Бугун финал ёхуд “Марсель” ва “Атлетико” ҳақида қизиқарли фактлар

Хабарингиз бор бугун Франциянинг Лион шаҳрида УЕФА Европа лигасининг финал учрашуви бўлиб ўтади. Шу куни ҳал қилувчи баҳсга қадар етиб келган икки жамоа – “Марсель” ҳамда “Атлетико” Мадрид ғолиблик учун кураш олиб боради.

Қуйида ушбу икки жамоа ҳақида бир қатор қизиқарли фактларни эътиборингизга ҳавола қилишни лозим топдик.

- Шу кунга қадар француз клублари ҳеч қачон Европа лигаси ва унинг яқин ўтмишдаги аждоди ҳисобланган УЕФА Кубогида ғолиб чиқишмаган;

- “Атлетико” Европа лигаси ташкил этилгач, уни қўлга киритган илк жамоа ҳисобланади. “Матрасчилар” ушбу мусобақанинг икки карра (2010, 2012 йиллар) ғолибидирлар.

- “Марсель” жорий мавсум еврокубоклар доирасида ўз майдонида 9та ўйиндан 8тасида ғалаба қозонган. Меҳмонда ўтказилган 9та ўйиндан фақатгина “Атлетик” Бильбаога (2:1) қарши ўйинда ғалаба қозонган.

- “Атлетико” эса Европа лигасининг жорий мавсумида жами 8та ўйин ўтказди ва шуларнинг 6тасида ғалаба қозонди. Бир ўйинда дуранг ўйнаб, яна бирида мағлуб бўлди.

- “Марсель” ва “Атлетико” 2008/09 йилги мавсум Чемпионлар лигасида бир гуруҳда кураш олиб боришган. Мадридда кечган баҳсда “матрасчилар” 2:1 ҳисобида ғалаба қозонишган бўлишса, Марселдаги ўйин 0:0 ҳисобида якунланган.

- “Атлетико” Лионда бундан аввал ҳам финалда ўйнаган. 1986 йилги Кубок эгалари кубоги мусобақасининг ҳал қилувчи баҳсида мадридликлар Киевнинг “Динамо”сига 3:0 ҳисобида имкониятни бой беришган.

- “Марсель” орадан 14 йил ўтиб яна Европа Лигаси (УЕФА Кубоги) финалида тўп сурадиган бўлди.

- “Атлетико” УЕФАнинг клублар рейтингида 2-поғонани эгаллаб турган бўлса, “Марсель” ушбу рўйхатнинг 46-ўрнида жойлашган.

Бахтиёр ТОШТЕМИРОВ тайёрлади.

Эслатиб ўтамиз, “Марсель” ҳамда “Атлетико” жамоалари ўртасидаги финал ўйини бугун Тошкент вақти билан соат 23:45да старт олади.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!