Ушбу ҳафтанинг муҳим воқеалардан бири шубҳасиз аргентиналик таниқли мутахассис Эктор Купернинг миллий терма жамоамизга бош мураббий этиб тайинлангани бўлди. 6 август куни Тошкентга етиб келган мураббий дарҳол жаҳон футболи эътиборини ўзига қаратди. Чунки Купер чиндан ҳам таниқли, ўз ишининг устаси бўлган мураббийлардан бири.

Ана энди Ўзбекистон миллий терма жамоаси ўзига муносиб мураббийни топди. Футболимиз тарихида биринчи марта машҳур мутахассис терма жамоамизда иш бошлади. Қолаверса, Ўзбекистон футбол ассоциациясининг биринчи вице-президенти Умид Аҳмаджонов ҳам берган сўзининг устидан чиқди. Бир неча бор миллий терма жамоамизга жаҳон чемпионатида ишлаган, таниқли мураббий олиб келиниши ҳақида айтиб келаётганди. Чиндан ҳам Эктор Купер Умид Муҳаммаджонович таъкидлаб ўтган барча таърифларига тўла мос тушади. Мухлислар эса Купернинг бош мураббий этиб тайинланганини қувонч билан қарши олдилар. Аргентиналик мураббий матбуот анжуманида бу таклиф қандай пайдо бўлгани, нима учун терма жамоамизни бошқаришга рози бўлгани, умуман шу ва яна бошқа кўплаб саволларга жавоб бериб ўтди. Шу ўринда бизни Умид Аҳмаджоновнинг ушбу мутахассис ҳақида билдирадиган фикрлари ҳам қизиқтираётганди. Доим журналистлар билан очиқ мулоқотга киришишни ёқтирадиган раҳбар бир қатор саволларимизга жавоб берди.

“Эктор Купер учун Ўзбекистон терма жамоаси охирги имконият”

- Умид Муҳаммаджонович, Эктор Купер варианти аслида қандай пайдо бўлганди?

- Биринчи навбатда Муҳтарам Юртбошимиз Шавкат Миромонович Мирзиёевга ўз миннатдорчилигимизни билдирмоқчиман. Чунки Президентимиз Ўзбекистонда футболни янада тараққий эттириш, уни ривожлантириш учун жиддий аҳамият қаратмоқда. Ўзлари миллий терма жамоамиз учун хорижлик, кўпни кўрган, таниқли мутахассис олиб келиниши ҳақида айтгандилар. Ушбу сўзларидан келиб чиққан ҳолда биз Ўзбекистон миллий терма жамоасига ҳар томонлама мос бўлган мураббийни танлашимиз керак эди. Бу жуда жиддий ва нозик масала ҳисобланарди. Фақат мухлисларимиз бир нарсани тўғри тушунишларини истардимки, биз жаҳон чемпионатидан олдин терма жамоамизга мураббий олиб кела олмасдик. Ваҳоланки, биз кўплаб таниқли мутахассислар билан гаплашдик. Масалан, Хорватия термасини финалга олиб чиққан Златко Далич билан ҳам музокаралар ўтказдик. Карлос Кейруш билан эса ўзим икки марта Дубайда учрашдим. Лекин биласизми, Кейруш ўз нархини жуда ошириб юборди. Кейинчалик Эктор Купер билан учрашганимдан сўнг у менга ёқиб қолди. Яъни, унда инсонийлик хислатлари яхши экан. Биз унга таклиф билан чиққанимиздан сўнг дарҳол терма жамоамиз ва футболимиз ҳақида маълумотларни топишга киришди. Очиғи, Купернинг тактикаси менга ёқди. Кейрушга ўхшаганлар эса нархини хаддан ташқари ошириб юборди. Ахир эртага унга тўланадиган пулларни жавобгарлиги ҳам бор-ку, негаки, бу халқимизнинг пуллари. Купер эса ўз ҳаётини фақат футболга бағишлаган. Унинг жаҳон футболида ҳам ўз ўрни бор ва обрўси катта. Эътиборли томони шундаки, Эктор Купер учун Ўзбекистон терма жамоаси охирги имконият. Агарда Ўзбекистонни жаҳон чемпионатига олиб чиқа олмаса, эртага ҳеч кимга керак бўлмай қолади. У эса бундай аҳволга тушиб қолишни сира хоҳламайди. Шу боис бу мураббийнинг важохати, иштиёқи менга ёқди. Ҳаммасини гаплашиб, яхшилаб тушунтирганимиздан кейин терма жамоамизда ишлашга розилик билдирди ва шундан сўнг шартнома туздик. Биз Купер билан ўтириб, бафуржа суҳбатлашганмиз. Бизнинг қанчалик жаҳон чемпионатига чиқишимизни у жуда яхши билиб турибди. Эртага ўзим ҳам халқимизнинг олдида уятли бўлиб қолишни хоҳламайман. Айрим мухлисларимиз эса тушуниб тушунмай, Осиё Кубогига ҳеч қанча вақт қолмади, бош мураббийни эртароқ олиб келиш керак эди, деган гапларни айтишяпти. Аммо ўзимни ҳам иш бошлаганимга энди 8-10 ой бўлди. Мен эса бирданига ўзимдан-ўзим дуч келган мураббийни олиб келавермайман-ку. Бунинг учун ҳаммасини жиддий ўйлаб чиқиб, вазиятни ўрганиб кейин бир қарорга келамиз. Мураббий олиб келиш бу майнавозчилик эмас. Ҳеч ким Сколарининг кунига тушишни истамайди. Масалан, ҳозиргача Сколари судлашиб юрибди. Биз футболимиздаги иш тизимини профессионал даражага олиб чиқяпмиз. Шу боисдан терма жамоага бош мураббий тайинлашда жуда эхтиёткор ҳамда аниқ режа асосида ишлашимиз керак эди. Купернинг шартномаси ҳам профессионал даражада қилинди. Ахир ҳар тўрт йилда жаҳон чемпионатига чиқмасдан мураббий қидириб юравермаймиз-ку. Энди халқимизни хурсанд қилишимиз керак. Юқорида айтганимдек, Муҳтарам Юртбошимиз терма жамоамизга энг яхши мураббийлардан бирини олиб келамиз, дея яхши тилакларни билдирган. Мана, Президентимизнинг ушбу сўзлари ўлароқ биз терма жамоамизга ана шундай жаҳон футболида ўз обрўсига эга бўлган мураббийни олиб келдик.

