Барчамизга маълумки саноқли кунлардан сўнг Россия яшил майдонларида футбол бўйича XXI жаҳон чемпионати старт олади. Сайёрамизнинг энг йирик мусобақаси олдидан SPORTS.uz сайти сиз азиз мухлисларни мундиалда иштирок этувчи терма жамоалар билан таништиришда давом этади. Бу сафар мундални нақд 36 йил кутган Жанубий Америка қитъаси вакили - Перу терма жамоаси ҳақида фикр юритамиз.

Перу - Жанубий Америка қитъасининг ўртамиёна терма жамоаларидан бири ҳисобланади. Перуликлар ўзларининг илк учрашувини 1927 йилнинг 1 ноябрь куни қитъадоши Уругвай терма жамоасига қарши ўтказишган ва 0:4 ҳисобида имкониятни бой бериб қўйшган.

Жаҳон чемпионатларидаги иштироки

Перу терма жамоаси 1930 йил Уругвайда ўтказилган илк мундиал иштирокчиси ҳисобланади. Аммо ўшанда улар ўз иштирокларини мусобақанинг гуруҳ босқичидаёқ тўхтатишган.

Шундан сўнг перуликлар ўзларининг мундиалдаги кейинги иштирокини нақд 40 йил кутишга мажбур бўлишди. Аниқроғи Перу 1970 йил Мексикада ўтказилган тўққизинчи жаҳон чемпионатида иштирок этди. Ўша мусобақада перулик футболчилар гуруҳда Германия, Болгария ва Марокаш терма жамоасига қарши ўйинлар ўтказишган. Дастлабки икки ўйинда Болгария (2:1) ва Марокаш (3:0) таслим этилгач, сўнгги турда Германияга 1:3 ҳисобида имконият бой берилди. Аммо, шундай бўлсада улар гуруҳда иккинчи ўрин билан кейинги босқичга йўл олишди. Лекин чорак финалда улар Бразилияга тўқнаш келишди ва 4:2 ҳисобида имкониятни бой бериб, мусобақадаги иштирокларини тўхтатишди.

Шундан сўнг Перу орада 1974 йилги Германия мундиали саралашидан ўта олмади. Лекин 1978 йил Аргентинада ўтказилган мусобақада иштирок этди. Перу терма жамоасига бу сафар гуруҳ босқичида Голландия, Шотландия ва Эрон терма жамоалари рақиблик қилишди. Ушбу босқичда иккита ғалаба ва бир дуранг қайд этган Перу бу сафар ҳам чорак финал йўлланмасини қўлга киритди. Аммо улар яна шу босқичда ўз иштирокларини тўхтатишга мажбур бўлишди.

Орадан тўрт йил ўтиб, 1982 йил мундиалга Испания яшил майдонлари мезбонлик қилди. Перу эса гуруҳда Польша, Италия ва Камерун терма жамоаларига қарши кураш олиб борди. Дастлабки икки турда Камерун (0:0) ва Италия (1:1) билан дуранг ўйнаган перуликлар сўнгги турда кутилмаганда Польшага 5:1 ҳисобида имкониятни бой бериб қўйишди. Шу тариқа гуруҳда сўнгги поғонага тушиб қолган Перу учун Испания мундиали муддатидан аввал якунига етди.

Эътиборлиси, юқоридаги мундиалдан сўнг перулик футболчилар то ЖЧ-2018га қадар бирорта ҳам жаҳон чемпионатларида иштирок эта олишмади. Ниҳоят саралашдан муваффақиятли ўтган Перу Россия майдонларида ўтадиган мундиалда иштирок этиш йўлланмасини қўлга киритди. Энди улар мусобақанинг “С” гуруҳида Франция, Австралия ва Дания терма жамоаларига қарши кураш олиб боришади.

Қитъа биринчиликларидаги натижалари

Перунинг Америка кубокларидаги илк иштироки 1927 йилга тўғри келади. Ўшанда ушбу мусобақага Перунинг ўзи мезбонлик қилган. Якунда эса майдон эгалари мусобақанинг бронза медалларини қўлга киритишган. Орадан икки йил ўтиб Аргентинадаги чемпионатда эса тўртинчи ўринни эгаллашди. 1935 йилги қитъа биринчилиги яна Перуда ўтказилди ва яна майдон эгалари бронза медалларини қўлга киритишди. 1937 йил эса мусобақа яна Аргентина майдонларида бўлиб ўтди. Бироқ, бу сафар Перу олтинчи ўрин билан кифояланди.

