“Насаф” клуби атрофида юз бераётган бугунги воқеалар ҳеч кимни беэътибор қолдирмаяпти. Айниқса, “аждарлар”нинг молиявий томондан жиддий муаммога дуч келаётгани охирги пайтларда кўп гапириляпти. Юртимизда ўз ўрни ва мавқеига эга бўлган “Насаф” жамоасининг бундай аҳволга тушиб қолгани, албатта, ачинарли. Бу клуб одатда совриндорлар қаторидан пастга тушмасди. Аммо жорий мавсумда қаршиликларнинг натижалари ҳам кўнгилдагидек кечмаяпти. Суперлиганинг биринчи даврасидан кейин “Насаф” ҳатто кучли олтиталикка ҳам кира олмади. Тўғри, олдинда яна учта давра бор, аммо чемпионлик учун курашда даъвогарлар қаторида эътироф этиладиган клубнинг ўртамиёналар орасида бораётгани барибир кишини ажаблантирар экан-да.

Жамоа бош мураббийи Рўзиқул Бердиев юртимиздаги обрўли мутахассислардан бири. У уч марта Ўзбекистоннинг энг яхши мураббийи деб топилганини яхши биласиз. Рўзиқул Саъдуллаевич “Насаф”ни одатда қийин вазиятлардан қандай олиб чиқиб кетишни яхши билади. Боиси бунгача ҳам клубни бир қатор етакчилар тарк этганида маҳаллий ёшлар билан қандай жамоа туза олишини исботлаган. Бироқ бу сафарги вазият аввалгиларидан анча фарқ қилади. Агар гап пул ҳақида кетса, бу чиндан ҳам анча нозик масалага айланади. “Насаф”да сўнгги йилларда маблағ билан боғлиқ муаммолар борлиги ҳақида Бердиев бир неча бор таъкидлаганди, лекин бу сафарги вазият анча жиддийга ўхшаб кўринмоқда. Натижада қашқадарёлик мухлислар клубнинг кейинги тақдиридан ҳавотир билдириб, бизга бир неча бор мурожаат қилдилар. Биз учун эса ўқувчиларнинг фикр ва мулоҳазалари эътиборга молик.

Сергей Кучеренко ҳақида

Яқинда “Насаф” клуби раҳбариятида ўзгариш бўлганидан хабардорсиз. Бунгача клуб бош менежери сифатида ишлаб келган Шамиль Ярулин ишдан бўшатилиб, ўрнига “Насаф” клуби академияси директори лавозимида ишлаб келган Сергей Петрович Кучеренко тайинланди. Хўш, бу ўзгариш клубдаги молиявий муаммоларнинг бартараф этилишига қанчалик ёрдам беради? Бу борада жамоа устози Рўзиқул Бердиев SPORTS.uz сайтига шундай деди:

- Сергей Петрович Кучеренко билан ҳар доим учрашиб, гаплашиб турамиз. Шуни аниқ биламанки, Кучеренко футбол одами. У билан бир неча йиллардан бери бирга ишлаб келяпмиз. “Насаф” академиясини муваффақиятли тарзда бошқараётганди. Сергей Петровични яхши биламан, футболни яхши тушунади. Лекин бу инсонга ҳам ҳомийлар ёрдам бериши керак. Клуб раҳбариятида ўзгариш бўлгани билан ҳомийларимиз моддий томондан қўллаб-қувватлашмаса вазият яна оғирлашиб бораверади. Агар молиявий ёрдам бўлмаса, Кучеренкони тайинлашнинг нима фарқи бор? Тўғри, ушбу мутахассис талабчан ва яхши ташкилотчи ҳам ҳисобланади. Ўзи ҳам футболчи бўлгани учун ҳаммасини яхши билади. У ҳам вазиятни яхши томонга ўзгартиришга ҳаракат қиляпти. 

ЎФАнинг талаби қаерда қолди?

Маълумки, Ўзбекистон футбол ассоциацияси мавсум бошланмасдан олдин клубларнинг йиллик бюджетини 25 миллиард сўм бўлишини шарт қилиб белгилаб берганди. Аммо клубларимизда бунча миқдорда пул йўқлиги тобора аён бўлиб боряпти. Буни “Насаф” мисолида кўриб турибмиз. У ҳолда ЎФАнинг клубларнинг олдига қўйган қатъий талаби қаерда қолди?

