Бобур Йўлдошев нега айнан "Нефтчи"га келгани, "Локомотив"га урган голи ҳақида гапирди

Ўтган турда водий дербисида ўз майдонида “Навбаҳор”ни 2:1 ҳисобида мағлубиятга учратган “Нефтчи” клуби бу сафар Тошкентда “Локомотив” билан 1:1 ҳисобида дуранг ўйнашга муваффақ бўлди. Аутсайдер жамоанинг кучли рақиб майдонидан бир очко билан қайтгани қайсидир маънода сценсацияга ҳам қиёсланмоқда. Аслида “Нефтчи” мағлубиятга жуда яқин турганди. Аммо ҳимоячи Бобур Йўлдошевнинг ўйин охирида урган голи фарғоналикларга қимматли бир очкони тақдим этди. Қизиғи, ўша Йўлдошев бунгача “Локо” сафида тўп сураётганди ва “Нефтчи”га қайтганига ҳали ибр ой ҳам бўлмади. Учрашувдан кейин ушбу ўйинчи билан суҳбатлашдик.

- “Нефтчи”нинг “Локомотив” майдонида мағлубиятга учрамаган ҳолда бир очкони қўлга киритгани маҳаллий мухлислар учун яхши натижа ҳисобланади. Қолаверса, ушбу ўйин сиз учун ҳам алоҳида аҳамиятга эга эди. Боиси, “Локомотив”дан “Нефтчи”га ўтиб фаолиятингизни давом эттираётгандингиз. Қизиғи, собиқ жамоангиз дарвозасига гол ҳам урдингиз. Аввало ушбу учрашув ҳақидаги фикрларингиз билан ўртоқлашсангиз?

- Ҳа, бу ўйин алоҳида аҳамиятга эга эди. “Нефтчи”нинг ҳозирда қандай вазиятда турганини ҳамма яхши билади. “Локомотив”га қарши қийин ўйин бўлиши аниқ эди ва биз шунга қараб тайёргарлик кўрдик. Айниқса, мен “Локомотив”нинг ўз майдонида қандай ўйин кўрсатишини яхши биламан. Биз эса ҳаммасини таҳлил қилиб, кўпроқ ҳимоядан ўйнадик. Таркибимизда асосан маҳаллий, ёш футболчилар ўйнашяпти. Бошида менимча бироз хаяжон туфайли дастлабки дақиқалардаёқ ўз дарвозамиздан гол ўтказиб юбордик. Шунда ҳам биз сабр қилдик ва шунга яраша учрашув охирида бунинг мевасини олдик. “Локомотив”га ҳурмат сақлаган ҳолда шуни айтишим мумкинки, у ерда ўйин амалиётига эга бўлмаётганим сабабли жамоадан кетишни ўзим хоҳладим. Айнан нимага “Нефтчи” деган савол туғилиши мумкин. Ўзим фарғоналикман, менинг у ерга қайтишимни ҳамма хоҳлаганди. Гарчи ўз олдимда бир қатор вариантлар бўлса-да, “Нефтчи”га қайтиб ёрдам бергим келди.

- “Локомотив” билан ўйиндаги дурангни ғалабага тенглаштирсак бўладими?

- Бундай демаган бўлардим. Албатта, ҳозирги пайтда сафарда қўлга киритилган бир очко ҳам биз учун олтинга тенг. Лекин ҳали ғалабага тенглаштирмайман. Тўғри, бу дурангни бошқалар ғалабага қиёслашлари мумкин, аммо мен эмас. Нима бўлишини олдиндан ҳеч ким билмайди. Балки қачондир ўша бир очко бизга ақсотиши мумкин.

- Ўйиннинг охирги дақиқасидагина ҳисобни тенглаштирдинглар. Беллашув охирлаб боргани сари сизларда мағлубиятдан қутулиб қолиш учун ишонч йўқолмаганмиди? Ёки ҳаммаси таваккал туфайли юз бердими?

- Бундан олдин ўз майдонимизда “Навбаҳор” билан ҳам яхши ўйин бўлганди, мухлисларга ҳам ёққан. Наманганликларни ютганимиздан сўнг жамоамизда ўзига бўлган ишонч ортди. Тошкентга эса ютқазамиз деб бормаганмиз. Қўлимиздан келганича курашдик. Бошида пала-партиш ҳаракатлар туфайли гол ўтказганимиздан кейин ўзимизни йўқотиб қўймадик. Ўйин давомида уларда ҳам, бизда ҳам имкониятлар бўлди. Айниқса, иккинчи бўлимда вазиятларимиз кўпроқ бўлди. Ютқазаётган пайтимизда ҳам нимадир бўлишига ишондик.

- Урган голингиз ҳақида нима деган бўлардингиз?

- Ўша вазиятда ички туйғуларимда стандартни ўзим тепишим кераклигини айтиб турганди. Ҳайриятки, тепган тўпим гол билан якунланди.

- Ўша голингиз туфайли “Нефтчи” мағлубиятдан қутулиб қолди. Собиқ жамоангиз дарвозасини ишғол қилганингиздан кейин хурсандчилигингизнинг чеки йўқмиди?

- “Локомотив”да бир неча йил давомида тўп сурдим. Менинг футболчи бўлишимга бу жамоанинг жуда катта ҳиссаси бор. Ўша ерда ўсдим, футболчи бўлиб шаклландим. Тажрибали ўйинчилардан ўргандим. Фақат ҳозирги пайтда бироз пастроқ савияга тушиб қолганим бошқаларни ўйлантириши мумкин. Лекин мен ҳар доим ўзимга ишонаман ва ҳаммаси мен учун олдинда. “Локомотив” доим қалбимда қолади. Мана шундай жамоага қарши ўйнаш мен учун қайсидир маънода ғалати. Урган голимга келсак, албатта, “Локомотив” дарвозасини ишғол этганимдан роса қувониб кетдим дея олмайман-у, бироқ “Нефтчи”га бир очко келтиришда ўз ҳиссамни қўшганимдан хурсанд бўлдим.

- “Нефтчи”нинг “Навбаҳор” ва “Локомотив”га қарши ўйинларидан кейин бир маромга тушиб олганини кўрсатяптими?

- “Нефтчи”га келиб энди учта ўйин ўтказдим. Аста секин жамоамизда ўзига бўлган ишонч пайдо бўляпти. Ҳозир ҳамма клуб билан ўйнаса бўлади. “Навбаҳор”га қарши беллашувда ютмасак бўлмасди. Орқага йўл қолмаганди. Аҳволимиз жуда ёмон эди. Намангандан кўп мухлис келишини билардик, агар “Навбаҳор” ютиб кетганида яна ўз ишқибозларимизни ранжитган бўлардик. Биз эса буни истамадик ва фарғоналик мухлисларни ғалаба билан хурсанд қилиш учун қўлимиздан келганича ҳаракат қилдик. Имконият ўз қўлимизда. Очколар фарқи ҳам унчалик катта эмас. “Нефтчи”ни Суперлигада олиб қолишга ҳаракат қиляпмиз. Бунинг учун бутун жамоа бўлиб курашишимиз керак.

- Илк бор бош мураббийлик қилаётган Баҳром Ҳайдаров қандай мутахассис сифатида кўриняпти?

- Битта нарсани айтаман: “Нефтчи”га келиб ўйнашимда ушбу инсоннинг катта ҳиссаси бор.

Шуҳратбек Жўраев.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!