Ўзбекистон футболини ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш мақсадида Ўзбекистон футбол ассоциацияси Европанинг бир қатор футболи ривожланган мамлакатлари билан яқин ҳамкорликни ўрнатмоқда ва меморандумлар имзоланмоқда. Ана шундай келишувлардан бири Голландия қироллик футбол иттифоқ билан ҳам ўрнатилган бўлиб, бугунги кунда унинг амалдаги ижроси рўёбга чиқмоқда. 22-27 июль кунлари “Пахтакор”, “Металлург”, “Қизилқум”, “Қўқон-1912” ва “Сўғдиёна” жамоаларининг мутасадди раҳбарлари Амстердамга ташриф буюриб, у ерда дунёга машҳур “Аякс” жамоаси ва унинг академиясидаги иш фаолияти билан яқиндан танишиб қайтдилар. “Металлург” клубининг спорт директори Шавкат Саидов ҳам ушбу сафардан катта таассуротлар билан қайтиб келди. Шу боис у биз учун кўрган-кечирганлари ҳақида гапириб берди.

“Аякс”нинг учта асосий тамойили

- Голландия сафари Ўзбекистон футбол ассоциациясининг ташаббуси билан уюштирилди. “Пахтакор”, “Қизилқум”, “Қўқон-1912”, “Металлург” ва “Сўғдиёна” жамоаларидан ҳамда ЎФАдан ҳам биттадан вакил ушбу сафарда бўлиб қайтдик. Бизни Амстердамда жуда яхши кутиб олишди. “Аякс” стадионининг олдидаги меҳмонхонага жойлашдик. У ердан икки юз метр нарироқда “Аякс” клубининг академияси жойлашган экан. У ерда икки нафар бола тарбияланади. У ерда тушликкача асосан семинарларда қатнашдик. Куннинг иккинчи ярмида эса академиянинг бир қатор ёш тоифаларидаги жамоаларнинг машғулот жараёнларини кузатдик. Шунингдек, у ерда биз чемпионлар лигаси саралашидан ўрин олган “Аякс” ҳамда Австриянинг “Штурм” жамоалари ўртасидаги ўйинга ҳам бордик. Сафардан кўзланган асосий мақсад нима? Асосан “Аякс” клубининг ташкил этилиши, клуб академиясидаги асосий эътиборнинг нимага қаратилгани, ўқув-машғулот методикалари, скаут бўлимининг иш фаолияти ва шунга ўхшаш масалалар билан яқиндан танишдик. Ҳар бир футбол академиясининг ўз филасофияси бўлиши керак экан. Шахсан мен учун бу катта аҳамиятга эга бўлди. Биласизми, “Аякс” клуби ташкил этилганидан бери шу кунгача бўлган давргача клубнинг ўйин услуби ўзгармаган. “Аякс” доим мухлисларга ёқадиган жамоа бўлиб келган. Масалан, ёшлигимиздан “Спартак”, “Пахтакор”, “Динамо” (Киев) каби жамоаларнинг ўйин услубларини кўз олдимизга келтирардик. Худди шундай тарзда “Аякс”нинг ҳам ўз ўйин имзоси бор. Биз у ерда бўлиб шуни яхши билдикки, асосий клубга ёки академиясига қандай мураббий олиб келинмасин у биринчи навбатда клубнинг тарихини яхши билиши керак. Кимлар ишлаган, кимлар нималарга эришган, кимлар из қолдирган, умуман шунга ўхшаш тарихини билиши шарт. “Аякс” мана шундай ўз анаъналаридан чекинмайдиган катта клуб. Бу жамоанинг фалсафасида учта асосий тамойил бор экан ва улар шунга амал қилишаркан.

