Футбол шундай спорт турики, унга қизиқмайдиганлар ҳам бир бор разм солиб қўяди. Якунда ўзлари миллионлар ўйинининг ашаддий ишқибозига айланади. Чунки футбол инсонларни ўзига ром этади. Кўпчилик 22 та футболчининг битта тўп ортидан қувишини эрмак қилади. Лекин ана шу тўп кўп нарсани ҳал этади. Футбол бўйича жаҳон чемпионати аудиториясига олимпияда ўйинлари ташкилотчилари ҳам ҳавас билан қарашади. Чунки футболга турли қитъанинг исталган еридан мухлислар топилади.    

Бугун 4 йил орзиқиб кутилган жаҳон чемпионати старт олади. Барчанинг эътибори Россия майдонларига қаратилади. Дунёнинг энг сара 32 терма жамоаси ўзаро беллашади. Афсуски, Ўзбекистон миллий терма жамоаси бу галги мундиалдан ҳам қуруқ қолди. Ўзбекистонлик ишқибозлар яна ўз суюклиларини бошқа давлатлардан қидиришади. Яна ЖЧ бошланишидан олдин афсуски деган сўзни ишлатмоқдамиз, афсус. Лекин ЎФАнинг янги раҳбарлари жаҳон чемпионати олдидан Ўзбекистон миллий терма жамоаси учун кичик мундиални ташкил қилиб берди. Марокаш, Сенегал ва Уругвай жамоалари ЖЧ-2018 иштирокчилари ҳисобланади. Шунисига ҳам шукр. Очиғи, терма жамоамиз Россияга борганда ҳам гуруҳдан нарига ўтиши анча қийин масала эди...

Россия федерацияси мундиалга катта тайёргарлик кўрди. Бир биридан ажойиб стадионлардан тортиб, мухлисларга қулайликлар муҳайё этди. Энди томошабинлар мириқиб учрашувларни кузатишлари, жамоалар эса чиройли ўйин найиш этишса бўлгани. Бир сўз билан айтганда, биз соғинган, барчани бирдек ҳаёжонда ушлаб турадиган, бир ой бошқа спорт турларига ва сериалларга ўрин қолдирмайдиган катта футбол байрами бошланмоқда. Суперлигамизда танаффус. Шундай экан, сиз-у биз жаҳон чемпионатидан лаззатланайлик, азизлар!

 

Бекзод ИСАЕВ

«SPORTS.uz» сайтида чоп этилган материаллардан нусха кўчириш, тарқатиш ва бошқа шаклларда фойдаланиш фақат таҳририят ёзма розилиги билан амалга оширилиши мумкин.

ТАҲРИРИЯТ ҲАҚИДА

Гувоҳнома: №1002. Муассис: «RENDER SYSTEMS» МЧЖ.

Таҳририят манзили: 100047, Тошкент шаҳри, Истиқбол кўчаси, 15-уй.
Электрон манзил: info@sports.uz.
Телефон: +998 71 233-78-98