Ассалому алайкум қадрли футбол мухлислари. Бугун спортс.уз сайти томонидан сизларга “Ҳафта воқеликлари” дея номланган янги лойиҳа тақдим этилмоқда.

Сиз унда ўзбек, Осиё ва жаҳон футболида ҳафта мобайнида содир бўлган энг муҳим воқеликлар билан танишишингиз мумкин.

Дастлаб ўзбек футболига оид ҳафтанинг муҳим воқелиги сифатида “Навбаҳор”да алмашган мураббийлар борасида тўхталамиз. Ҳўш нега “Навбаҳор”да мураббий ўзгарди?

Мамлакат миллий чемпионати Суперлигасининг 25-туридан сўнг иккинчи босқични пешқадам сифатида бошлаган “Навбаҳор” жамоаси учинчи ўриндан “мустаҳкам” жой олди. Бош соврин учун катта “иштаҳа” билан курашаётган наманганликлар аввалиги иккита учрашувда, ўз майдонида тўп тепишига қарамай дуранг натижа қайд этганди. Шу жумладан, “Металлург”ни ҳам енга олмаганди.

Табиийки, миш-мишлар кўпайди: “Агар жамоа “Бунёдкор”дан очко ола билмаса, бош мураббийга чиқиш эшиклари кўрсатилармиш” ва ҳоказо.

Бу ҳам етмагандек, жамоа аъзоси Рўзимбой Аҳмедовнинг Илҳом Мўминжоновга “бағишланган илтижолари” ижтимоий тармоқларда кенг тарқалгани, Рўзимбойга жавоб тариқасида Илҳомжоннинг чиқишлари “Навбаҳор”да нимадир юз беришидан дарак бераётгандек эди.

Жамоа “Бунёдкор”га қарши ёмон ўйнамади, йигитлар анча ҳаракат қилди. Айниқса, икки ойдан бери майдонга тушиш бўйича навбатини кутиб ўтирган ва шов-шувлардан кейин ниҳоят асосий таркибдан ўрин олган Рўзимбой ҳам ўзини кўрсатиш учун роса чопди. Шунингдек, Ўрунов, Турғунбоев, қўйингки, меҳмонларнинг барчаси ютуқ учун борини беришди, бироқ минг уринишмасин мезбонлар дарвозасини ишғол этишнинг уддасидан чиқа олишмади.

Аксинча, “қалдирғочлар”нинг хавфли вазиятларини Азизбек Ҳайдаров ва Абдулла Абдуллаев голга айлантира олишди. Ҳар иккаласи ҳам жорий мавсумда “Бунёдкор”даги илк голларини уришгани эътиборга лойиқ.

Шу куни “Миллий” стадионда мезбонларга нисбатан меҳмонларни қўллаб-қувватловчилар кўпчиликни ташкил этди. Клуб раҳбарларининг ўз вилоятдошларига қилган чақириқларига наманганлик мухлислар лаббай дея стадионнинг бир томонини тўлдиришди. Ўйин охиригача севимли футболчиларини, гарчи мағлубиятга учраётган бўлса-да, олқишлаб туришдан тинишмади. Охирида эса улар ҳам Илҳом Мўминжоновнинг истеъфосини талаб қилувчи ҳайқириқларга берилишди.

_тақдимоти_расми_-_5

Ўйиндан кейинги матбуот анжуманида журналистларнинг “Сизнинг ўрнингизга Андрей Канчельскис келармиш” деган саволларига Илҳом Мўминжонов “Буни сиздан эшитиб турибман, клубда қанча муддат ишлашимни билмайман, ишлашда давом этаман”, дея жавоб қайтарди.

7 октябрь куни Намангандаги «Марказий» ўйингоҳда “Навбаҳор” клуби янги бош мураббийи Андрей Канчельскиснинг таништирув маросими ўтказилди.

