ОФК Кубоги финал баҳси бизнинг нигоҳимизда. Таассуротлар билан ўртоқлашамиз

Ҳисор: Ўзбекистон ёшлар терма жамоасининг U-19 Осиё чемпионати саралаш баҳсларидан ўрин олган Мальдив Оролларига қарши ўйинидан сўнг Ҳисор марказий стадионига йўл олдик. Қитъа футболидаги муҳим воқеа яъни ОФК Кубоги финал бахсига гувоҳ бўлиш учун атиги 25-30 км масофани босиб ўтиш талаб этиларди, холос.

Йўллар жуда ҳам тирбанд, Душанбе аҳолиси худди Ҳисорга кўчиб кетаётгандек тасаввур уйғотиши табиий ҳол. Ярим соатга қолмай манзилимизга етиб келдик. Шу пайт яхшиям бизда “Бунёдкор стадиони бор” деб юбордим. Буёғини ўзингиз тушуниб олдингиз...

Стадион ҳудудида яқинлашар эканмиз ҳар бир дарвозада мингдан ортиқ томошабин билет ушлаб турибди. Айланиб-айланиб ОАВ вакиллари учун ажратилган кириш эшигига етиб бордим. Қизиқ жиҳати хавфсизлик ходимлари ҳеч қандай текширувсиз ичкарига киришга рухсат беришди. Ҳар доим стадионга киришдан аввал камида 3-4 маротаба сумкамни текширтириш одат бўлиб қолгани учун ҳам бу ҳолат ғалати туюлди.

Ўйин бошланишига тахминан бир соатдан озроқ вақт қолди. Медиа трибунада мен ва яна уч-тўрт нафар журналист ўтирибди, холос. Бошқалардан дарак ҳам йўқ. 20 дақиқа вақт ўтди ҳам яна ўша беш киши куни кеча қуриб битказилган, пластик ўриндиқлар билан жиҳозланган, ойнаси эса яхшилаб тозаланмаган медиа трибунада ўтирардик.

Камерамни олиб майдонга тушдим. Трибуналар томошабинлар билан тўлиб тошиб кетган бўлса ҳам мухлислар оқими тўхтамас эди. Ҳайқириқлар, қўшиқлар ва стадион бўйлаб жонли тўлқинлар... Бу ажойиб муҳит мезбонлар тўп ўтказиб юбормагунга қадар давом этди... Қизиқ жиҳати, қўшниларимиз ҳам ҳакамларни биз каъби "ўша" сўзлар билан "сийлаб" туришаркан. Мезбонлар дарвозаси томон белгиланган пеналтидан сўнг бир-икки дақиқа Олий лига ҳавосидан баҳра олдим.

Ўйин кескин курашлар билан бошланди. Илк дақиқаларданоқ ҳужумга зўр берган ироқликлар "Истиқлол" вакилларини анчагина шоштириб қўйишди. Бироқ, бўлим ўрталарида Мухсин Мухаммадиев шогирдлари секин аста ўйин тизгини ўз қўлларига ола бошлади.

Ҳужумлар сони кўпайганига билан душанбеликлар дарвоза томон умуман аниқ зарба йўллай олмади. Биринчи бўлим нурсиз дуранг билан якунига етди.

Иккинчи 45 дақиқалик меҳмонларнинг устунлигида ўтди десак муболаға бўлмаса керак. Аммо бир қанча вазиятларда омад улардан очиқчасига юз ўгирди. Хусусан, улар 11 метрлик зарбадан ҳам унумли фойдалана олмади. 52-дақиқада Фатхулло Фатхуллоев ўз жарима майдони ичида рақиб футболчисига нисбатан қўполлик қилди. Ўзбекистон Кубоги финал учрашувини бошқариши кутилаётган БААлик ҳакам Муҳаммад Абдулла Ҳассан ҳеч иккиланмасдан Истиқлол дарвозаси томон пеналти белгилади.

 

Бироқ Аҳмад Ҳаммади йўллаган зарбани мезбонлар посбони Никола Стосич қайтариб қолди.

Орадан 15 дақиқа ўтар ўтмас “Эйр Форс” футболчилари ҳисобда олдинга чиқиб олишди. Ўнг қанотдан жарима майдонига етказиб берилган тўпни Аҳмад Ҳаммади нозик ҳаракатлар билан Эмад Муҳсинга ташлаб берди. Барчадан аввал тўпга етиб келган ироқлик ҳужумчи Никола Стосич қўриқлаётган дарвозани “тешиб” қўйди. Ушбу ҳисоб ўйин якунига қадар ўзгармай қолди ва ироқликлар кетма-кет иккинчи бор ОФК Кубогида зафар қучишди.

Чемпионларни тақдирлаш маросимидан аввал “Истиқлол” клуби ҳужумчиси Манучеҳр Жалилов “Мусобақанинг энг яхши футболчиси” соврини билан тақдирланди.

КХДРнинг “25 Апрел” жамоаси аъзоси Ким Ю Сон кубок баҳслари давомида 9 та голга муаллифлик қилган ҳолда, “энг яхши тўпурар” соврини қўлга киритди.

Филиппин чемпионати вакили “Церес Негрос” жамоаси эса “Fair Play” мукофоти билан тақдирланди.

ОФК Кубоги 2017 йилги мавсум ғолиблари

 

Камина эса вазиятдан фойдаланиб ОФК Кубоги бош соврини билан “селфи”га тушиб олди.

The Sokhibov
Ҳисор, Душанбе, Тожикистон

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!