Ҳамюртларимиз учун деярли якунига етган Осиё ўйинлари Ўзбекистон тарихига алоҳида зарҳал ҳарфлар билан ёзиб қўйиладиган бўлди. 

Хусусан, бунда нафақат Осиё ўйинларидаги иштироки тарихидаги энг кўп ва энг сифатли медалларни қўлга киритилди, балки, кўплаб рекордлар ҳам янгиландики, бундай ютуқлар ғалабалар қадрини янада оширади.

Келинг, Жакартадаги натижаларимиз ҳақида сўз очишдан олдин, делегациямизнинг Осиё ўйинларидаги иштироки тарихига бироз тўхталиб ўтсак. 

Шу кунга қадар Ўзбекистон терма жамоасининг Осиё ўйинлари тархидаги энг яхши иштироки 2002 йилда Жанубий Кореянинг Пусан шаҳрида ўтказилган Осиё олимпиадасига тўғри келганди. Ўшанда ватанимиз шарафини 175 нафар атлет ҳимоя қилган. Мусобақа якунига кўра, терма жамоамиз аъзолари 15та олтин, 12та кумуш ва 24та бронза, умумий ҳисобда 51та медални қўлга киритишганди. Умуман олганда, 14та спорт турида ҳамюртларимиз совриндорлар қаторидан жой олишганди.

Ўша мусобақада делегациямиз ҳисобига энг кўп медаллар олиб келган спорт тури бокс бўлиб, бунда вакилларимиз 5 та олтин, 1 та кумуш ва 3 та бронза медални қўлга киритишганди. Шунингдек, мусобақа якунида делегациямиз норасмий медаллар рейтингида Хитой, Жанубий Корея, Япония ва Қозоғистондан кейин 5-ўринни банд этган эдик. 

2002

Қизиғи, ундан олдинги Бангкокда ўтказилган мусобақаларда 6 та олтин, 22 та кумуш ва 12 та бронза медаллари қўлга киритилган ҳолда, умумжамоа ҳисобида 10-ўринни банд этган бўлсак, 2006 йилда Доҳа мезбонлигида ўтган Осиё ўйинларида 11 та олтин, 14 та кумуш ва 15 та бронза медалини қўлга киритган ҳолда, 7-ўринни банд этган эдик.

1998

Кейинги Гуанжоу мезбонлигида ўтган Осиё ўйинлари эса терма жамоамиз тарихида шу кунга қадар энг кўп медаллар қўлга киритилган мусобақа сифатида ёдда қолганди. 11 та олтин, 22 та кумуш ва 23 та бронза медали, жами 56 та медаль қўлга киритилган ўша мусобақада делегациямиз норасмий рейтингда 8-ўринни банд этган эди. 

2010

2014 йил Жанубий Кореянинг Инчеон шаҳри мезбонлигида ўтган Осиё ўйинлари эса қайсидир маънода делегациямиз тарихидаги энг муваффақиятсиз мусобақалардан бири бўлди дейиш мумкин. Ўшанда вакилларимиз 9 та олтин, 14 та кумуш ва 22 та бронза медали билан кучли ўнликдан тушиб қолишган эди. 

2014

2018 йилги Жакарта ва Палембанг мезбонлигида ўтган мусобақалар эса гувоҳи бўлганингиздек, ҳамюртларимиз учун анча муваффақиятли ўтди: 21 та олтин, 24 та кумуш ва 25 та бронза жами 70 та медаль билан норасмий медаллар рейтингида 5-ўрин. 

2018

Хўш, ушбу муваффақият нимага асосланган? Айнан қайси спорт турлари медалларимиз сонининг ушбу кўринишга етиб келишига хизмат қилди?

Аввало, айтиш лозимки, делегациямиз ҳисобига энг кўп медаллар келтирган спорт турлари кураш ва боксда ҳамюртларимиз аллақачон Осиёда ўз гегемонлигини ўрнатиб улгуришган. 2016 йилги Рио де Жанейро олимпиадасидан кейин бокс бўйича терма жамоамиз таркибида амалга оширилган ротация ўзини тўла оқлади. 

Хусусан, ўша олимпиадада -52 кг вазн тоифасида олтин медални қўлга киритган Шаҳобиддин Зоиров ўрнини Жасурбек Латипов эгаллади ва ўз вазнида Осиё тенгсизлигини исботлади. Умуман айтганда, Шаҳобиддин Зоировнинг ўзи Рио олимпиадасида Жасурбек Латиповнинг ўрнини муносиб эгаллаган эди. Зоировнинг вазни -56 кг га ўзгаргач, Латипов ўз ўрнини яна қайтариб олди. Рио-2016 дан сўнг бир муддат рингда кўринмаган Зоировнинг ўрнини  Осиё ўйинларида Термизда ўтказилган Ўзбекистон чемпионатида унга яхшигина муаммо тўғдира олган Миразиз Мирзаҳалилов эгаллади ва айтиш мумкинки, ушбу ротация ўзини тўла оқлади. Шунингдек, -60 кг вазн тоифасида Рио олимпиадасида қатнашган Хуршид Тожибоев "эстафета таёқчаси"ни Элнур Абдураимовга топшириб кетганди, бироқ Элнур профессионал боксга ўтиб кетгач, "Uzbek Tigers" жангларида тобланган Шунқор Абдурасуловга ишонч билдирилди ва айтиш мумкинки, ишонч оқланди. 

