Суперлигада биринчи босқич баҳслари якунига етди. Энди тўлиқлигича кучли ва қуйи олтилик эгалари аниқ бўлди. 22-турга келиб биргина 6-ўрин эгасини ойдинлаштириб олиш қолганди холос. Бу ўрин учун эса “Металлург” билан “Қўқон-1912” жамоалари даъвогарлик қилишаётганди. Ушбу турга келиб “Металлург” Олмалиқда ОКМК билан куч синашган бўлса, қўқонликлар водий дербиси доирасида Фарғонада “Нефтчи”га қарши майдонга тушди. Ўтган турда ўз уйида “Пахтакор” билан дуранг қайд этган ҳолда 6-ўрин учун курашдаги имкониятини оз бўлса-да, сақлаб қолганди-ю, аммо тақдири ўз қўлида эмасди. Шунга қарамасдан “Нефтчи” – “Қўқон-1912” клублари ўртасидаги ўйинга бўлган қизиқиш чакки эмасди.

“Нефтчи” “кўнмади”

Учрашув кеч соат 20:30 га белгилангани боис мухлислар кечки салқинда стадион томон ошиқаётганларини кўрдик. Айтиш мумкинки, шу куни “Истиқлол” стадионида мухлислар сони бироз кўпайди. Биринчи сабаби шундаки, “Нефтчи” клуби ўтган турда “Локомотив” майдонидан бир очко билан қайтган бўлса, ундан аввал “Навбаҳор”ни мағлубиятга учратишнинг уддасидан чиққанди. Аста-секин жамоа ўйини ижобий томонга ўзгариб бораётгани боис маҳаллий мухлислар яна стадионга қайтишни бошлашганига гувоҳ бўлдик. Иккинчси сабаби эса бу сафар яна водий дербиси иштирокидаги ўйин эди. Боз устига бир вилоятнинг икки жамоаси ўзаро майдонда куч синашиб турса, бу ишқибозларни беэътибор қолдирмайди. Айниқса, Қўқондан ҳам мингдан зиёд ишқибозлар ўз жамоасни қўллаб-қувватлаш учун “Истиқлол” стадионига келишди. Энди гапнинг индаллосига ўтсак, шу куни “Қўқон-1912”га уч очко сув ва ҳаводек зарур эди. Шунинг учун кўпчилик ўйиндан олдин турли вариантлар ва тахминларга берилишгани ҳам бор гап. Яъни, “Нефтчи” клуби “Қўқон-1912”нинг ўз мақсадига эришиш йўлида ғалабани “тортиқ” қилиши мумкинлиги борасидаги гап-сўзлар ҳам йўқ эмасди. Шунинг учун ҳам ушбу ўйинни ўз кўзимиз билан кузатиш иштиёқи ортганди. Аммо “Нефтчи” жамоаси ҳеч нимага “кўнмади” ва майдонда кучли иштиёқ билан ўйнаганига амин бўлдик. Гарчи таркибида ёш ўйинчилар кўпроқ бўлишига қарамай, уларда ғалабага ташналик кучли эканлиги сезилиб турганди. Айнан фарғоналиклар ўз ўйини билан олдиндан билдирилган гап-сўзларни тарқатиб юборди. Ўйин тақдирини ҳал қилувчи ягона голга келадиган бўлсак, тан олиш керакки, бу вазиятда “Қўқон-1912” дарвозабони Ўткир Юсуповнинг хатоси қимматга тушди. Тўпни қўлидан чиқариб юборгани Достон Тошматовга совға бўлди. Аслида мезбонларда яна бошқа имкониятлар ҳам бўлганди. Лекин унда қўқонликлар посбони ўзини кўрсатганди. Лекин умумий маънода айтганда, “Нефтчи” жамоаси чиндан ҳам ғалабага ҳақли ўйин кўрсатди. Шу тариқа фарғоналиклар барча гап-сўзларга ўз ўйини билан чек қўйишди.

