Дунёга танилган ФИФА рефериси Равшан Сайфиддинович Эрматов қаторасига учинчи маротаба жаҳон чемпионатлари финал босқичи учрашувларини бошқаради. 2010 йили Жанубий Африкада бешта, орадан тўрт йил ўтгач Бразилияда тўртта ўйинда ҳамюртимиз бош ҳакамлик қилган ҳамда бу борада жаҳон рекордчисига айланганидан хабарингиз бор, албатта. Мана энди Россия ареналарида ўз рекордини янада яхшилашини кутяпмиз. Ҳозирги вақтда Равшан Эрматов ёрдамчилари Абдуҳамидулло Расулов ва Жаҳонгир Саидов билан бирга Россияда ФИФА ҳакамлари лагерида мусобақага тайёргарликнинг сўнгги босқичида иштирок этмоқда. Бу жараён ҳақида ахборот бериш ҳакамларга тақиқланган. Лекин бошқа мавзуларда суҳбатлашиш имкониятидан фойдаланишга қарор қилдик.

- Хайрли кун! Кайфиятингиз яхшими?

- Раҳмат! Ватанимизда бизнинг ишимизга турнирга тайёргарлик босқичидаям катта қизиқиш билан қарашаётганидан хурсандмиз!

- Равшан, сизга бир нечта кичик саволлар билан мурожаат қилмоқчимиз. Жавобларингиз нафақат ёш ҳакамлар, футбол мухлислари, балки бу соҳада профессионал фаолият олиб бораётган ҳамкасбларингиздаям қизиқиш уйғотиши шубҳасиз. Фикрларингизни наинки диёримизда, балки олис ўлкалардаям ўқишади. Тайёрмисиз?

- Албатта, марҳамат. Саволларингизни бераверинг...

- Биринчи савол ҳакамларнинг жисмоний тайёргарлиги ҳақида. Сўнгги йилларда жисмоний тайёргарлик дастури нечоғлик мураккаблашди? 8 йил аввалги ЖАРда ўтган турнир ва ҳозирги мусобақага тайёргарлик жараёнида фарқ борми?

- Фарқ бор ва улар анча жиддий дейиш мумкин. Ҳакамларнинг жисмоний тайёргарлигига бўлган талаблар, назорат қилувчи меъёрлар янгиланди. Улар ўйин вақтидаги ҳолатларга жуда яқинлаштирилгани эътиборга лойиқ. Жумладан, машғулотлар вақтида йўналишни, масофани ва тезликни кескин ўзгартирган ҳолда югуришга урғу берилмоқда: маълум муддат хотиржам юриб бориб, сўнгра катта тезликда югуришга ўтамиз... – ҳозир ҳамма нарса ўта мураккаблашиб кетди. Бошқа томондан олинса, ўзимиз учун ҳам қизиқарлироқ бўлмоқда. Умумий ва махсус жисмоний тайёргарликнинг аҳамиятини таъкидлаган ҳолда айтишим мумкинки, бугунги кунда ҳакамлар чинакам атлет бўлишлари шарт.

- Иккинчи омил футбол ҳакамларининг руҳий тайёргарлигидаги ўзига хос жиҳатлар билан боғлиқ. Бунда қатъият, дадиллик, ҳалоллик кабилар ўрни ҳақида тўхталсангиз...

- Жуда муҳим аспект. Ишонч билан айта оламанки, иккиланувчи ва қўрқоқ одамлар бу соҳага келмагани маъқул. Шубҳасиз, ҳакам адолатли қарорлар қабул қилиши, ўйнаётган рақиблар, томошабинлар, мураббийлар қатори ўзига нисбатан ҳам ҳалол бўлиши шарт. Акс ҳолда ҳакамлик қилмагани дуруст. Ҳакамнинг ташқи факторлар, жумладан, ўзига нисбатан руҳий босим ўтказилиши ёки йўлдан уришга уринишларга қарши тура олиши ҳам жуда муҳим аҳамият касб этади. Бу борада ҳамманинг бир хил тайёргарлик кўришини тасаввур қилиш мушкул, чунки ҳар бир инсон ўзига хос характерга эга: кимдир табиатан довюрак, бошқа бировда бу ҳислат унчалик ривожланмаган бўлиши мумкин. Агар одам 10 баллик тизим бўйича уч баҳога лойиқ тайёргарликка эга бўлса, уни махсус дастурлар ёрдамида 4 ёки 5-даражага олиб чиқилар. Лекин бу камлик қилиши табиий.

