Темурхўжа Абдуҳолиқовнинг “Ал Сайлия”даги “саҳифаси” ёпилди, у яна "Локомотив"га қайтиши мумкин

Ўзбекистонлик ҳужумчи Темурхўжа Абдуҳолиқов иккинчи мавсумдирки, Қатарнинг “Ал Сайлия” жамоаси шарафини ҳимоя қилди. Ўз навбатида Ўзбекистон миллий терма жамоасининг ҳам аъзоси ҳисобланган футболчининг Қатардаги фаолияти қандай кечгани ҳам ўқувчилар учун қизиқ туюлиши табиий эди. Яқинда у ерда ички чемпионат баҳслари якунига етди ва унга кўра “Ал Сайлия” турнир жадвалида 8-ўринни банд этди. Ҳамюртимиз эса 22 та учрашувда 10 та гол урди. Абдуҳолиқов дастлабки ниҳоясига етган мавсум ҳақида гапирди.

- Биринчи даврадан кўнглим тўлганди, бироқ икинчи даврада камчиликларимиз анча кўзга ташланиб қолди. Яъни, икки хил таассурот қолдирди. Биринчи даврада 9 та ўйинда 7 та гол ургандим. Иккинчи даврага келганда голларим ҳам камайиб кетди. Бутун жамоамиз учун қониқарсиз кечди. Умумий олиб қараганда, “Ал Сайлия” учун мавсум кўнгилдагидек ўтмади. Агар биринчи даврадаги каби муваффақиятли ўйинимизни давом эттирганимизда чемпионатни яхши ўтди деб ҳисобласак бўларди. 

У қадар муваффақиятли кечмаган мавсумдан кейин футболчимиз қандай йўл тутади? У “Ал Сайлия”да қолиб фаолиятини давом эттирадими ёки режалари ўзгариб боряптими? Мазкур масала юзасидан ўзига мурожаат қилганимизда аниқ жавобни айтди.

- “Ал Сайлия” клубидан кетишим аниқ. Ўйлаб қўйган айрим режаларимиз бор. Уларнинг қай тариқа амалга ошишига қараб, фаолиятимни бирор-бир жамоада давом эттираман. Шартномам тез орада ниҳоясига етади ва мен эркин агентга айланаман. Ҳозир айтганимдек, шартномам тугаяпти. Қолаверса, фаолиятимда ҳам қандайдир ўзгаришлар бўлишини хоҳлаяпман. Ҳали бунгача мавсум мен учун оғир ўтмаганди. Бундай вазиятда эса ниманидир ўзгартириш керак бўлади. Энди фаолиятимни қаерда давом эттиришимни ўзим ҳам билмайман. Ҳозирча менда танлаш имконияти бор, ҳаммасини вақт кўрсатади. Балки Қатарда қоларман ёки бошқа мамлакатга кетарман. Ёки Ўзбекистонга ҳам қайтишим мумкин. Ҳар доим насиб қилгани бўлади дейишади-ку.

Ёдингизда бўлса, Темурхўжа “Ал Сайлия” клубига “Локомотив”дан кўчиб ўтганди. Унинг юқорида Ўзбекистонга ҳам қайтиши мумкинлигига шаъма қилиб ўтганида дарҳол яна ўша “Локо”кўз олдимизга келди. Вазиятдан фойдаланиб ундан шу масала ҳақида сўраганимизда ҳам буни инкор қилмади.

- Агар “Локомотив”га қайтсам бунинг ажабланарли жойи йўқ. Шу иш амалга ошса, шунчаки ўз уйимга қайтдим деб ҳисоблайман. Ҳа, олдимда “Локомотив” варианти ҳам йўқ эмас. Шунинг учун яна “Локо” аъзосига айлансам, бу ҳеч қандай сюрприз бўлмайди, - деди ҳужумчи.

Шу ўринда Темурхўжадан клубдан кетиш ҳақидаги қарорини “Ал Сайлия”дагилар қандай қабул қилишгани хусусида тўхталиб ўтишини ҳам сўрадик.

