Бугунги кунда “Насаф”да юз бераётган молиявий инқироз жамоани анчайин ҳолдан толдирди. Мавсум бошидан буён давом этиб келаётган ушбу муаммо ҳали ҳам ўз ечимини топгани йўқ. Бу кетишда чемпионатимизнинг совриндор ва кучли клубларидан бири бўлган “Насаф”нинг “синиб” қолиши ҳеч гап эмас. Аслида-ку, вазият шунга қараб кетмоқда. Мавсумнинг дастлабки қисмидан кейин Рўзиқул Бердиев жамоасинининг ҳаттоки кучли олтиликка ҳам кира олмаганига нима дейсиз? Ҳар доим молиявий муаммони бартараф этишга ҳаракат қилиняпти деб айтишяпти-ю, бироқ сира бунинг самараси кўзга ташланмаяпти. Футболчилар анчадан бери ойлик маош ва мукофот пулларини олишгани йўқ. Кўринишидан ушбу ёзги йиғинда “Насаф” ўз етакчиларини йўқотадиганга ўхшаяпти.

Хабарингиз бўлса, жамоа устози Рўзиқул Бердиев бир неча матбуот анжуманларида жамоа етакчиларини имкон қадар сақлаб қолишга ҳаракат қилишлари ҳақида таъкидлаб ўтганди. Айни пайтдаги устувор вазифа ҳам шу бўлиб қолди. Аммо бу улар учун жуда қийин бўладиганга ўхшаб турибди. Ҳозирданоқ айтишимиз мумкинки, “Насаф” ўз легионерларидан айрилди. Хорижлик футболчилар сира текинга футбол ўйнашмайди. Шу боис Драган Черан, Славко Лукич ва Игорь Голбан “Насаф” билан хайрлашдилар. Бу хабарни Рўзиқул Бердиев ҳам тасдиқлади. Шуни айтиш керакки, қаршиликларнинг ушбу триоси анча фойдали бўлиб, жамоанинг асосий ўйинчилари эди. Яъни, легионерлар “Насаф”нинг катта устунлари бўлиб келишаётганди. Бироқ жамоадаги пулсизлик охир-оқибат ушбу легионерларнинг бошқа клубларга кетишларига йўл очиб бермоқда. Бу вазиятда Бердиев уларни ушлаб қолишнинг ҳеч қандай чорасини топа олмаяпти. Табиийки, уларнинг кетиши қаршиликларнинг ўйинига ўз таъсирини кўрсатмасдан қолмайди. Маълумотларга қараганда, Черан мавсумнинг кейинги қисмини “Пахтакор” жамоасида бошлашга яқин турибди. Бу ҳақида “Пахтакор” клубининг спорт директори Жаъфар Ирисметов ҳам тасдиқлаб, Черанга қизиқиш борлигини айтганди. Ҳозирда музокаралар давом этяпти. Лукич масаласига келсак, албатта уни ҳам ўз клубида кўришни хоҳлаётган жамоаларимиз бор. Тез орада унинг тақдирига ҳам ойдинлик киритилади. Голбанга эса Россия томонлардан таклифлар келиб тушмоқда. Унгача эса Санжар Рашидов билан Жасур Ҳасанов ҳам “Насаф”дан кетишга улгурганди.

