Ўтган ҳафтада “Шўртан” бош мураббийи сифатида ишлаб келган Асрор Алиқулов истеъфога чиқарилди. Мавсум бошида мустақил равишда иш бошлаган мутахассис қийин шароитда бўлишига қарамай, Ғузорда яхши жамоани шакллантиришга ҳаракат қилаётганди. Аммо унинг Ғузордаги навбатдаги фаолияти ҳам узоққа чўзилмади. Унинг ўзи эса истеъфога чиқиши сабаблари ҳақида гапириб берди.

- “Шўртан”да мураббийларнинг алмашинуви янгилик эмас-ку, барибир Ғузорда ишлаш оғир. “Шўртан”да йилига керак бўлса учтадан мураббий алмашади. У ердагилар про-лиганинг савияси кучсиз бўлади деб ўйлашганди. Аммо бундай эмас. Бунинг устига ҳали кўплаб ўйинчиларимиз ҳам тайёр эмасди. Раҳбарлар билан ўртамиздаги келишмовчилик бошиданоқ бўлганди. “Андижон” билан ўйиндан олдин раҳбариятга вазият шу тарзда давом этадиган бўлса, жамоадан кетишим ҳақида айтгандим. Тўғриси, ўша учрашувдан кейин 3-4 кун ишга бормадим. Бундай қаршиликлардан сўнг эртами-кечми, сизда ҳам ишлаш учун куч ва иштиёқ ҳам қолмасди. Футболчилар тинмай қўнғироқ қилишди ва “Норин”га қарши ўйин куни барибир бордим. Ўша учрашувда эса ютқазиб қўйдик. Кейин воҳа дербисида “Машъал”га ҳам 1:2 ҳисобида мағлуб бўлдик. Шундан сўнг раҳбарият мени истеъфога чиқарди. “Шўртан”да шундай вазиятки, бу ерда натижа фақат сизга керак, бошқалар эса сизнинг қоқилишингизни кутишади.

- Клубдаги қарздорликлар йиллар мобайнида давом этиб келяпти. Клубнинг ҳисоб-рақамига пул тушса ҳам аввалги 5-6 йил олдинги қарзларини тўлашга сарфланади. Агар жамоани қўллаб-қувватлашса бу бошқа гап. Масалан, про-лигадаги кучли клубларга қарши муносиб ўйнаб ютқазиб қўйиш ҳам мумкин-ку. Мана шундай пайтларда раҳбария томонидан қўллашни ҳис қилиш бу бошқача бўлади. Лекин у ерда бундай эмас. Мураббий доим жамоа манфаати учун хизмат қилади. Аммо жамоада юз бераётган вазият менга тўғри келмади.

- Ҳозирда “Насаф”да ўйнаётган Шерзод Темировни билсангиз керак, яқинда “Бунёдкор” дарвозасига ҳам гол урди. Ўтган йили “Шўртан” ўринбосаларида ишлаганимда Шерзод Темиров билан Шаҳбоз Жўраевни жамоага олганимдан у ердагилар устимдан кулишганди. Агарда клубга кимнингдир қариндошини олмасангиз сиз нотўғри иш қилган бўласиз. Темиров эса ўринбосарлар таркибида ўйнаб кетди. Биринчи даврадан кейин эса “Шўртан”дан кетдим. Шундан кейин иккала ўйинчини “Шўртан”га чақиришмади. Кейинчалик “Насаф” бош мураббийи Рўзиқул Бердиев қайсидир ўртоқлик учрашувида Темировнинг ўйинини кўриб уни жамоасига олди. Бу йил бошида яна “Шўртан”га қайтганимда кўпчилик танишларим ўша футболчиларни жамоага қайтариб олмайсизми, деб сўрашганди. Лекин мен Ғузорда бугун ёки бир ойдан кейин кетарман, аммо ўша футболчилар бошқа жойларда ишончли қўлларда деб айтгандим. Агар уларни яна олиб келсам, бу ерда йўқ бўлиб кетишарди. Шаҳбоз Жўраев ҳозирда “Пахтакор” ўринбосарларида ўйнаяпти. Айтмоқчиманки, мен доим ўзим учун эмас, жамоа учун ишлаганман, - деди Алиқулов.

Шуҳратбек Жўраев суҳбатлашди.

«SPORTS.uz» сайтида чоп этилган материаллардан нусха кўчириш, тарқатиш ва бошқа шаклларда фойдаланиш фақат таҳририят ёзма розилиги билан амалга оширилиши мумкин.

ТАҲРИРИЯТ ҲАҚИДА

Гувоҳнома: №1002. Муассис: «RENDER SYSTEMS» МЧЖ.

Таҳририят манзили: 100047, Тошкент шаҳри, Истиқбол кўчаси, 15-уй.
Электрон манзил: info@sports.uz.
Телефон: +998 71 233-78-98