Қолган вазн тоифаларида ҳам худди мана шу тажриба илгари сурилди. Мураббийларнинг спортчиларга уларнинг иштиёқига билдирган ишончлари ўзини тўла оқлади. Айни шу ўринда бокс бўйича терма жамоа мураббийлари Раҳматулло Рўзиохунов, Тўлқин Қиличев ва Марат Қурбоновларни ҳам эътироф этмасликнинг иложи йўқ. Аслида, бокс баҳсларидаги муваффақиятларимизнинг асосий кўп жиҳатдан айнан мана шу мураббийларга боғлиқдир.

photo_94117

Кураш спорт турида эса манзара бироз ўзгача. Яъни сезиб турганингиздек, ўзбек миллий спорт тури бўлган кураш ҳали Осиё миқёсида ҳали бошқа спорт турлари каби кенг ёйилмаган. Хусусан, ушбу баҳсларда иштирок этган полвонларнинг кўпчилиги аслида курашчи эмас. Яъни вакилларимизга қарши гиламга кўтарилган полвонларнинг кўпчилиги аслида, курашга бир мунча яқин спорт турларидан ҳисобланган дзюдо, самбо каби спорт турлари билан шуғулланиб келишади. Аслида, бундай тажриба яккакурашчилар орасида кенг тарқалганлигини ҳам таъкидлаш жоиз. Масалан, аслида -100 кг вазн тоифасида гиламга кўтариладиган Илҳом Жўраев Осиё ўйинларида жиу житсу бўйича ватанимиз шарафини ҳимоя қилди. Ёки кураш бўйича +90 кг вазн тоифасида ҳамюртимиз Нурбек Тўраевга 1/16 фианл босқичида имкониятни бой бериб қўйган ливанлик Жад Фадел ҳам Осиё ўйинларида бир вақтнинг ўзида икки спорт турида дзюдо баҳсларида ҳам иштирок этди. Бу эса курашчиларимизга ҳозирча Осиёда жиддий рақобат тўғдира оладиган терма жамоанинг ҳозирча шаклланмаганидан далолат беради.

2018 2

Яна бир жиҳат, оғир атлетика баҳсларида ҳам Руслан Нуриддинов ўзининг ҳали юқори спорт формасида эканлигини исботлаб қўйди. Рио олимпиадасидан кейин ҳеч бир мусобақада кўриниш бермаган ҳамюртимиз даст кўтаришда 191 кг, силтаб кўтаришда 230 кг тошни ўзига бўйсундириб, жами 421 кглик натижа билан Осиё ўйинлари рекордини янгилашга муваффақ бўлди. Аслида, атлетимиз олимпиададан сўнг берган интервьюларидан бирида бор эътибори айнан Индонезия мезбонлигида ўтказиладиган Осиё ўйинларига қаратилганлиги, унвонлари қаторига айнан ушбу мусобақанинг олтин медали етишмаётганини таъкидлаган эди. Ҳамюртимиз ўтган икки йил давомида ўзини мусобақага ҳар томонлама мукаммал тайёрлади ва натижа ҳам шунга яраша бўлди.

photo_2018-08-26_17-10-02

Умуман олганда, терма жамоамиз Осиё ўйинларида 30 та спорт туридан 232 нафар спортчи билан қатнашди ва 17 та спорт туридан 70 та медаль билан қайтадиган бўлди. Яъни, бу ҳар 3 спортчимиздан бири деярли ҳар 2 спорт турининг бирида делегациямиз ҳисобига медаллар ёздириб қўйганини англатади. 

2018 1

Хулоса қилиб айтганда, Индонезиядаги Осиё ўйинлари спортчиларимизнинг минтақада сезиларли даражада кучайганини англатди. Умид қиламизки, ушбу ривожланиш, 2022 йилда Ханжоу мезбонлигидаги турнирда янада юқори қўлги киритилишига асос бўлади.

Ҳа, айтганча, терма жамоамизнинг Осиё ўйинларидаги иштироки ҳали ўз якунига етганича йўқ. Эртага триатлон бўйича терма жамоамиз микс йўналиши бўйича Осиё ўйинларининг финалб босқичида иштирок этади. Ажаб эмас, ҳамюртларимиз медалларимиз 22-олтин медални қўшиб, қўйишса, а, лаббай, нима дедингиз?

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
Musaeva Feruza
01/09/2018 23:01
худо хоҳласа, 22-олтин медаль бўлади.

«SPORTS.uz» сайтида чоп этилган материаллардан нусха кўчириш, тарқатиш ва бошқа шаклларда фойдаланиш фақат таҳририят ёзма розилиги билан амалга оширилиши мумкин.

ТАҲРИРИЯТ ҲАҚИДА

Гувоҳнома: №1002. Муассис: «RENDER SYSTEMS» МЧЖ.

Таҳририят манзили: 100047, Тошкент шаҳри, Истиқбол кўчаси, 15-уй.
Электрон манзил: info@sports.uz.
Телефон: +998 71 233-78-98