Шомуродовнинг гол урмай қўйгани ҳақида: бунинг қўрқинчлик жойи йўқ - Карпин!

Шомуродовга нима бўлди? Нега у гол урмай қўйди? Бу охирги пайтларда мухлислар томонидан энг кўп берилаётган саволлар қаторида бўлиб қолди. Россияда ҳам шу каби кўринишдаги саволлар тез-тез янграмоқда. Буларнинг барчаси Элдорнинг ўйини билан боғлиқ.

Гапнинг очиғи, ўзбекистонлик ишқибозлар ҳам ҳужумчимизнинг гол урмай қўйганига ростовликлардан кам бўлмаган ҳолда қайғурмоқдалар, бу аниқ. Тўғри, футболчимиз ҳали ҳам клубининг асосий фигураларидан бири. Лекин у якунига етган мавсумнинг биринчи қисмида ўзининг ажойиб ўйини ва голлари билан барчамизни шунга ўргатиб қўйганди. Бироқ пандемиядан сўнг “Ростов” билан бирга Шомуродовнинг ўйинида ҳам бироз пасайиш кўзга ташланди, буни ҳам тан олиш керак.

У охирги марта қачон гол ургани ёдингиздами? Адашмасак, февраль ойида “Ахмат”га қарши 1:1 ҳисоби қайд этилган баҳсда рақиб дарвозасини ишғол қилганди. Мана, орадан шунча вақт ўтибди ҳамки, Шомуродов гол уришни унутиб қўйгандек. Аммо аксарият мутахассислар ҳамон легионеримиз ҳақида илиқ фикрларни айтишяпти.

Россияда эса дарҳол янги мавсум бошланиб кетганидан хабарингиз бор. Ҳужумчимизнинг омадсизлиги эса якунига етган чемпионатда қолиб кетди, деб умид қилмоқдамиз. “Ростов” эса дастлабки турда сафарда “Тамбов”ни ягона гол эвазига мағлуб этганини ҳам яхши биласиз. Аммо Шомуродовга яна гол уриш насиб қилмади. Ўша учрашувдан сўнг “Ростов” бош мураббийи Валерий Карпин қисқача интервью берди. Журналистлар эса Элдор Шомуродовнинг гол урмай қўйганига ҳам тўхталишган. 

-  Биринчи бўлимда тезроқ ўйнагандек кўриндинглар, шундайми?

-  Эҳтимол, ҳа, рақиб иккинчи бўлимда тезроқ ўйнашимизга имкон берди. Шу сабабли “Тамбов” майдоннинг бизга тегишли қисмида босим ўтказишни бошлади. Биринчи ўйин. Жамоа ҳали ўйин ритмига кирмаган.

-  Кенто Хашимото фақат охирида пайдо бўлди, у формасини ҳамон тиклаб олмаганми ёки бу сизнинг рақобатга боғлиқ қарорингизми?

-  Униси ҳам, буниси ҳам. У яқинда учиб келди ва ҳали ҳам яхши ухлолмаяпти. Кенто 20 июлдан бошлаб, Японияда ҳужжатларини кутаётиб 10 кунни ўтказиб юборди. Секин-аста формасини тиклаб бориши керак, энди бизда майдон марказида рақобат мавжуд.

-   Шомуродов яна гол урмаяпти, «қурғоқчилик» - ҳужумчи учун катта муаммоми?

-  Йўқ. Унинг ўйинида катта муаммо кўрмаяпман. Агар у ҳар доим шундай ўйнаса ва баъзи ўйинларда гол ура олмаса, бунинг қўрқинчлик жойи йўқ, голлар албатта келади.

-  Ўйиндан қониқдингизми?

-  Натижадан қониқдим.

-  Ўтган мавсум “Ростов” “Тамбов”га икки марта ютқазиб қўйди. Тамбовликларнинг ўйинлари ўзгарибдими?

-  Баъзи жиҳатлар ўзгарган бўлиши мумкин, аммо умуман олганда, ҳаммаси олдингидек.

-  Европа Лигасидаги иштирокингиз муносабати билан таркибни кучайтиришни режалаштиряпсизми ва агар шундай бўлса, қайси позицияларни?

-  Таркибни кучайтириб бўлдик: Кенто Хашимото, Давид Тошевски. Бу жараён давом этмоқда. Яна жамоамиз сафига кўплаб ёшлар қўшилди ва эҳтимол яна қўшилар.

Карпин ҳамон футболчимизга ишонч билдираётганини унинг сўзларидан пайқаш қийин эмас. Бу билан у шогирдини руҳлантираётгани ҳам бор гап. Шунга қарамай, Карпин ҳужумдаги рақобатни ҳозиргисидан-да кучайтиришни кўзлаган шекилли, македониялик 19 ёшли Давид Тошевскини олиб келди. Бу эса ўзбекистонлик футболчи учун янги рақобатчи деганидир. Агар ҳужумчимиз голсиз сериясини давом эттираверса, Карпин уни қачонгача асосий таркибда туширарди? Вақти келиб уни захирага олиб, ўрнига бошқасини қўйиши ҳам эҳтимолдан ҳоли эмас-ку.

Қолаверса, Шомуродовга четдан бир қатор таклифлар борлигини ҳам биламиз. Бироқ гол уравермаса, унинг нархи пастлаши ҳам табиий ҳол. Ҳужумчига голлари билан баҳо берилиши бежиз эмас. Ахир ўтган мавсумда ҳужумчимиз кетма-кет голлар уриб, тўпурарлар пойгасида етакчилик қилган пайтда унга нисбатан қандай мақтовлар айтилгани ёдингиздан чиқмагандир-а? Уни кўплаб мамлакатларда скаутлар жиддий кузатувга ҳам олишганди. Ҳаммаси унинг голлари билан боғлиқ эди. Лекин гол урмай қўйгач, унга бўлган эътибор ва муносабат ҳам ўзгариб қолиши ҳеч гап эмас. Кўряпсизми, ҳужумчи учун голлар қанчалик аҳамиятли эканлигини?!

Россиялик ва ўзимизнинг мутахассислар билан гаплашганимизда Элдорнинг “Ростов”дан кетиш вақти келганлиги ҳақида ҳам гапиришди. Аммо ҳозирча у жамоаси билан бирга. Боиси, Шомуродов “Ростов”га ҳали керакка ўхшайди. Балки бошқа клублар билан олиб борилаётган музокаралар бўйича якуний тўхтамга келинмагандир. Ҳар қандай ҳолатда ҳам биз Элдорнинг яна голлари билан жамоасига фойда келтиришини истаймиз, бу эса унинг қўлидан келади. Ҳаммаси фақат унинг ўзига боғлиқ. Бошланган янги мавсум эса унинг “Ростов”даги охирги фаолияти бўлиб қоладими ёки йўқми, буни албатта вақт кўрсатади. Аммо биз ҳужумчимизга ишонишда давом этамиз.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!