Ҳурматли Шавкат Миромонович!

Индонезиянинг Жакарта ва Палембанг шаҳарларида Осиё ўйинлари ниҳоясига етиб бормоқда. Ушбу мусобақа Ўзбекистон спорти учун ҳар томонлама муваффақиятли ўтди. Биз барча жабҳаларда рекордларни янгиладик. Медаллар сони бўйича ҳам, сифати бўйича ҳам ўзбек спорти тарихидаги энг яхши Осиё ўйинлари бўлди. Қолаверса, мусобақа давомида Сизнинг фарзандларингиз Осиё ўйинлари рекордларини ҳам янгилашди. Светлана Радзивил баландликка сакраш бўйича уч карра Осиё ўйинлари ғолибига айланиш билан бир қаторда, 2010 йилда ўзи ўрнатган рекордни янгилай олди. Шунингдек, Руслан Нурутдинов оғир атлетика бўйича Осиё ўйинларининг янги рекордчисига айланди. Қолаверса, Вадим Меньков байдарка ва каноэда эшкак эшиш бўйича тўрт карра Осиё ўйинлари ғолибига айланди. Бу борада Вадим ўзбекистонлик спортчилар ичида ушбу натижага эришган биринчи спортчи бўлди.

Жакарта ва Палембанг шаҳарларида фарзандларингиз шарафига 21 маротаба Она ватанимиз мадҳияси янграб, байроғимиз сарбаланд кўтарилди. Осиё ўйинлари давомида 21 та олтин, 24 та кумуш ва 25 та бронза медалларини қўлга киритиб, умумий ҳисобда 70 та медалга эга чиқдик ва Осиё ўйинлари тарихида ўзбек спорти учун янги саҳифа очдик.

Ушбу ютуқлар замирида Сизнинг спортчиларга бўлган ғамхўрлигингиз, яратиб берган шароитингиз, биз спорт аҳлига кўрсатган юксак эътиборингиз ётибди. Биз бундан жуда ҳам миннатдормиз. Жакарта ва Палембангда ватан шаъни учун курашга чиққан ҳар бир фарзандингиз қалбида чуқур ифтихор туйғуларини ҳис қилган ҳолда жангга киришди ва якунда Ўзбекистон Осиё ўйинларидаги энг яхши натижасини қайд этди. Шу орқали ўзбек спортчилари Энг улуғ, Энг азиз байрамимиз – Мустақиллигимизнинг 27 йиллик тантаналарига халқимиз ва шаҳсан Сиз учун ажойиб совға тайёрлашди.

m3-1024x840

Куни кеча байрам нутқида спортчи ёшларимиз ва уларнинг ота-оналари, устоз ва мураббийлари томонига йўллаган илиқ ва самимий фикрларингиз спортчиларимизни шу қадар руҳлантирдики, улар мусобақанинг сўнгги кунида матонат ва мардлик намунасини намойиш этиб, бир кунда 6 та олтин, 5 та кумуш ва 2 та бронза медалига эга чиқа олишди ва медалларимиз сонини умумий ҳисобда 70 тага етказишди. Бу натижа орқали биз ўзбек спорти тарихида янги саҳифа очдик.

Фурсатдан фойдаланиб, Осиё ўйинларида иштирок этган барча фарзандларингиз, бутун мамлакатимиз спорт оиласи, Олимпия ҳаракати иштирокчилари номидан Сизга чуқур миннатдорчилик изҳор этишга ижозат бергайсиз.

Бизга кўрсатилган юксак эътибор, яратиб берилган шароитлардан беҳад миннатдормиз. Бу ютуқлар энг аввало Сизники, халқимизники, ҳар бир юртдошимизники! Биз буни жуда ҳам қадрлаймиз ва ҳурмат қиламиз. Насиб қилса Токио 2020 Олимпия ўйинларида ҳам қаддимизни баланд тутишга, миллионлаб юртдошларимизни олтин ва кумуш медаллар билан ҳурсанд қилишга, жонажон диёримизни бутун дунёга янада машҳурроқ қилишга сўз берамиз. Барчаси учун раҳмат Сизга, Шавкат Миромонович!

Ҳурмат билан,
Умид Аҳмаджонов

m1-1024x747

«SPORTS.uz» сайтида чоп этилган материаллардан нусха кўчириш, тарқатиш ва бошқа шаклларда фойдаланиш фақат таҳририят ёзма розилиги билан амалга оширилиши мумкин.

ТАҲРИРИЯТ ҲАҚИДА

Гувоҳнома: №1002. Муассис: «RENDER SYSTEMS» МЧЖ.

Таҳририят манзили: 100047, Тошкент шаҳри, Истиқбол кўчаси, 15-уй.
Электрон манзил: info@sports.uz.
Телефон: +998 71 233-78-98