Ниҳоят 1939 йилги қитъа чемпионатига яна Перу мезбонлик қилди. Аммо, бу сафар натижалар тамомила бошқача бўлди. Финалга қадар етиб келган перулик футболчилар ҳал қилувчи баҳсда Уругвайга қарши майдонга тушишди. Мухлисларнинг қўллаб-қувватлашлари ёрдамида Перу рақибини 2:1 ҳисобида енгди ва ўз тарихидаги илк совринни қўлга киритди.

Перу 1941 йил тўртинчи ўрин ва 1942 йил бешинчи ўринни эгаллади. Шундан сўнг 1945 ва 1946 йилги қитъа биринчиликларида иштирок этмади.

1975 йилга келиб Перу яна чемпионликни тантана қилди. Унгача эса икки марта (1949, 1955) бронза медалларини қўлга киритди. 1975 йилги чемпионатдан сўнг Перу то 2011 йилга қадар ушбу мусобақада медалларни қўла кирита олмай келди. Лекин 2011 йил Аргентинада ва орадан тўрт йил ўтиб 2015 йил Чилида ўтказилган мусобақаларда кетма-кет бронза медалларини ўзиники қилиб олди. 2016 йил АҚШда ўтказилган мусобақада эса улар чорак финалга қадар етиб боришди.

Перу терма жамоаси ҳақида қизиқарли фактлар

Энг йирик ғалабаси: 1938 йил 11 август, Перу – Эквадор 9:1.

Энг йирик мағлубияти: 1997 йил 26 июнь Бразилия – Перу 7:0.

Энг кўп ўйин ўтказган футболчи: Роберто Паласиос (128).

Энг яхши тўпурар: Паоло Герреро (28).

ФИФА рейтингидаги энг юқори ўрни: 10-ўрин (2017 йил).

ФИФА рейтингидаги энг паст ўрни: 91-ўрин (2009 йил).

Айни дамда Перу терма жамоасига аргентиналик мутахассис Рикардо Гарека бош мураббийлик қилмоқда. Қуйида эса ЖЧ-2018да Перу шарафини ҳимоя қилиши мумкин бўлган футболчилар таркиби билан танишиб олишингиз мумкин.

Дарвозабонлар: Педро Гальесе (Веракрус, Мексика), Хосе Карвальо (Университарио), Карлос Каседа (Университарио);

Ҳимоячилар: Луис Абрам (Велес Сарсфилд, Аргентина), Альберто Родригес (Атлетико Хуниор, Колумбия), Андерсон Сантамария (Пуэбла, Мексика), Мигель Трауко (Фламенго, Бразилия), Луис Адвинкула (Лобос БУАП, Мексика), Мигель Араухо (Альянса Лима), Альдо Корсо (Университарио), Нильсон Лойола (Мельгар), Кристиан Рамос (Веракрус, Мексика);

Ярим ҳимоячилар: Педро Акино (Лобос БУАП, Мексика), Вильдер Картахена (Веракрус, Мексика), Кристиан Куэва (Сан-Паулу, Бразилия), Эдисон Флорес (Ольборг, Дания), Паоло Уртадо (Витория, Бразилия), Серхио Пенья (Гранада Б, Испания), Анди Поло (Портленд Тимберс, АҚШ), Ренато Тапиа (Фейеноорд, Голландия), Йосимар Йотун (Орландо Сити, АҚШ);

Ҳужумчиар: Андре Каррильо (Бенфика, Португалия), Рауль Руидиас (Морелия, Мексика), Жефферсон Фарфан (Локомотив, Россия).

Маълумот учун, Перу ЖЧ-2018даги ўзининг илк учрашувини 16 июнь куни Дания терма жамоасига қарши ўтказади.

Бахтиёр ТОШТЕМИРОВ тайёрлади.

«SPORTS.uz» сайтида чоп этилган материаллардан нусха кўчириш, тарқатиш ва бошқа шаклларда фойдаланиш фақат таҳририят ёзма розилиги билан амалга оширилиши мумкин.

ТАҲРИРИЯТ ҲАҚИДА

Гувоҳнома: №1002. Муассис: «RENDER SYSTEMS» МЧЖ.

Таҳририят манзили: 100047, Тошкент шаҳри, Истиқбол кўчаси, 15-уй.
Электрон манзил: info@sports.uz.
Телефон: +998 71 233-78-98