Бу ҳали ҳаммаси эмасга ўхшайди. “Насаф”да шунингдек, Азиз Ғаниев, Одил Ҳамробеков, Мақсуд Каримов, Санжар Қувватов каби харидоргир ўйинчилари ҳам бор. Сир эмаски, ушбу футболчиларга ҳам таклифлар етарлича. Агарда улар ҳам кетишса “Насаф” қандай аҳволга тушишини тасаввур қиляпсизми? Энг қизиғи, бош мураббий Рўзиқул Бердиевга ҳам бошқа клублардан таклифлар борлиги ҳақиқат. Чунки клубдаги молиявий муаммолар туфайли бошқа жамоадагилар “насаф”чиларни ўз томонларига оғдириб олиш ҳаракатига тушиб қолишган. Куни кеча Рўзиқул Саъдуллаевич билан клубдаги мавжуд вазият хусусида ўзаро гаплашганимизда ҳали ҳам ҳеч нима ўзгармаётгани ҳақида айтди. Лекин унинг ўзига ҳам бошқа чорловлар бўлаётганини тасдиқлади. Аммо ҳозирги қийин шароитда “Насаф”ни ярим йўлда ташлаб кетиш ниятида эмаслигини айтиб, нима бўлганда ҳам ишини охиригача давом эттириб қўйишини маълум қилди. Шу билан бирга Азиз Ғаниев, Одил Ҳамробеков каби етакчиларини ҳам имкон қадар ўзида олиб қолмоқчилигини ҳам яширмади. Бунгача легионерларнинг кетишининг ўзиёқ “Насаф”га бир мунча таъсир кўрсатмасдан қолмайди. Агар яна бошқа етакчилари ҳам кетадига бўлса, илгари мураббийнинг ўзи айтганидек, бу ҳолатларга тайёр бўла олмаса керак. Шу боис қолган футболчиларни сақлаб қолишга ҳаракат қилишяпти. Бундай вазиятда таркибга бошқа бирор-бир янги ўйинчиларни жалб қилиш ҳақида гап бўлиши ҳам мумкин эмас. Ахир пули йўқ жамоа қайси пулга ўйинчи олиши мумкин? Бундай вазиятда ўз таркибини сақлаб қолиши ҳам катта гап. Ўзи шундоқ ҳам легионерлари кетиб бўлишди. Негадир “Насаф”даги молиявий муаммоларнинг ўз ечимини топмаётгани кишини ўйлантирмасдан қолмайди.

Айни пайтда “аждарлар” ўз қароргоҳида ёзги йиғинни бошлашди. Таркиб эса тўлиқ ҳолатда эмас. Чунки “Насаф”нинг бир қатор футболчилари ҳозирда Равшан Ҳайдаров бошчилигида Туркиядаги йиғинда иштирок этишмоқда. Кўринишидан Рўзиқул Бердиев клуб академиясидан яна бир қатор ўйинчиларни асосий таркибга жалб этадиганга ўхшайди. Чунки ҳар қандай ҳолатда ҳам таркибни тўлдириш керак-ку. Ачинарлиси, кўз ўнгимизда чемпионатимизнинг кучли клубларидан бири заифлашиб бормоқда. Албатта, бу жуда ёқимсиз ҳолат. Совринли ўринлар учун курашишда доим фаол бўлган “Насаф” жамоасининг осмонидаги қора булутлар ҳали бери тарқамайдигандек. Шу боис қаршиликлар қандай қилиб бўлмасин ушбу чемпионатни бир амаллаб бўлса ҳам тугатиб қўйишмоқчи. Бу ерда гап бирор ўрин ёки соврин учун курашиш ҳақида кетмаяпти. Илгари “Насаф”нинг бундай аҳволга тушиб қолганини кўрганмисиз? Албатта йўқ. Афсуски, қаршиликларнинг бундай қийинчиликни енгиб ўтиши жуда қийин кечяпти. Клубда раҳбарият ҳам ўзгарганидан хабарингиз бор. Бироқ ҳозирча самара кўзга ташланаётгани йўқ.

Шуҳратбек Жўраев.

«SPORTS.uz» сайтида чоп этилган материаллардан нусха кўчириш, тарқатиш ва бошқа шаклларда фойдаланиш фақат таҳририят ёзма розилиги билан амалга оширилиши мумкин.

ТАҲРИРИЯТ ҲАҚИДА

Гувоҳнома: №1002. Муассис: «RENDER SYSTEMS» МЧЖ.

Таҳририят манзили: 100047, Тошкент шаҳри, Истиқбол кўчаси, 15-уй.
Электрон манзил: info@sports.uz.
Телефон: +998 71 233-78-98