Маросим аввалида Наманган вилоят ҳокими, вилоят футбол ассоциацияси президенти Хайрулла Бозаров жамоанинг иккинчи босқичидаги иштироки ҳақида фикр билдириб, чемпионлик учун курашаётган клуб футболчилари “Металлург” ва “Бунёдкор” жамоаларига қарши кечган ўйинлардаги каби ҳаракат қилмасликлари лозимлигини таъкидлади. Натижага бевосита мураббий жавоб беришини таъкидлаб, Илҳом Мўминжонов “Навбаҳор” клубининг ижобий натижаларни қўлга киритишида хизматлари борлигини ҳам эътироф этди. Мўминжоновга жамоадаги фаолияти учун раҳмат айтиб, унинг “Навбаҳор” билан хайрлашганлигини билдирди.

Вилоят ҳокими жамоа натижаларини яхшилаш мақсадида бош мураббий сифатида футбол оламида ўзига хос ўринга эга бўлган Андрей Канчельскис таклиф этилганлигини маълум қилди. Янги бош мураббийга омад тилаб, жамоа аъзоларидан чемпионлик учун охиригача курашишни сўради.

Канчельскис ҳар бир учрашувда ғалаба учун ҳаракат қилишга интилишини ва бу борада мухлисларнинг қўллаб-қувватлашларига ишонч билдирди.

Шу куни тўпланганларга “Навбаҳор” футбол клубининг пиар директори сифатида иш бошлаган таниқли актёр ва шарҳловчи Алишер Узоқов таништирилди.

Бизнинг маълумот:

Андрей Антанасович Канчельскис

Туғилган санаси: 1969 йил 23 январь

Туғилган жойи: Кировоград, Украина

Фуқаролиги: Россия

Футболчиликдаги фаолияти: Ярим ҳимоячи

Ўйнаган жамоалари: "Звезда", "Динамо Киев", "Шахтёр", "Манчестер Юнайтед", "Эвертон", "Фиорентина", "Глазго Рейнжерс", "Манчестер Сити", "Саутгемптон", "Ал Ҳилол"(Саудия Арабистони), "Сатурн", "Крилья Советов"

Собиқ иттифоқ терма жамоасида 17та ўйин ўтказиб 3та гол урган. МДҲ терма жамоасида 6 марта майдонга тушган. Россия терма жамоасида 36 учрашувда 4 бор рақиблар дарвозасини ишғол қилган.

Бошқарган жамоалари: "Торпедо-ЗиЛ", "Уфа", "Волга", "Юрмала", "Солярис", Россия талабалар терма жамоаси.

Ютуқлари: Собиқ Иттифоқ чемпионати бронза медали (1989), Собиқ Иттифоқ Кубоги (1990), Европа Суперкубоги (1991), Англия чемпиони (1993, 1994), Англия кубоги (1994), Англия лига кубоги (1992), Англия Суперкубоги (1993, 1994), Шотландия чемпиони (1999, 2000), Шотландия кубоги (1999, 2000, 2002), Шотландия лига кубоги (1999, 2002), Саудия Арабистони кубоги (2003), Ёшлар ўртасидаги Европа чемпионати ғолиби (1990).

Хизмат кўрсатган спорт устаси.

У-16 Осиё чемпионатида Тожикистоннинг финалда ўйнаши кўпчилик учун кутилман воқеликдир. Аммо бу айни ҳақиқат.

Япония – U-16 терма жамоаси Осиё чемпионати ғолиби!

Малайзияда 16 ёшгача бўлган футболчилар ўртасидаги Осиё чемпионати ниҳоясига етди. Қитъа биринчилигининг ҳал қилувчи баҳсида Япония ва Тожикистон терма жамоалари куч синашишди. Япониялик футболчи Юн Ниши каванинг 63-дақиқада киритган голи ўйин тақдирини ҳал қилди ва кунчиқар юрт вакиллари Осиё чемпионлигини қўлга киритишди. Тожикистон терма жамоаси эса чемпионатнинг кумуш медаллари билан тақдирланди.

tojikiston

Мусобақа низомига кўра Осиё чемпионатида тўртликдан ўрин олган жамоалар 2019 йили Перуда бўлиб ўтадиган ўсмирлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритди.