Булар:
- 1. Футболчи тўпни йўқотдими, у шу заҳотиёқ қаерда бўлмасин тўпни олиб қўйиши керак.
- 2. Тўп “Аякс” жамоасида бўлганида тўпнинг атрофида рақиб ўйинчиларига нисбатан “Аякс” футболчилари кўпроқ бўлиши лозим экан. Сабаби бу ҳол вазиятдан чиқиб кетиши учун ҳам керак.
- 3. Тўпни олдингми, тезроқ олдинга қараб ўйнаш.

ayaks

Акабемия тарбияланувчиларига эътибор

- “Аякс” академиясининг методикаларини ҳам бизга тушунтириб ўтишди. У ерда 8 ёшдан болани қабул қилишади. 12 ёшгача футболчи билан фақат тактик ва техник томонлама ишланади. 12 ёшдан кейин жисмоний тайёргарликка эътибор қаратилади. Шунингдек, академияда учта спорт тури бўйича ҳам машғулотлар ўтказилади. Булар – енгил ва оғир атлетика, дзюдо ҳамда сузиш. Бу спорт турларининг мураббийлари ҳафтада бир марта академиянинг ҳар бир гуруҳи билан шуғулланади. Эътиборлиси, “Аякс”нинг асосий таркибига дзюдо машғулотлари ўтказилар экан. Бу футболчининг ривожланишига ва яккакурашлар учун жуда керакли услуб экан. Шу билан бирга академияда футболчилар билан индивидуал тарзда ишлашга ҳам алоҳида эътибор қаратилади. Ҳар бир позициянинг ўз мураббийлари бор. Масалан, ҳужумчилар, ярим ҳимоячилар, ҳимоячилар ва дарвозабонлар билан бошқа-бошқа мураббийлар шуғулланади. Масалан, бир гуруҳда тўрт нафар ҳужумчи борми, уларга алоҳида мураббий бириктирилган. У эса ҳужумчиларни гол уришга ва зарбаларни аниқ тепишга ўргатади. Бундан ташқари, 8 ёшдан қабул қилинган ҳар бир бола мониторинг қилиб борилади. Ҳар йили икки марта махсус комиссия ўша болани мониторингини кўриб чиқади. Масалан, 8 ёшида қандай эди-ю, 10 ёшида қай ҳолатда, камчиликлари қандай? Агар ўша камчиликлари камаймаётган бўлса, яна шунинг устида ишлашади.

“Аякс”да болаларни қандай хусусиятларига қараб олишади?

- Биз учун энг асосий янгиликлардан бири шу бўлдики, 14 ёки 16 ёшли йигит ўз ёшига нисбатан ҳар томонлама ривожланиб, ўйин сифати ошган бўлса, уни ўз жамоасида ушлаб турмасдан дарҳол ўзидан катта ёшдаги жамоаларга ўтказиб юборишади. Бизда эса қандай? 16 ёшида ўша ўйинчи ўз жамоасида ўзини кўрсатиб, ажралиб турса уни зўр-зўр деб юраверамиз. Ваҳоланки, ўз жамоасида унга рақобатчи йўқ. “Аякс”да эса бундай пайтда ўша ўйинчини тезроқ оғир меҳнатга олиб чиқиш учун ўзидан юқоридаги жамоаларга ўтказиб юборишади. Агар ўша бола асосий жамоада ўйнашга тайёр бўлса, шу заҳоти қабул қилинади. У ерда футбол учун технологиялар бор. Ҳар хил турдаги тестлар ўрнатилган. Клубнинг Осиё, Африка, Европа, умуман бутун қитъалар бўйлаб скаутлари фаолият кўрсатади. Улар дунёнинг турли бурчакларидан иқтидорларни излаб юрадилар. Бизда эса бундай ёш ўйинчиларга камроқ эътибор берамиз, барибир ёши катта футболчиларга таянаверамиз. “Аякс”да эса иқтидорли, ўсиб келаётган ёшларни ўйнатишга қўрқишмас экан. Масалан, “Аякс” – “Штурм” ўйинида амстердамликларнинг сардори 19 ёшли футболчи эди. Ҳозирги кунда унга “Бавария”, “Барселона” каби клублар харидор бўлиб туришибди. Хуллас, у ерда юқорида айтганимдек, филасофияга катта эътибор қаратишади. Шу билан бирга улар доим кучли мутахассисларни жалб қилишади. Футболчи қобилятли бўлмасин, агар мураббий ўз ишининг устаси бўлмаси, бари бефойда деб ўйлашади. “Аякс”да мураббийларни танлашга ҳам алоҳида эътибор қаратишади. У ўша клубнинг филасофиясини чуқур билиши лозим. Академияда болаларни қандай критериялар бўйича қабул қиласизлар деб сўрадик ва маълум бўлишича. асосан техникаси ҳамда тез фикрлаш қобилиятига қараб олишади, қолган жиҳатлари эса иккинчи даражали ҳисобланади. Ўз навбатида улар биздаги футбол билан ҳам қизиқишди. Энди сентябрь ойида “Аякс”дагилар Ўзбекистонга ташриф буюришади. Биз бу сафар давомида ўзимиз учун кўп нарсаларни олдик. Амстердамнинг энг чиройли жойи – бу “Амстердам Арена” стадиони экан. У ерда мухлислик маданияти ҳам юқори даражада. “Штурм”га қарши ўйин давомида бирор инсоннинг сигарета чекканини ёки тартибни бузганини кўрмайсиз.

