"Шу кунларда шартномага қўл қўйилади, "Турон"нинг Юранга қизиқишини биринчи маротаба эшитиб турибман" - Бахтиёр Ашурматовнинг режаси қандай?

Про лигада оғир ўтган мавсумда 3-ўринни эгаллаб, плей-офф орқали Суперлигага қайта олган Яйпаннинг “Турон” жамоаси ҳам 2023 йилги футбол мавсуми учун тайёргарлик режаларини ишлаб чиқмоқда.

Водийнинг мазкур клуби элитага қайтгач, олдинги хатоларидан қанчалик хулоса чиқара олгани муҳим. Зеро, маҳаллий мухлислар яна аввалги хато ва камчиликлар такрорланишини мутлақо исташмайди. Клуб вице-президенти бўлиб ишлаётган Александр Азимов билан янги мавсум режалари ҳақида гаплашиш учун боғланишга уриниб кўрдик. Лекин у негадир ўзини олиб қочди.

Майли, ундан кўра, жамоани Суперлигага олиб чиқишга муваффақ бўлган мураббий Бахтиёр Ашурматовнинг фикрлари биз учун муҳимроқ. Аксига олиб, Бахтиёр Аъзамовичнинг клуб билан келишуви чемпионат охиригача мўлжалланганди. Қизиқ, “Турон” хўжайинлари мураббий билан ҳамкорликни яна давом эттирадиларми ёки бошқа режалари борми?

Узун-қулоқ гапларга қараганда, “Турон” россиялик мутахассис Сергей Юран вариантига ҳам қизиқаётган экан. Аммо бу қанчалик ростлигини билмаймиз. Билганимиз шуки, мураббийнинг ўзи Ўзбекистондан таклифлар борлиги ҳақида айтганди. Ашурматов эса Юран масаласи ва клубдаги тақдири хусусида шундай деди:

ашурматов14

“Ассалому алайкум. “Турон” жамоасининг Юранга қизиқишини биринчи маротаба эшитиб турибман. Бу нотўғри хабар.

Кейинги йил ҳам “Турон”да ишлашим бўйича жамоа раҳбарлари билан келишиб олдик. Худо хоҳласа, шу кунларда шартномага қўл қўйилади”, - дея фикр билдирди, Бахтиёр Аъзамович.

Кўриб турганингиздек, янги мавсумда ҳам Ашурматов “Турон”даги фаолиятини давом эттиради. Ахир у натижа кўрсатди ва қийин аҳволда қолган клубни яна Суперлигага қайтаришга муваффақ бўлди. Шундай экан, клуб хўжайинлари мураббийга элитада ҳам ишонч билдиришмоқда. Ашурматов мавсумлар оралиғидаги тайёргарлик режалари билан ҳам ўртоқлашди.

“Жамоамиз раҳбарларига мавсум бошланишига кадар бўлган тайёргарлик режасини тақдим қилдим. Йиғинлар Яйпан ва имкон қилсак, Туркияда бўлиб ўтади. Агар Туркия йиғини бўлмаса Яйпан ва Тошкентда мавсумга тайёргарлик олиб борамиз. Лекин икки ҳафтага Туркия йиғинини ташкиллаштирсак жамоамиз учун ҳар томонлама фойдали бўлган бўларди. Биринчи йиғинимиз эса 19 декабрдан 29 декабргача Яйпанда бўлиб ўтади”.

ашурматов13

“Турон” ишқибозларини таркибдаги ўзгаришлар ҳам қизиқтирмасдан қолмайди. Суперлигада муносиб иштирок этиш учун таркиб шунга яраша кучайтирилиши аниқ. Янги мавсум учун янги футболчилар таклиф қилинади ва янги легионерлар ҳам бўлиши табиий. Жорий йилда “Турон” сафида тўп сурган хорижлик ўйинчилар жамоани тарк этган.

“2022 йилги мавсумда “Турон”да ўйнаган ҳамма легионерлар билан дўстона хайрлашилди. Сергей Морозов, Сиявуш Ҳабибуллаев ва Шариф Раҳматов жамоани тарк этишди”, - деди Ашурматов.

Шундай экан, клуб селекцияга ҳам жиддий эътибор қаратган. Йиғинлар чоғида таркибда янги номлар пайдо бўлаверади. Воқеалар ривожини кузатишда давом этамиз.

Шуҳратбек Жўраев.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!