- “Ал Сайлия” клуби менинг кетаётганимни “нормаль” қабул қилди. Бу – футбол! Ахир дунёда клублар ҳам, ўйинчилар ҳам кўп. Мен ўз клубидан биринчи марта кетаётгани футболчи эмасман. Оддий қилиб айтганда, жамоамдагилар билан дўстона равишда  хайрлашдик.

Қатарда айниқса, легионерларга яхши пул тўлашади. Абдуҳолиқов икки йилга яқин вақт давомида у ердаги фаолиятини қандай ўтказди? Мазкур мамлакатни тарк этаётган футболчи сифатида у ердан нималарни ўргангани тўғрисида фикр билдирди.

- Ростини айтсам, Қатарга келиб ўйнашимнинг биринчи сабаби бу – молиявий жиҳат ҳам билан боғлиқ, бунинг сир сақлайдиган жойи йўқ. Иккинчидан легионер сифатида қаерда ўйнашингиздан қатъий назар сиздан максимал натижаларни кутишади. Шунинг учун клубнинг омадсизлиги ҳам легионерлар билан боғланади. Бошқа давлатда, ўзгача менталитет бўлади, аммо легионернинг зиммасидаги масъулияти катта бўлади ва жавобгарлиги ҳам шунга яраша кечади. Лекин хорижда ўйнасангиз барибир анчагина тажриба тўпланади. Мусофир бўлмагунча мусулмон бўлмайсан дейишади-ку. Мен ҳам Қатарда ўйнаб нималарнидир ўргандим. Аммо ҳозирча бунинг фойдали томонлари менга кўринмаётган бўлиши мумкин. Лекин келажакда бунинг асқотишига ишонаман. Биласизми, у ерда энг катта куч легионерларнинг зиммасида бўлади. Яна бир гап: Қатар чемпионатида ҳар бир ўйин легионерлар учун худди финалдек ўтади. Қатардаги ҳар бир клубда хорижлик футболчилар бор. Шу жиҳат мени ўзига тортганди. Биттасини алоҳида ажратиб кўрсатишим қийин. Ўтган йили ва айниқса, ушбу мавсумнинг биринчи даврасида ёқимли ўйинларимиз кўп бўлди. Шунга мос равишда қониқарсиз ўйинларимиз ҳам бўлди. Бу эса асосан иккинчи даврада юз берди. Шу боис бирортасини ажратиб кўрсата олмайман. 

Шунингдек, ўзаро мулоқот жараёнида Ўзбекистон чемпионатидаги ўзгаришлар ҳақида ҳап гап борди. Темурхўжа эса бу борада ўз фикрини шундай изоҳлади:

- Ўзбекистон чемпионатидаги ўйинларни жонли кузатмаётган бўлсам-да, қайд этилаётган натижаларни ва бошқа хабарларни ўқиб турибман. Тўғриси, ўйинларни жонли равишда кўришга имконият йўқ. Лекин Ўзбекистон чемпионатида ижобий ўзгаришлар бўлаётгани кўзга ташланяпти. Агар шу ўсишда давом этса, ўзбек футболи анча ривожланган бўларди. 

Дарвоқе, касбимиз тақозоси туфайли Темурхўжадан Қатардаги матбуот ва унинг таъсир кучи ҳақида ҳам сўрадик. Масалан, бу борада гап кетганда Эрон ёки Японияда матбуотнинг кучи сезиларли равишда билинади. Шу боис Қатарда бу ҳол қандай экани тўғрисида ҳам билишга қизикдик.

- Қатарда матбуотнинг таъсир доираси у қадар кучли эмас. Лекин яратилган нафақат клубларга, балки журналистлар учун ҳам яратилган шароитлар юқори даражада. Тўғри, қайсидир маънода Қатарда журналистларнинг таъсир доираси бор-у, аммо Эрон ёки Япониячалик эмас. - Қатарда матбуотнинг таъсир доираси у қадар кучли эмас. Лекин яратилган нафақат клубларга, балки журналистлар учун ҳам яратилган шароитлар юқори даражада. Тўғри, қайсидир маънода Қатарда журналистларнинг таъсир доираси бор-у, аммо Эрон ёки Япониячалик эмас. 

Шуҳратбек ЖЎРАЕВ тайёрлади.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!