Алишер Никимбаев: Лицензиялаш бўйича саралайдиган бўлсак, Олий лигада 12тадан ҳам кам жамоа қолади

Ўзбекистонлик таниқли футбол мутахассиси Алишер Никимбаев Ўзбекистон Футбол Федерацияси томонидан мамлакатда футболни ривожлантириш бўйича олиб борилаётган ишлар ҳақида ўз фикрларини билдириб ўтди.

Жумладан, Алишер Никимбаев Олий лигада қатнашаётган клубларнинг сони эмас, сифати муҳим эканини таъкидлар экан, Ўзбекистон Футбол Федерациясининг Олий лига форматини ўзгартириш ва клубларни лицензиялаш бўйича талаблар кучайтиргани мана шу сифатни таъминлашга хизмат қилишини таъкидлаб ўтди.

“Мен ОФКда икки йил давомида лицензиялаш масалалари билан шуғлланганман. Лицензиялаш жараёни футболни ривожлантириш учун энг асосий инструмент. Федерациямиз раҳбарияти мана шу инструментдан фойдаланаётгани мени хурсанд қилмоқда. Авваллари лицензиялаш масаласига жиддий аҳамият қаратилмаган. Масалан, “Обод”, “Шўртан” каби клублар лицензиялаш талабларига жавоб бермайди. Лекин уларга Олий лигада иштирок этишга рухсат берилганди. Лицензиялашда асосий тамойиллардан бири клубларнинг ўз футбол мактаби, машғулот майдонлари бўлиши ҳисобланади. Лекин биз яхши биламизки, “Обод” клубининг ўз футбол мактаби йўқ.

Агар клубларни лицензиялаш бўйича саралайдиган бўлсак, балки Олий лига талабига жавоб берадиган клублар 12тадан ҳам кам қолар. Нима бўлган тақдирда ҳам, Олий лигада талабга жавоб берадиган футбол клублари иштирок этиши керак”, дейди Алишер Никимбаев .

Бундан ташқари, футбол мутахассиси Олий лига клубларидаги мураббийлар масаласига ҳам эътибор қаратиш кераклиги таъкидлаб ўтди. Ҳозирда миллий чемпионатимиздаги клубларнинг ярмидан кўпроғида ёш мураббийлар фаолият юритаётгани, ушбу мураббийларнинг малакасини ошириш учун Малайзия, БАА, Россия каби давлатларда ўқув семинарлари ташкил қилиш зарурлигини ҳам қўшимча қилди.

“Бирлашган Араб Амирликларида яқин уч йил ичида 3та катта мусобақа – Клублар ўртасидаги Жаҳон чемпионатлари ва Осиё Кубоги мусобақалари бўлиб ўтади. Биздаги мураббийлар, футбол мутахассислари мана шундай катта мусобақаларга бориб иш ўрганишлари зарур. У ерда ташкилотчилик масалалари,  мусобақаларни ўтказиш, ОАВ билан ишлаш ва бошқа жиҳатларни ўз кўзлари билан кўриб, тажриба тўплаб келишса, мақсадга мувофиқ бўларди”, - дейди Алишер Никимбаев.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!