Яна Танташев

22-тур беллашувлари бошланишидан олдин ПФЛ ўйинларни бошқарадиган ҳакамлар гуруҳини эълон қилди. “Нефтчи” – “Қўқон-1912” ўртасидаги учрашувни бошқариш эса Илгиз Танташевнинг зиммасига юклатилди. Эътиборимизни тортган жиҳати шунда эдики, шу кунга қадар ушбу ҳакам икки марта четлатилганди. Дастлаб 11 апрель куни 6-тур доирасида “Насаф” – “Локомотив” ўртасидаги ўйинни бошқарганида бир қатор қўпол хатоларга йўл қўйгани сабабли маълум вақтга четлатилганди. Иккинчи четлатилиши эса “Қўқон-1912” иштирокидаги ўйинга тўғри келди. 9 июль куни 16-турда қўқонликлар “Локомотив”ни қабул қилишганди ва ўшанда 1:2 ҳисобида ютқазиб қўйишди. Эртасига эса Илгиз Танташев ҳакамлар қўмитаси томонидан четлатилгани маълум бўлди. Бу сафар ҳам у яна ўйин натижасига таъсир кўрсатувчи хатоларга йўл қўйгани маълум бўлди. Шундан кейин ҳам яна бир бор “Қўқон-1912” иштирокидаги учрашувга тайинлангани бироз ажабланарли бўлди. Қолаверса, бу сафарги беллашув анча жиддий ва муҳимлиги жиҳатидан рейтинги ҳам баланд эди. Бунга қадар “Локомотив” – “Қўқон-1912”, “Қўқон-1912” – “Қизилқум” ва “Қўқон-1912” – “Локомотив” иштирокидаги ўйинларни бошқарган ҳакамлар Суперлигадан четлатилгани ёдимизда эди. Шуларни инобатга олганда, “Нефтчи” – “Қўқон-1912” баҳсини бошқарадиган ҳакамларга ҳам оғир бўлишини тахмин қилиш қийин эмасди. Фақат бу қанчалик оғир ёки енгил бўлиши ҳакамларнинг ўзларига ҳавола эди. Лекин учрашув давомида эътиборга молик ҳолатлар ҳам кузатилди. Қўқонликларнинг сардори ва тўпурари бўлиб турган Мурод Холмуҳаммедов 54-дақиқада Танташев томонидан майдондан четлатилди. У биринчи бўлимда ҳам рақибига нисбатан қўполлик ишлатгани учун сариқ карточка билан жазоланганди. Иккинчи бўлимда ҳам футболчи рақибига қарши тажовузкор ўйнагани учун ҳакам ўйланиб ўтирмайдан қизил карточка кўрсатди. Айтиш мумкинки, бу вазиятда баҳслашишга ҳожат йўқ эди. Чиндан ҳам Холмуҳаммедов қилмишига ярага жазоланди. Умуман айтганда, ўйиндаги асосий воқеалар иккинчи бўлимда юз берди. Қўқонликлар майдонда бир футболчи кам бўлиб қолишганидан кейин ҳисоб очилди. Юқорида айтганимиздек, меҳмонлар посбонининг йўл қўйган хатоси қимматга тушди. Шундан кейин меҳмонлар қийин шароитда бўлса-да, ташаббусни ўз қўлига олиб вазиятни ўзгартиришга уринишди. Бундай маҳалда ҳакамнинг аксарият қарорлари қўқонликларнинг фойдасига ишлади. Учрашув охирларида эса “Нефтчи” жарима майдони ичида “Қўқон-1912” футболчиси йиқилиб тушиши натижасида Танташев 11 метрлик нуқтани кўрсатди. Ўша вазиятга ҳакам яқинроқ тургани учун ҳаммасини ўзи кўриб турганди. Аммо қўқонликларнинг тўпурари Мурод Холмуҳаммедов йўқлиги боис бу вазифани Марки Милич бажаришга қарор қилди. Бироқ “Нефтчи” дарвозабони Музаффар Абдуллаев қаҳрамонлик кўрсатди. Дарвоқе, яна бир қизиқ томони шундаки, аслида Абдуллаев “Қўқон-1912” шарафини ҳимоя қилиб келаётганди. “Нефтчи” жамоасига ўтган ойда айнан қўқонликлар сафидан қўшилганди. Буни қарангки, Музаффар собиқ жамоасига қарши учрашувда ўзини кўрсатиб, жамоасини муқаррар голдан сақлаб қолди ва “Нефтчи”нинг ғалабасига муносиб ҳиссасини қўшди. Шунинг учун бўлса керак, у “Нефтчи” сафидаги энг яхши футболчи деб топилди. Шу тариқа, “Қўқон-1912” водий дербисида аутсайдер ҳисобланган “Нефтчи”га имкониятни бой берди. Бу ёқда эса “Металлург” ҳам уларга ҳеч қандай имконият қолдирмагани маълум бўлди. Шундай қилиб, Нўъмон Ҳасанов жамоаси энди қуйи олтиликда кураш олиб боради.

Қолган ўйинлардани интрига қани?

