Умид Аҳмаджонов ЖЧ-2018га йўл олган Равшан Эрматов гуруҳига мундиал олдидан оқ йўл тилади

Хабарингиз бор, Осиёнинг 5 карра энг яхши ҳаками, Жаҳон чемпионати учрашувларини бошқариш бўйича рекорд соҳиби Равшан Эрматов саноқли кунлардан сўнг Россияда бошланадиган Жаҳон чемпионатида ўз гуруҳи билан ишлаш бўйича ҳам ФИФА томонидан таклиф олган.

Равшан Эрматов бугун Абдуҳамидулло Расулов ва Жаҳонгир Саидовлар билан биргаликда Россияга йўл олади ФИФА ҳакамлари штабига жойлашади.

Ана шу сафар олдидан Ўзбекистон футбол ассоциациясида Миллиий Олимпия қўмитаси президенти ва ЎФА 1-вице-президенти Умид Аҳмаджонов Равшан Эрматов ва унинг гуруҳини қабул қилди. Бу ҳақда ЎФА расмий сайти хабар бермоқда. 

Шуни ҳам алоҳида таъкидлаш керакки, Россияда бўлиб ўтадиган Жаҳон чемпионатида Равшан Эрматов ва унинг гуруҳидан ташқари комиссар сифатида Олим Арифов ҳамда ҳакамлар назоратчиси сифатида Фарҳод Абдуллаевлар иштирок этишади. Ўзбек футболи тарихида биринчи марта Жаҳон чемпионатида бош ҳакам, лайнсменлар, ҳакамлар назоратчиси ва учрашув комиссари тўлиқ таркибда иштирок этишади.

Умид Аҳмаджонов учрашувда мана шу ҳолатга алоҳида тўхталар экан, бу ҳам бўлса ўзбек футболидаги ислоҳотларнинг ижобий самараси эканини алоҳида таъкидлаб ўтди.

- Равшан Эрматов ҳозирда Жаҳон чемпионатларида 9та ўйинни бошқарган ҳолда, рекорд соҳиби бўлиб турибди. Худо хоҳласа, Россиядаги мундиалда ҳам учрашувларни бошқариб, бу рекордни дунёдаги бошқа ҳеч қайси ҳакам такрорлай олмайдиган даражага келтириб қўйишингизга тилакдошмиз. Ўзбек халқи, футбол мухлислари Сиз билан фахрланишади. Жаҳон чемпионатида Бразилия, Аргентина, Испания, Франция каби дунёнинг кучли терма жамоалари иштирокидаги ўйинни бошлаб берувчи ҳуштакни чалганингизда, Сизни экран орқали томоша қилиб ўтирган мухлисларда, бизда тил билан таърифлаб бўлмайдиган фахр туйғулари уйғонади.

Насиб қилса, келаси Жаҳон чемпионатларига катта делегация бўлиб, Миллий терма жамоаларимиз билан бирга бориш насиб қилсин. Шу билан бирга Сиздан яна бир нарсани сўраб қоламиз. Жаҳон чемпионатларида иштирок этадиган ўзбек ҳакамларининг сонини оширишда ўз куч ва маҳоратингизни, билим ва кўникмаларингизни аямай, юқори савияли шогирдларни тарбиялаб беринг.

Ўзбекистон футбол ассоциацияси ёш ҳакамларни малакасини ошириш барча имкониятларни яратиб бермоқда. Ҳакамлар ва назоратчилар қўмитаси бошлиғи Маъмур Саидқосимов бошчилигида ҳакамлар учун хорижда ва юртимизда турли семинарлар ташкил қилиняпти. Биз бу ишларни яна давом эттирамиз.

Шунингдек, бу сафарги мундиалда ўзбек футболи тарихида биринчи марта комиссар сифатида Олим Арифов иштирок этаётгани барчамизни хурсанд қилди. Осиёдаги комиссарлар ичида фақатгина ҳамюртимиз Жаҳон чемпионатида қатнашаётгани футбол мухлисларини ҳам қувонтираётганини футбол сайтлари ва ижтимоий тармоқлардаги изоҳлар орқали кузатиб боряпман. Мен доимо сайтлардаги изоҳларни кузатиб бораман. Футболда ислоҳотлар ўтказиш ва камчиликларни бартараф этишда изоҳларда қолдирилаётган фикрларнинг аҳамияти катта. Ҳеч ким ўзини мутлақ ақлли, умуман хато қилмайман, деб айта олмайди. Шу сабабли биз халқнинг, мухлисларнинг фикрига қулоқ солган ҳолда футболда ислоҳотлар, самарали чора-тадбирларни амалга оширишга ҳаракат қилмоқдамиз.

Жаҳон чемпионатида Сизларга муваффақият тилайман. Ўзбекистон шаънини юксакларга кўтаришда давом этинглар, - деди Умид Аҳмаджонов.

Ўз ўрнида Равшан Эрматов ва унинг гуруҳи кўрсатилган эътибор ва ишонч учун катта миннатдорчилик билдириб, ўзбек ҳакамларининг савиясини бутун дунёга яна бир бор кўрсатиш учун Жаҳон чемпионатида бор маҳоратларини ишга солишга ваъда беришди.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!