Қатъий характерга эга бўлган, боз устига, дилида адолат ҳисси жўш уриб турувчи инсонлар учун эса руҳий тайёргарлик дастурлари, албатта, фойда беради. Ўзи улар шундоқ ҳам босимлар ёки аврашларга қарши тура оладиганлар тоифасидан бўлишади. Махсус дастурлар эса муайян вазиятларда одоб-аҳлоқ нуқтаи назаридан ўзини қандай тутиш маъқулроқ эканини кўрсатиб беради. Шу маънода руҳий тайёргарлик катта ва муҳим роль ўйнайди. Сиз ўзингиз учрашувларда ҳакамлик қилгансиз ва буни жуда яхши тушунасиз.

- Дарҳақиқат, бу сўзларингиз айниқса бошловчи ҳакамлар учун жуда қимматли. Учинчи саволимиз бевосита футболчилик фаолияти билан боғлиқ. Замонавий футболда ҳакамнинг футболчи сифатида тажрибага эга бўлишининг нечоғлик аҳамияти бор? Ёки ҳозирги кунда бунинг амалий таъсири йўқми?

- Биласизми, собиқ футболчилар фойдасига узил-кесил қарор чиқариш фикриданф йироқман. Чунки ўзлари профессионал футболчи бўлмай туриб, ҳакамликда улкан ютуқларга эришганлар талайгина. Ўйинни тушуниш, вазиятларни ҳис қилиш, футболчилар фикрлашининг ўзига хос хусусиятларини улар йиллар мобайнида англаб етишган. Агар мутахассис ўз устида тинмай ишласа, сифатга эътибор қаратса, ютуқларни қўлга киритиши мумкин.

Бошқа тарафдан олиб қаралганда, рефери либосини собиқ футболчи кийганида, унинг ушбу муҳитга мослашувида муаммолар деярли кузатилмайди. У аллақачон ўйин уммонида сузиб келаётгани ёрдам беради. У рақиблар ўртасида маҳорат бобидаги фарқни ҳис қилиш баробарида техник ва руҳий омилларни ажрата билади. Яъни тўпни тепиб юборишга урингандаги “тоза ўйин” билан қўполлик ва тажовузкорликни дарҳол кўра олади. Бундайларнинг ҳакамлар сафига кириши осонроқ кечади. Янги ролига кўникиш талаб этилади, холос. Агар виждонан ишласа, учрашувнинг барча иштирокчиларига ҳурматда бўлса, унинг ўзига нисбатан ҳам ҳамма ҳурмат билан муомала қилади.

Умуман олганда, ҳакам сифатида шаклланиш даврида собиқ профессионал футболчилар катта майдонга янги кириб келганларга нисбатан камроқ муаммоларга дуч келишади, десак тўғри бўлса керак. Энг муҳим талаб – ҳакамда “ўйинни ўқий билиш” хусусиятининг шаклланишидаю.

- Батафсил жавобларингиз учун ташаккур, Равшан! Бригадангиз ва ўзингизга жаҳон чемпионатида муваффақият ва янги рекордлар тилаймиз! Сизга нафақат бутун Ўзбекистон, балки дунёнинг кўплаб мамлакатларида ҳам мухлислик қиладиганлар сон-саноқсиз. Мундиалда ишлайдиган бошқа вакилларимиз: комиссар Олим Арифов ва ҳакамлар назоратчиси Фарҳод Абдуллаевга ҳам омад тилаймиз! Ишингиз бароридан келсин!

- Барча эзгу тилаклар учун катта раҳмат! Мухлисларни қувонтиришга ҳаракат қиламиз!

 

Дмитрий Попов суҳбатлашди

«SPORTS.uz» сайтида чоп этилган материаллардан нусха кўчириш, тарқатиш ва бошқа шаклларда фойдаланиш фақат таҳририят ёзма розилиги билан амалга оширилиши мумкин.

ТАҲРИРИЯТ ҲАҚИДА

Гувоҳнома: №1002. Муассис: «RENDER SYSTEMS» МЧЖ.

Таҳририят манзили: 100047, Тошкент шаҳри, Истиқбол кўчаси, 15-уй.
Электрон манзил: info@sports.uz.
Телефон: +998 71 233-78-98