шунинг учун бошқа таклифларга жиддий қарамадим. Лушчан билан “Бунёдкор”да ҳам бирга ишлаганман. Уни  профессионал мутахассис сифатида ҳам, одамгарчилик томонидан ҳам ҳурмат қиламан. “Динамо”ни Суперлигага олиб чиқиш йўлида ёрдам бераман.

журабоев2

-  Суперлигада ўйнаётган футболчининг про-лигада тўп суриши бу орқага ташланган қадам эмасми?

-  Йўқ, нимага орқага ташланган қадам бўлади? Футболни ўйнасам яна икки-уч йил ўйнарман. Агар ёшроқ бўлганимда бу бошқа гап эди. “Динамо” про-лигада бўлса-да, клуб худди Суперлига даражасида. Элитанинг ҳар қандай жамоасига тенг кела олади. Бу ҳар йили про-лигада иштирок этаётган жамоа эмас. Фақат ўтган йили Суперлигада ишлари юришмасдан, бу йил про-лига қатнашяпти. Аммо мақсад яна кучлилар сафига қайтиш. Насиб қилса, мақсадимизга эришсак яна Суперлигада ўйнаш имкониятига эга бўламиз.

-  “Динамо”нинг Суперлигага чиқиш имконияти қандай? Янги жамоа сизда қандай таассурот қолдиряпти?

-  Молиявий томондан клубнинг имконияти яхши. Бу борада “Навбаҳор”никидан яхши бўлса яхшики, аммо ёмон эмас. Жамоа эса мени зўр кутиб олди. У ерда раҳбарият ва мураббийлар алмашган. Янги ҳомий бириктирилган. Таркибдаги футболчиларни танийман, бир кундаёқ жамоадагилар билан чиқишиб кетдим. Худо хоҳласа, олдимизга қўйилган вазифани бажарамиз.

журабоев5

-  “Навбаҳор” ушбу мавсумда Канчельскис билан нимага эриша олади, деб ўйлайсиз?

-  Собиқ жамоам учун доим яхши тилакларни билдираман. Олдига қўйилган мақсадига эришишини истайман. “Навбаҳор”да қайси мураббий ишлашидан қатъий назар барибир у раҳбарият томонидан қўйилган вазифани бажаришга интилади. Ўйлайманки, Андрей Канчельскис ҳам шундай ҳолатда. Ҳозирча клубнинг натижалар чакки эмас. Агар шу кетишда бўлса, “Навбаҳор” албатта олдига қўйилган мақсадига эришади.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
Рашид Хожаханов
08/08/2020 11:17
Тугрисини айтиш керак. Бунёдкорга карши уйинда жуда ёмон уйнади. Айнан унинг хатоси маглубиятга сабаб булди. Канчелискис тугри карор чикарган.
НАЙДЁТСЯ ВСЁ!
07/08/2020 23:53
Агар шу фикримни Обит Джорабоев укиб колса,шу футболчи хакидаги мани фикрим:навбахор мулисиман,Обид Джорабоев зо'р футболчи.рахбарият Нима тариф берсаям.бу футболчини жон куйдуриб уйнашини доим кузатганман.каерда уйнасаям фойда келтиради зарармас.омад тилайман келгуси фаолиятларига
&
Shaymardonov Nurbek Nasimovich
07/08/2020 23:25
Nasafka qarshi lekin yahshi uynovdiki qancha hujimlarga turib beruvdi. bulmasa Nasaf yoshlariga va Nasafka qarshi uynash qiyin. Maydonga borini berib uynardiki. Nasafka qarshi uynagan uyinni qilsa Navbahor Uzbekistonni hohlagan kamandasini soladi. Tugri himoyaga uynovdi lekin usha himoyaga ham jidap berish qiyinku. Ayniqsa Nasafka qarshi. Bunyotkor bilan uyinga qandayder hamma uyinchila ogir harakat qiluvdi. Balkim poliya yana bilmadim. Pahtakor bilan uyinga ham. shu bola yahshi uynovdi hujimlarga ham yahshi qushiluvdi. bulmasa Navbahor 1 kishi kam bulib qolib ham yahshi uynovdi. balkim 1 kishi kam bulmaganda Solardi ham.