Ришарлисон супер гол урган ўйинда Бразилия Сербия устидан ғалаба қозонди
Қатарда бўлиб ўтаётган футбол бўйича жаҳон чемпионати 1-тури доирасидаги сўнгги баҳсда Бразилия Сербияга қарши майдонга тушди. Қизиқарли ва турнинг, эҳтимол мусобақанинг энг чиройли голи киритилган баҳсда "пентакампеонлар" ишончли ҳисобда ғалаба қозонди - 2:0.
Учрашувнинг дастлабки дақиқаларидан кескин ҳужумлар остида бошланди. Ҳар икки жамоа ҳам тўпни кўпроқ назорат қилишга уруниб, рақиб дарвозаси олдидан бир қанча хавфли вазиятлар ҳосил қилди. Бироқ учрашувнинг илк бўлимида мухлислар гол кўришмади.
Иккинчи тайм бироз жанубий америкаликлар устунлиги остида бошланди ва буни 63-дақиқага келиб таблодаги натижа эвазига ҳам исботлаб қўйди. Винисиус чап қанотдан дарвоза томон зарба йўллади, бироқ серблар посбони тўпни қайтариб юборди ва қайтган тўп Ришарлисонга келиб тушди. "Тоттенхэм" ҳужумчиси эса очиқ қолган дарвозага зарба йўллаган ҳолда ўйиндаги ҳисобни очди - 1:0.
Орадан бироз вақт ўтиб, аниқроғи 74-дақиқада Ришарлисон яна катта саҳнага чиқди. У Винисиуснинг ажойиб узатмасидан кейин тўпни ўзига ажойиб тарзда тўғрилаб олди ва чалқанча усулда Сербия дарвозасига супер гол киритди - 2:0
Учрашувнинг қолган дақиқалари ҳам кескин курашлар остида ўтди, аммо ҳар икки жамоа ҳам бошқа гол уришни уддалай олмади. Шу тариқа, Бразилия биринчи турдан кейин 3 очко тўплаган ҳолда ўз гуруҳида етакчига айланиб олди.
Comments