Португалиялик футболчи "Пахтакор"ни чемпион қилмоқчи

Яқиндагина Тошкентнинг “Пахтакор” клуби билан шартнома имзолаган португалиялик ҳужумчи Исмоил Гонсалвеш ушбу жамоага ўтишининг асосий сабаби ва янги мавсумдаги мақсадлари ҳақида клуб матбуот хизматига қисқача интервью берди.

- “Пахтакор”га ўтишингизнинг асосий сабаби нимада?

- “Пахтакор” – Ўзбекистоннинг бош жамоаси. Ўртамиёна жамоа бўлганда бу ерга келмасдим. Яна жамоа ўйнаётган ва Шота Арвеладзе орқали тарғиб қилаётган футбол катта ўрин тутди. Ушбу икки жиҳат қароримга таъсир кўрсатди.

- Келишингизга қадар ўзбек футболи ҳақида нималар билардингиз?

- Бу ерда турли жамоаларда фаолият олиб борган дўстларим туфайли ўзбек футболи билан танишиб улгургандим. 2-3 йил олдин менга бу ерда футболни яхши шароитларда ўйнаш мумкинлиги ва мамлакатнинг ўзи жуда ёқимли экани тўғрисида айтишганди.

- Янги жамоа ва мамлакатга кўникиш қандай кечмоқда?

- Биринчи навбатда футболчиларга миннатдорчилик айтаман – улар мени жуда илиқ қабул қилишди. Бу жамоага тезроқ мослашишимда ёрдам беради. Иккинчидан, шаҳарнинг бунчалик яхши бўлишини кутмагандим. Бундан ёқимли ажабландим. Кўникиш жараёним жуда яхши ва осон кечмоқда деб ўйлайман.

- Янги мавсумдан нималар кутяпсиз?

- Бош мураббий билан бу масалада суҳбатлашдим. Асосий мақсадимиз – чемпионлик. Ҳар бир учрашувда ғалаба учун курашамиз ва бошқа нарса ҳақида ўйламаймиз.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!