- Ўзбекистон футбол ассоциацияси томонидан клубларга йиллик бюджет 25 миллиард этиб белгиландими, демак, ўша миқдордаги пуллар клубларга берилиши керак, - дея мавзуни давом эттирди Бердиев. - Лекин мен молиявий масалаларга жавоб бермайман. Сергей Петрович қандайдир ўзгаришлар қилишга ҳаракат қилиши аниқ. Унинг ўзи ҳам вазиятни яхши тушуниб турибди. У ташкилий масалаларни тўғрилашга интилади ва яхши ният қиламиз. Ҳозирча эса ўзгариш йўқ, фақат кутяпмиз. Мен бу гапларни матбуот анжуманларида ҳам бир неча бор айтгандим. Ўзимиз ҳам вазият ижобий томонга ўзгаришини кутяпмиз ва агар бу масалада янгилик бўлса, албатта, хабар берамиз. 

Клубда инқироз юз бердими?

“Насаф” айни пайтда турнир жадвалида ўзига ярашмаган ўринда бораётганини билсангиз керак. Бунга сабаб клуб бир қатор ўйинларда ютқазди, қимматли очколарни бой берди. Кўпчилик эса жамоанинг бундай муваффақиятсизлигини инқироз бошлангани ҳамда мавжуд молиявий муаммолар билан боғлашмоқда. Аммо бу борада гап кетганда Рўзиқул Саъдуллаевичнинг фикрлари бошқача бўлиб чиқди.

- Олдинги ўйинлардаги муваффақиятсизлигимиз бу – инқироз эмас. Бунинг молиявий муаммоларимизга таъсири йўқ. Шунчаки, биз 40 кун ичида деярли битта таркиб билан 10 та ўйин ўтказдик. Бундай пайтда ҳар қандай жамоада толиқиш бўлади. Шуни ҳисобга олиб “Нефтчи”га қарши ўйинимиздан кейин футболчиларимизга кўпроқ дам бергандим. Аммо яна бир қатор ўйинчиларимизни терма жамоаларга олиб кетишди. Ваҳоланки, йигитларимиз яхшироқ дам олишсин деб уларга тўрт кунга ҳордиқ бергандик (кулади). Одил Ҳамробеков билан Азиз Ғаниев миллий терма жамоа билан Эронга бориб келишди. Дониёр Нарзуллаев билан Ислом Кенжабоев эса олимпия терма жамоаси йиғинида қатнашишди. Бунинг устига ҳозирги пайтда Суперлигадаги ўйинларнинг шиддати ҳам анча ўсди. Албатта, “Сўғдиёна”га ҳам ўз майдонимизда аламли тарзда ютқазиб қўйдик. “Пахтакор” билан учрашувнинг охирги 20 дақиқасида чарчаб қолганимиз билинди. Шу боис “Пахтакор”га кучимиз етмай қолди. 

Легионерлар сотиладими?

Шунингдек, клубнинг ҳозирги молиявий қийинчилигидан келиб чиққан ҳолда легионер футболчиларга бошқа клублардан қизиқиш бўлаётгани ҳақида ҳам маълумотлар бор. Яъни, “Насаф” ушбу ўйинчиларини сотиш орқали маълум миқдорда пул ишлаб олишни кўзлаяпти, деган гаплар ҳам йўқ эмас. Бу масала бўйича Рўзиқул Бердиев ўз муносабатини билдирди.

- Жамоамизда молиявий томондан муаммолар бўлаётган пайтда бошқа клублар легионерларимизга таклиф билан чиқишяпти. Аслида бундай чақирувларнинг бўлиши табиий ҳол. Лекин ҳали легионерларни сотиш ва улардан фойда кўриш керак, деган охирги хулоса айтилгани йўқ. Агарда жамоанинг манфаати учун ўшалардан бирини сотиб моддий томондан фойда кўриш қарорига келсак, шундагина бунга рухсат беришимиз мумкин. Барибир охиригача вазиятнинг яхши томонга ўзгаришини кутиб турамиз. - Жамоамизда молиявий томондан муаммолар бўлаётган пайтда бошқа клублар легионерларимизга таклиф билан чиқишяпти. Аслида бундай чақирувларнинг бўлиши табиий ҳол. Лекин ҳали легионерларни сотиш ва улардан фойда кўриш керак, деган охирги хулоса айтилгани йўқ. Агарда жамоанинг манфаати учун ўшалардан бирини сотиб моддий томондан фойда кўриш қарорига келсак, шундагина бунга рухсат беришимиз мумкин. Барибир охиригача вазиятнинг яхши томонга ўзгаришини кутиб турамиз. 

Шуҳратбек Жўраев.

«SPORTS.uz» сайтида чоп этилган материаллардан нусха кўчириш, тарқатиш ва бошқа шаклларда фойдаланиш фақат таҳририят ёзма розилиги билан амалга оширилиши мумкин.

ТАҲРИРИЯТ ҲАҚИДА

Гувоҳнома: №1002. Муассис: «RENDER SYSTEMS» МЧЖ.

Таҳририят манзили: 100047, Тошкент шаҳри, Истиқбол кўчаси, 15-уй.
Электрон манзил: info@sports.uz.
Телефон: +998 71 233-78-98