Шу ўринда 22-турнинг қолган баҳсларига тўхталадиган бўлсак, олдиндан кутилганидек интрига йўқолиб қолгандек бўлди. Масалан, Навоийда “Қизилқум” ҳамда “Навбаҳор” иштирокидаги ўйинни олайлик, ушбу баҳсда мезбонлар 2:0 ҳисобида ғалаба қозонишди. Наманганликлар аввалдан ўз олдига қўйилган дастлабки минимал вазифани бажаргани учун Навоийда “Навбаҳор”нинг кўзи “ёнмади”. “Спорт” телеканали эса ушбу “кераксиз” ўйинни тўғридан-тўғри эфирга узатди. Ваҳоланки, бир кун олдин ОКМК – “Металлург” ва “Нефтчи” – “Қўқон-1912” сингари “қайноқ” ўйинларни бўлиб ўтган бўлса-да, негадир “Спорт” ушбу учрашувларни четлаб ўтди. Шунингдек, “Бунёдкор” ҳамда “Сўғдиёна” жамоалари ўртасидаги учрашувда 2:2 ҳисоби кузатилди. Мазкур беллашув ҳам ҳеч нимага таъсир қилмасди. Ўйиндан кейин жиззахликлар устози Сергей Лушан аччиқ хақиқатларни айтди. Унинг жамоаси иккита керак бўлмаган голларни урганини, нима учун ўйнаётганини тушунмаётганини ва бу беллашув ҳеч кимга керак эмаслиги каби дангал гапларни айта олгани таҳсинга сазовордир. Одатда, мураббийлар ўйинлардан кейин “шпаргалка” гапларни айтишга одатланиб қолишаётганди. Бироқ Лушан доим ичидаги гапларни ташига чиқаришни ёқтиради. Чиндан ҳам унинг айтган гапларида жон бор. Катта эҳтимол билан ушбу формат ўзини оқламагани билиниб қоляпти. Энди “олтин очколар” тизими ишга тушди ва шунга кўра юқори ва қуйи олтилик эгалари номи аниқ бўлди. Бундан буёғига олтита жамоа чемпионлик учун курашса, қолган клублар лигада жон сақлаб қолиш учун курашадилар. Лекин қуйи олтилик учун курашдаги интригани қандай бўлиши ҳақида олдиндан бир нима дейиш қийин. Чунки асосий эътибор барибир юқори олтиликка қаратилади. Айниқса, чемпионлик учун курашаётган жамоаларга. Масалан, про-лигада жамоалар “А” ва “В” гуруҳларига ажратилган бўлиб, асосий кураш барибир “А” гуруҳида кечмоқда ва шу нуқтани назардан қараганда, барчанинг эътибори ушбу гуруҳга қаратилган. Энди эса бундан кейин ҳам Суперлигада шунга ўхшаш манзара кузатилиши ҳақиқатга яқиндек. Иккинчи босқич қандай кўриниш олади? Бизни ҳавотирга солаётган ҳолат шуки, бундан буёғига олди-сотдилар авж олиб кетмасмикин? Яъни, қуйи лигада курашаётган клублар ёки пули қолмаган клублардан буни кутса бўладими?

Чемпионлик учун кураш

1. Навбаҳор 10 6 1 3 13-8 19
2. Локомотив 10 5 3 2 14-10 18
3. Пахтакор 10 4 3 2 13-4 17
4. Бунёдкор 10 4 2 4 16-14 14
5. Металлург 10 2 3 5 8-19 9
6. Бухоро 10 2 1 7 8-17 7

Лигада қолиш учун кураш

1. Қизилқум 10 6 1 3 12-8 19
2. ОКМК 10 4 4 2 13-10 16
3. Насаф 10 4 4 2 7-5 16
4. Қўқон-1912 10 3 4 3 9-6 13
5. Сўғдиёна 10 2 3 5 10-15 9
6. Нефтчи 10 1 4 5 4-11 7

Шуҳратбек ЖЎРАЕВ тайёрлади.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
Тулкин Нурматов
20/08/2018 20:47
Олтин очкони бекор килиш керак
&
Абдул
20/08/2018 20:09
Один очкоинга оттиск аспопи

«SPORTS.uz» сайтида чоп этилган материаллардан нусха кўчириш, тарқатиш ва бошқа шаклларда фойдаланиш фақат таҳририят ёзма розилиги билан амалга оширилиши мумкин.

ТАҲРИРИЯТ ҲАҚИДА

Гувоҳнома: №1002. Муассис: «RENDER SYSTEMS» МЧЖ.

Таҳририят манзили: 100047, Тошкент шаҳри, Истиқбол кўчаси, 15-уй.
Электрон манзил: info@sports.uz.
Телефон: +998 71 233-78-98