Биз қатнаша олмаган чемпионатда қўшнимиз Тожикистон финалда ўйнади. Биз эса саралашдан ҳам ўта олмадик. Тожикистонликлар ЖЧда қатнашишса, биз Осиёга ҳам чиқа олмай қолдик. Ана шунақа гаплар.

Хориж футболига мавзу танлашда анча қийналдик. “Реал”, “Барселона” ва “Бавария”нинг омадсиз ўйинлари ёки ҳафтанинг омадсиз мураббийлари борасида фикр юритмоқчи ҳам бўлдик. Лекин кўпчилик муҳокама қилаётган УФС оламида Конор МакГрегар ва Хабиб Нурмагамедовнинг тўқнашувини 3-мавзу қилиб танлашга қарор қилдик.

Лас-Вегасда (АҚШ) йилнинг энг шов-шувли ва узоқ кутилган Конор ва Хабиб ўртасида жанг бўлиб ўтганидан кўпчиликнинг хабари бор, албатта. Жаҳоннинг энг йирик жангчилар турнири бўлмиш - UFCда ирландиялик Конор Макгрегор амалдаги чемпион россиялик Хабиб Нурмагомедовдан енгилди.

Тўртинчи раундда Хабиб рақибини кураш усулига солди, кейин қийноқ усули билан мағлуб этди.

Шундай қилиб у UFCда 11 та жангда 100%лик натижа кўрсатган илк спортчига айланди.

Жангдан сўнг Хабиб октагондан ошиб ўтиб, Конорнинг спарринг-ҳамкори Диллон Денисга ҳужум қилди. Бу вақтда унинг жамоаси аъзолари Макгрегорга ташланди. Ушбу ҳолат телевидение ва интернет тармоқларида ҳозиргача муҳокама қилинмоқда. Кимдир Конор ва унинг одамларини айбласа, айримлар Хабиб ҳақлигини айтмоқда.

dana-white-reacts-to-ufc-229s-conor-mcgregor-vs-khabib-nurmagomedov-bout-and-post-fight-brawl

UFC президенти Дана Уайт Хабиб Нурмагомедов жангдаги гонорарини олмаслиги мумкинлигини, бунга жангдан сўнг Диллон Дэнис билан муштлашгани сабаб бўлишини айтди.

Маълумот ўрнида, бу масала Невада спорт комиссияси томонидан воқеа тўлиқ ўрганиб чиқилгандан сўнг ҳал этилади.

Шунингдек, ирландиялик Конор Макгрегор мағлубиятга учраганига қарамай уни реваншга чақирди. “Реваншни кутаман”, - деб ёзади Макгрегор твиттеридаги ўзининг саҳифасида. Бироқ, UFC президенти келажакда Нурмагомедов ва Макгрегорни бир-бирига яқинлашмаслигини исташини айтиб ўтди.

Қолаверса, россиялик спортчи Хабиб Нурмагомедов интернет оламини забт этмоқда. Унинг "Instagram"даги обуначилари сони жангдан сўнг кескин даражада ортди. У бир куннинг ўзида 4 млнга яқин обуначи йиғди ва бу борада россияликлар орасида бешталикка кириб олди. Унинг ҳозирги обуначилари сони 10 млндан ошди.

«SPORTS.uz» сайтида чоп этилган материаллардан нусха кўчириш, тарқатиш ва бошқа шаклларда фойдаланиш фақат таҳририят ёзма розилиги билан амалга оширилиши мумкин.

ТАҲРИРИЯТ ҲАҚИДА

Гувоҳнома: №1002. Муассис: «RENDER SYSTEMS» МЧЖ.

Таҳририят манзили: 100047, Тошкент шаҳри, Истиқбол кўчаси, 15-уй.
Электрон манзил: info@sports.uz.
Телефон: +998 71 233-78-98