Наманганда жаҳон андозаларига мос спорт базаси барпо қилинади

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг спорт ва футболни ривожлантириш дастурлари бўйича чиқарган қарорларини ижро этиш ва унга монанд замонавий моддий техника базаларини яратиш юзасидан МОҚ ва ЎФА ишчи гуруҳи Наманганда бўлиб турибди.

Наманган вилояти Чортоқ туманида сержантлар тайёрлаш мактаби негизида спорт ўйинлари бўйича олимпия тайёргарлиги маркази ташкил қилиниши муносабати билан, Умид Аҳмаджонов бошчилигидаги делегация аъзолари бугунги ишни айнан шу тумандан бошладилар. Режага кўра, тоза ҳавоси ва гўзал табиати билан машҳур ҳудудда, футбол, баскетбол, волейбол, гандбол каби жамоавий спорт ўйинларига мосланган замонавий база қуриб битказилади. Марказ спорт турлари бўйича терма жамоаларга ўқув-йиғин машғулотларини ўтказиш билан бир қаторда, водий ахолиси учун спорт мактаби вазифасини ҳам бажариши режалаштирилаяпти. Бу ҳақда ЎФА расмий сайти хабар бермоқда.

“Муҳтарам Президентимиз Шавкат Миромонович бундай гўзал жойни айнан спорт сохасини ривожлантириш учун ажратганликлари бизга бўлган ишончда деб биламан. Энди биз бу маъсулиятни тўлиқ хис қилган ҳолда, биргаликда мукаммал тизимни ишлаб чиқишимиз ҳамда уни ҳаётга тадбиқ қилишимиз керак. Замонавий базани яратиш билан биз маҳаллий клубларимизни пулларини тежаш билан бирга, Ўзбекистонга кучли-кучли клубларни кириб келишларига замин яратамиз. Бу билан туризм соҳасини ривожланишига ҳам ўз хиссамизни қўшамиз. Чортоқ базаси айниқса футболга мос бўлиши керак. Энг кучли мутахассисларни Наманганга олиб келамиз. Бунинг учун кўриб турганимиздек шароит зўр. Қурилиш ишларини шу йилни ўзидан бошлашимиз керак бўлади”, - дейди Умид Аҳмаджонов.

"Юртбошимизга мингдан-минг раҳмат, спортимизда бўлиб ўтаётган ўзгаришлар самараси ўлароқ, Чортоқдаги энг сўлим жойни спортга ажратдилар. Энди биз наманганликлар бу ишончни оқлашимиз ва ҳудудимизда спортга бўлган эътиборни бир неча баробарга оширишимиз керак. Ўз навбатида, Умид Муҳаммаджоновичга ҳам раҳмат айтамиз-ки, бизни ҳудудга шаҳсан ташриф буюриб вазият билан яқиндан танишиб чиқаяптилар", - дейди спорт фахрийси, Шокиржон Қорабоев.

Шундан кейин делегация “Баркамол Авлод” спорт комплексида бўлди. У ерда спортга яратилган шароитлар билан яқиндан танишилди. Бу ерда “Навбаҳор”нинг аёллар ва футзал клуби уй учрашувларини ўтказади. 

Умид Аҳмаджонов “Баркамол Авлод” ёш болалар футбол жамоасининг машғулотларини кузатар экан, делегация вакилларига водий бўйича махсус чемпионатни йўлга қўйиш ва бу борада БЎСМлар ўз йиллик харажатларини ишлаб чиқишлари кераклиги борасида таклиф берилди.

Бу борада МОҚ президенти шундай дейди:

– Биз ҳудудий мусобақалар билан чекланиб қолишимиз керак эмас. Спортнинг қайси тури бўлмасин, у хоҳ футбол, хоҳ баскетбол барчаси Республика миқёсида мусобақаларда қатнашсинлар. Буларга давлат шунча пул ажратади, агар улар ўртасидаги рақобатни оширмасак, ўсиш бўлмайди. Уй-сафар тизимида беллашсалар, мухлислар ҳам кўп киради, ахир шу эмасми оммавий спорт?!

Қисқа танаффусдан сўнг делегация вакиллари Наманган Марказий стадионига ташриф буюрдилар. Бугун ўз майдонида “Локомотив” жамоасини қабул қиладиган “Навбаҳор” учун бу уй майдонидаги биринчи учрашув бўлади. Клуб Вице-президенти Олим Исаев бошчилигида жуда катта иш қилинганлиги яққол кўринди. Айниқса, “Навбаҳор” мухлисларига яратилган шароит Умид Аҳмаджоновни ҳайратда қолдирди ва кўплаб клуб раҳбарлари “Навбаҳор” мухлисларига яратилаётган шароитлар билан яқиндан танишиб чиққан ҳолда ўз мухлисларини стадионга қайтариш чорасини кўриши кераклигини такидлаб ўтди.

“Бунёдкор” стадионидан кейин иккинчи бўлиб “Навбаҳор” аренасига мухлисларни кириши электронлаштирилди. Олим Исаевни айтишича, тез кунларда мухлислар ўз пластик карточкаларидан стадионга келмасдан электрон чипталарни харид қилиш имкониятига эга бўладилар. Ўйинга бўлган тайёргарликка ижобий баҳо берган МОҚ президенти “Навбаҳор” мухлислар клуби сардори Фарҳод Умировнинг ишига юқори баҳо берди ва клубнинг “Телеграм” ижтимоий тармоғига аъзо бўлди. Энди Умид Аҳмаджонов бевосита “Навбаҳор” мухлислар клуби фаолиятини виртуал кузатиб боради.

Умуман олганда “Навбаҳор” стадионидаги ишчи гуруҳларнинг чет эл клублари каби сифатли иш олиб бориши росмана мақтовга лойиқ эди.

Шундан сўнг кўплаб истеъдод эгаларини тарбиялаб берган футбол лицейига борилди. У ердаги яратилган шароитлар билан яқиндан танишилар экан, Президент қарори асосида бу ерда замонавий футбол академияси қад кўтариши ва майдонлар билан муаммо бўлмаслиги ҳақида айтиб ўтилди.

Қисқаси, яқин йиллар ичида “Навбаҳор” жамоасини яна кучлилар қаторида, ОЧЛ майдонларида кўрсак ажабланмаймиз. Бунинг учун тизимни яратиб олиш ва малакали мутахассислар кўмагида уни сифатли юритишимиз талаб этилади.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!