Барчамизга маълумки саноқли кунлардан сўнг Россия яшил майдонларида футбол бўйича XXI жаҳон чемпионати старт олади. Сайёрамизнинг энг йирик мусобақаси олдидан SPORTS.uz сайти сиз азиз мухлисларни мундиалда иштирок этувчи терма жамоалар билан таништиришда давом этади. Бу сафар жаҳон чемпионатларида алоҳида давлат сифатида иккинчи бор иштирок этаётган Сербия терма жамоаси ҳақида фикр юритамиз.

Сербия терма жамоаси 2003 йилнинг февралига қадар собиқ Югославия, 2006 йилнинг 28 июлига қадар эса Сербия ва Черногория терма жамоаси сифатида халқаро мусобақаларда иштирок этиб келди. Шундан сўнггина Сербия алоҳида давлат сифатида ФИФА аъзолигига қабул қилинди. Сербия терма жамоаси ўзининг илк учрашувини 2006 йилнинг 16 август куни Чехияга қарши ўтказди ва 3:1 ҳисобида ғалаба қозонди.

Жаҳон чемпионатларидаги иштироки

Юқорида айтиб ўтганимиздек Сербия узоқ муддат жаҳон чемпионатларида собиқ Югославия терма жамоаси таркибида иштирок этиб келди. Фақатгина 2010 йилги Жанубий Африка мундиалига келиб Сербия алоҳида мамлакат сифатида ўз иштирокини бошлади. Аммо, Германия, Гана ва Австралия терма жамоалари билан бир гуруҳдан жой олган сербиялилар якунда гуруҳда 4-ўринда қолиб кетишди. Сербия терма жамоасининг жаҳон чемпионатларидаги дебюти шу тариқа гуруҳ босқичидаёқ якун топди.

Орадан 4 йил ўтиб мундиалга Бразилия мезбонлик қилди. Бироқ, сербияликлар бу сафар ҳам саралашдан ўта олишмади. Ниҳоят 2018 йилга келиб Сербия мустақил давлат сифатида жаҳон чемпионати финал босқичида иштирок этадиган бўлди. Улар мусобақанинг гуруҳ босқичида Бразилия, Швейцария ва Коста-Рика терма жамоаларига қарши кураш олиб боришади.

Қитъа биринчиликларидаги иштироки

Сербия алоҳида давлат сифатида УЕФАга аъзо бўлганидан буён 3та (2008, 2012 ва 2016) Европа чемпионати саралашида иштирок этди. Аммо, уларнинг барчасида муваффақиятсизликда учради.  

Сербия терма жамоаси ҳақида қизиқарли фактлар

Энг йирик ғалабаси: 2007 йил 17 октябрь, Озарбайжон – Сербия 1:7.

Энг йирик мағлубияти: 2012 йил 12 октябрь, Бельгия – Сербия 3:0.

Энг кўп ўйин ўтказган футболчи: Деян Станкович (103).

Энг яхши тўпурар: Степан Бобек (38).

ФИФА рейтингидаги ўрни: 35-ўрин (2018, май).

 

Бундан бир неча кун олдин Младен Крстаич бошчилигидаги Сербия терма жамоаси мураббийлар штаби ЖЧ-2018да иштирок этадиган футболчиларнинг кенгайтирилган таркибини эълон қилди.

Дарвозабонлар: Владимир Стойкович ("Партизан"), Марко Дмитрович ("Эйбар"), Предраг Райкович ("Маккаби Тель-Авив"), Александар Йованович ("Орхус");

Ҳимоячилар: Александар Коларов ("Рома"), Бранислав Иванович ("Зенит"), Душко Тошич ("Гуанчжоу Фули"), Антонио Рукавина ("Вильярреал"), Матия Настасич ("Шальке"), Милош Велькович ("Вердер"), Милан Родич ("Црвена Звезда"), Урош Спайич ("Краснодар"), Никола Миленкович ("Фиорентина");

Ярим ҳимоячилар: Неманья Матич ("Манчестер Юнайтед"), Сергей Милинкович-Савич ("Лацио"), Лука Миливоевич ("Кристал Пэлас"), Адем Ляйич ("Торино"), Мият Гачинович ("Айнтрахт"), Марко Груйич ("Кардифф"), Неманья Максимович ("Валенсия"), Неманья Радонич ("Црвена Звезда"), Душан Тадич ("Саутгемптон"), Филип Костич ("Гамбург"), Андрия Живкович ("Бенфика");

Ҳужумчилар: Александар Митрович ("Фулхэм"), Александар Прийович (ПАОК), Лука Йович ("Айнтрахт").

Маълумот учун, Сербия терма жамоаси ўзининг мундиалдаги илк учрашувини 17 июнь куни Коста-Рика терма жамоасига қарши ўтказади.

Бахтиёр ТОШТЕМИРОВ тайёрлади.

«SPORTS.uz» сайтида чоп этилган материаллардан нусха кўчириш, тарқатиш ва бошқа шаклларда фойдаланиш фақат таҳририят ёзма розилиги билан амалга оширилиши мумкин.

ТАҲРИРИЯТ ҲАҚИДА

Гувоҳнома: №1002. Муассис: «RENDER SYSTEMS» МЧЖ.

Таҳририят манзили: 100047, Тошкент шаҳри, Истиқбол кўчаси, 15-уй.
Электрон манзил: info@sports.uz.
Телефон: +998 71 233-78-98