sh

“Аякс” академиясида мураббий – ота, дўст ва қаттиққўл

- “Аякс”да яна бир эътиборимизни тортган нарса шу бўлдики, асосий жамоанинг ўйин схемаси 4-3-3 кўринишида бўлса, академиясининг барча ёшдаги жамоалари ҳам худди шу тактикага мослашади. Масалан, бизда 10 ёшли футболчиларнинг мураббийи бошқа тактикада, 14 ёшли жамоанинг мураббийи яна бошқа услубни қўллаши мумкин. Биз эса улардан нима учун бундай деб сўраганимизда, асосий мақсадимиз бош жамоага тайёр футболчиларни етказиб бериш дейишди. Масалан, ўнг қанот ҳимоячиси 8 ёшиданоқ қандай ўйнаш, қандай тактика бўйича ҳаракатланишни билса, асосий жамоага келганда эсанкираб қолмайди, чунки у қандай ўйнашни билади деб айтишди. Шу боисдан ҳам академия тарбияланувчилари доимий тарзда мониторинг қилиб борилади. Шунингдек, академия мураббийлари ҳар йили ўзгартирилар экан. Энди шуни ҳар олти ойда қўллашмоқчи. Бунинг сабаби шундаки, футболчилар исталган мураббий билан ишлашга кўникишлари лозим. Чунки бу – ҳаёт, унда доим мураббийлар ўзгариб туради. Шунинг учун мураббийни ўзгартириб туришларининг асосий сабаби шу. 8 ёшдан қабул қилинган мураббий дастлаб отадек бўлиши, 12 ёшдан кейин эса мураббий дўстга айланади. 16 ёшдан сўнг эса қаттиқроқ мураббий лозим бўлади. Чунки футболчининг ўтиш даврида назоратни анча кучайтиришади. Бу нозик масала. Бундан буёғига ўша болани катта ҳаётга тайёрлаш ҳам зарур ҳисобланади. Уларнинг фикрича, бир бола билан мураббий 10 йил бирга ишламайди. Юқорида айтганимдек, болаларнинг ўз ёш тоифаларига қараб турли мураббийлар тайинланади. Ишда профессионалликка ҳам жуда катта аҳамият берилади.

van

“Аякс” афсоналари билан учрашувлар

- Сафар давомида Эдвин Ван дер Саар, Михаэль Райцигер, Рональд Де Бур каби “Аякс”нинг афсоналари билан учрашдик. Айтишим керакки, улар билан анча гаплашиб ўтирдик, керакли билимлари билан ўртоқлашдилар. Дарвоқе, “Пахтакор” бош мураббийи Шота Арвеладзе сафар давомида бир қатор ташкилий ишларимизга Тошкентдан туриб ёрдам бериб турди. Масалан, Арвеладзенинг таклифи билан Рональд Де Бур биз билан учрашдик. У билан анча гаплашдик ва қандай таклифлар ва саволлар бўлса бемалол жавоб бераман дея, мазмунли суҳбат қурдик. Бир сўз билан айтганда, Голландияга сафаримиз жуда ажойиб ва сермазмун тарзда ўтди.

Шуҳратбек Жўраев.

«SPORTS.uz» сайтида чоп этилган материаллардан нусха кўчириш, тарқатиш ва бошқа шаклларда фойдаланиш фақат таҳририят ёзма розилиги билан амалга оширилиши мумкин.

ТАҲРИРИЯТ ҲАҚИДА

Гувоҳнома: №1002. Муассис: «RENDER SYSTEMS» МЧЖ.

Таҳририят манзили: 100047, Тошкент шаҳри, Истиқбол кўчаси, 15-уй.
Электрон манзил: info@sports.uz.
Телефон: +998 71 233-78-98