Қадрдоним Эрик,

Мана, сен билан бўлган охирги суҳбатимизга ҳам анча бўлди. Шундан бери сенга бўлган ҳурматимни қоғозга тушириш истаги мени тинч қўймайди...

Машғулотларни қайта ишлаб чиққанимиздан кейин ҳам мен сенинг қайтишингга ишониб яшадим, бироқ ич-ичимдан бунинг эҳтимолдан йироқ эканлигини ҳам ҳис қилардим.

Моттрам (Манчестердан 30 дақиқали йўлдаги жой)да кўришганимизда сенинг кўзларингга қараб туриб, “Манчестер Юнайтед”дан кетишим керак, деган маънони ўқидим. Мен ҳали ҳам ишлардан сал чалғиб, дам олиш кунларида отанг билан бундай муҳим қарор хусусида бафуржа гаплашиб  кўришинг тарафдори эдим.

Сенга бир маслаҳат беришни ва буни доимо ёдда тутишингни истардим: ҳар доим ўзингнинг ҳозирги ҳолатингни сақлаб қол  ва фаол ҳаёт тарзини олиб боришга интил.

Ҳалигача эслайман, 32 ёшимда футболчилик фаолиятимни  якунлаб, мураббийликка  шўнғиб кетган эдим. Футболчиларни шуғуллантиришга шу қадар берилиб кетдимки, жисмоний ҳолатимга умуман эътибор бермай қўйдим. Бир маҳал олти йилдан кейин қай аҳволга тушиб қолишим мумкинлиги ҳақидаги  даҳшатли ўй хаёлимдан ўтди. Ва жисмоний ҳолатимни тиклаш учун яна ўз устимда ишлай бошладим. Менинг ҳолатим сенга дарс бўлсин, жисмоний ҳолатингни  ҳеч қачон йўқотма.

Ишончим комил, сен фаолиятимизни кузатиб юрибсан. Ўзингга маълум, эришаётган муваффақиятларимиз чакки эмас. Хабаринг бор, сенинг ўрнингга Тедди Шерингем билан шартнома туздик, лекин бу ерга мослашиш унга қийинлик қиляпти, чунки “Тоттенхем”даги эркинлигини бу ерда топа олмаяпти. Баъзида футболчилар бизнинг клуб даражасида ўйнашнинг машаққатини тўғри баҳолай олишмайди. Ҳар бир ўйин кубок финали учун жангга ўхшайди. Бир кун келиб унинг мослашиб кетишига умид қиламан.

Мавсум олди тур биз учун муваффақиятли ўтди. Узоқ Шарқ бўйлаб ўтган турне кутганимиздан ҳам омадли ўтди, Миланнинг “Интер” жамоасига қарши ўйинимиз ҳам мақтанса арзигулик даражада ўтди.  “Charity Shield”

(ҳозирги Community Shield) соврини учун бўлган ўйинларни зўр  ўтди деб айтиш қийин, лекин ҳар ҳолда биз ўйиндан кейинги пенальтилар сериясида бўлса-да, ғалаба қозондик ва “Челси”га қараганда яхшироқ ўйин кўрсатдик.

Мавсум охирида бизга экстра-класс даражасидаги бомбардир кераклиги ҳақида суҳбалатлашганимиз ёдингдами? Бу ўрин биз учун ҳар доим муаммо бўлган, чунки молиявий масалада аҳволимиз чатоқ. Лекин энг яхши ўйинчиларни саралаб олишимиз шарт, акс ҳолда, ҳозирги ўрнимизга даъвогарлар топилиши мумкин.

Балки ёшроқ бўлганимда бу масалага бошқачароқ  ёндошардим.  “European Cup” (Чемпионлар лигаси) мен учун армон бўлиб қолди, бу эса менга жуда алам қилади. Аммо мен ҳеч қачон ўз ўйинчиларимдан кечмайман ва уларга ҳар доим ҳар қандай вазиятда ишонаман. Яна мен ишонаманки, бир кун келиб ёш Кантонани, орзуимни учратаман.

Мактубим ҳам ўз ниҳоясига етмоқда, биз эса сен билан ҳали  яна учрашамиз ва дилдан суҳбатлашамиз. Клуб сенга яқинда бўладиган кечки овқат ҳақида ёзганлигидан хабарим бор, лекин асосийси бу эмас. Шуни яна бир маротаба такрорлаб айтаман: сен “Манчестер Юнайтед”нинг фахри эдинг, сен билан шуғулланиш мен учун шараф эди.  Мен буни ҳеч қачон ёддан чиқармайман. Ишонаманки, сенга бўлган ҳурматим муносиб жавоб олади.

Йўлинг тушиб, бизникига кириб ўтишни хоҳласанг, сенинг ташрифингдан мамнун бўламиз. Эрик, сен энди менинг тарбияланувчим эмассан, бироқ истаган вақтингда менга мурожаат  қилишинг мумкин, ёрдамимни аямайман. Дўстинг борлигини унутмайсан, деб умид қиламан.

Омад. Саломат бўл.

Ҳурмат билан Алекс Фергюсон

 

18 август 1997 йил

 

Саодат Абдураҳмонова таржимаси

«SPORTS.uz» сайтида чоп этилган материаллардан нусха кўчириш, тарқатиш ва бошқа шаклларда фойдаланиш фақат таҳририят ёзма розилиги билан амалга оширилиши мумкин.

ТАҲРИРИЯТ ҲАҚИДА

Гувоҳнома: №1002. Муассис: «RENDER SYSTEMS» МЧЖ.

Таҳририят манзили: 100047, Тошкент шаҳри, Истиқбол кўчаси, 15-уй.
Электрон манзил: info@sports.uz.
Телефон: +998 71 233-78-98