“Манчестер Юнайтед” бош мураббийи бош мураббийи ушбу ёзда жамоатчилик олдида ўзини анча тажовузкор тутмоқда. У ва клубнинг ижрочи директори ўртасидаги муносабатлар қанчалик жиддий ва клубга қандай таъсири бўлади? Қуйида шу ҳақида муҳокама қиламиз.

Жозе Моуриньо ушбу ёзда унга ким керак, ким керак эмаслигини билишини айтишдан чарчамаяпти.

“Ливерпуль”га қарши ўртоқлик учрашувида 4-1 ҳисобида мағлуб бўлганидан кейин португалиялик мураббий ўзи билан АҚШ турнесига олиб борган клуб академияси тарбияланувчилари унинг режаларига умуман кирмаслигини айтди.

“Бу менинг жамоам эмас. Ярим таркиб йўқ, бугун йўқ бўлганларни ҳаммаси 9-августгача клубда бўлмайди” – дейди “ўзгача” мураббий.

У шунингдек фарзанди туғилгани сабаб клубни вақтинчалик тарк этган Антони Марсяльга ҳам ишонч билдирмаслигини таъкидлади.

“У фарзандли бўлди, худога шукур соғлом, чиройли бўлиб туғилди, бироқ у бу ерда бўлиши керак. У эса ҳалиям йўқ” – дея шогирдини танқид қилди.

Ҳаммасидан ҳам кўра унинг Эд Вудворд билан трансфер бозоридаги мақсадлари муштарак эмаслиги клуб мухлисларини ҳавотирлантирмоқда.

“Сиз мендан футболчи сотиб олишимни, таркибга қўшишимни сўрайсиз. Мен яна икки футболчига эҳтиёж сезаяпман. Ўйлайманки бу икки футболчи менда бўлмаса керак.”

“Фикримча камида биттасига эга бўлишимиз мумкин. Бунинг иложи бор. Мен клуб мутасаддиларига бир неча ой олдин бешта исмни берганман. Мен шу футболчилардан ҳеч бўлмаганда биттасига эга бўлишни кутяпман.”

Моуриньо икки йил олдин “Олд Траффорд”га келганидан бери клубнинг трансфер бозоридаги сиёсатидан бунчалик қониқмасликни намойиш қилмаган. Айниқса Эд Вудвордга нисбатан.

“МЮ”нинг кўплаб мухлислари клуб ижрочи директорининг ишидан жиддий ҳавотир олмоқда. Гарчи сўнгги икки йилда Вудворд Моуриньонинг кўплаб истакларини амалга ошириб келган.

Биргаликда ишлай бошлаган йилда “МЮ” португалиялик мураббийнинг тўртта трансфер нишонини олиб келган. 2017-йилда фақатгина Иван Перишич клуб “ўлжаси” бўла олмади.

Моуриньо ўтган ёзги трансфер бозорида унинг 75 % орзуси амалга оширилганидан кўнгли ҳотиржамлигини айтган эди.

“Мен жаноб Вудвордга режаларимда тўрт киши борлигини айтдим. Қўшимча тарзда, “Хотиржам бўл, мен босим ўтказмайман, клуб учун энг яхши деб ўйлаётганингни бажар” дедим” – деганди.

Бироқ бу ёзда бош мураббий унинг рўйхатини амалга оширишда клубни айблаш учун барча фронтлардан “ҳужум қилмоқда”.

Дастлаб у Жаҳон Чемпионати вақтида RT га Иван Перишич трансфери амалга ошмай қолгани ҳақида берилган саволга ўзига хос тарзда жавоб қайтарганди. Кейин эса АҚШдаги турне давомида матбуот анжуманларида клуб трансфер сиёсатига “тош ота бошлади”.

Унинг оммавий чиқишлари клуб атрофида миш-мишларни янада кучайтирмоқда. Клуб Моуриньо ва Вудворд ўртасидаги муносабатлар таранглашиб кетишидан қўрқмоқда. Аммо Моуриньо Вудворд у истаган футболчиларни олишга ҳаракат қилаётганини тан олмоқда. Бироқ у клуб мутасаддисини келишувни амалга оширишда қатъиятлик кўрсата олмаётганидан норози.

Моуриньо ушбу ёзги трансфер бозорини умуман унутмаса керак.

Эркинжон Ғайбуллаев тайёрлади.

«SPORTS.uz» сайтида чоп этилган материаллардан нусха кўчириш, тарқатиш ва бошқа шаклларда фойдаланиш фақат таҳририят ёзма розилиги билан амалга оширилиши мумкин.

ТАҲРИРИЯТ ҲАҚИДА

Гувоҳнома: №1002. Муассис: «RENDER SYSTEMS» МЧЖ.

Таҳририят манзили: 100047, Тошкент шаҳри, Истиқбол кўчаси, 15-уй.
Электрон манзил: info@sports.uz.
Телефон: +998 71 233-78-98