- Дарвоқе, Купер матбуот анжуманида терма жамоамизга келишида сизнинг ва Муҳтарам Юртбошимизнинг ҳиссаси катта бўлганини алоҳида таъкидлади. Шу ҳақида ҳам тўхталиб ўтсангиз.

- Купер бу ерга ўзидан-ўзи келиб қолгани йўқ. Бунгача у Ўзбекистон мамлакати ҳақида ўрганган, Президентимиз ҳақида эшитган ва кўрган. Масалан, интернетда “Ютуб” тармоғида ҳурматли Юртбошимизнинг футболимиз ҳақида жонкуйдириб гапираётганларини кўришимиз мумкин. Купер албатта Президентимизнинг сўзларини эшитиб, билиб таҳлил қилган. Бундай кучли мутахассислар қаерга бораётганини жуда яхши билишади. Купер мамлакатимиз раҳбарининг спортга, хусусан футболга катта эътибор қаратаётганини, уни яхши кўришини билиб, кўриб туриб келяпти. Бошқа давлат раҳбарларнинг эса спорт ёки футбол билан иши йўқ. Давлат раҳбарининг бундай эътиборидан кейин ўзини ҳурмат қилган мураббий ўша ерга келмайди-да. Бундан ташқари, халқимиз футболсевар. Бизда бошқа спорт турлари алоҳида, футбол эса алоҳида бир мавзу.

“У Кейрушга ўхшаб пулга шўнғиб кетмади”

- Айтинг-чи, сиз биринчи маротаба Эктор Купер билан қачон ва қаерда учрашдингиз?

- Биринчи марта у билан Москвада учрашдик. Ўшанда ҳаммасини гаплашиб олгандик. Биз шартнома шартларини икир-чикиригача келишиб олдик. Биласизми, унинг варианти ва номзоди ҳаммамизни қониқтирди. Бир гапни айтиб қўяй: у ўта қиммат мураббий эмас. Купер Кейрушга ўхшаб пулга шўнғиб кетмади. Масалан, португалиялик мураббий бизга дастлаб бошқа нарса деди, иккинчисида эса тўланадиган пулни беш баробарга ошириб юборди. Ҳаётда нимагадир умид қиладиган инсон ҳеч қачон ҳамма нарсани пул билан ўлчамайди. Купернинг футболга қарашлари, хаётий принциплари бизга манзур келди. Қаранг, дунёда 210 та мамлакат бўлса, ҳар бири жаҳон чемпионатида қатнашишни орзу қилади. Купер эса бизнинг қанчалик мундиал иштиёқида “ёнаётганимизни” жуда яхши билиб турибди. У барча масъулиятни билиб туриб бу ерга келди.

- Аргентиналик мутахассис билан музокаралар ижобий якунланди. Ўзингиз айтганингиздек, унинг шартномаси ҳам профессионал даражада тузилди. Биз ўз томонимиздан унга шартларимизни айтдик ва у рози бўлди. Энди мураббий бизга қандай талабларни қўйди?

- Албатта, у ҳам ўзига яраша талабларни қўйган. Масалан, ўзаро келишув бўйича белгиланган пулини вақтида олиши, қолаверса, бу ерда унга етарли даражада шароитларни яратиб берамиз. Уй-жой, машина, умуман ишлаши учун ҳаммаси муҳайё этилади. Энди бундан буён халқаро мусобақалар ёки бошқа ўйинлар учун ФИФА кунларида фақат унинг ўзи ҳал қилади. Ўзингиз ҳам яхши биласиз, Купернинг ФИФАда ҳам ҳурмати баланд. Биз футбол ассоциациясида иш бошлаб зўр ишлар қиляпмиз демоқчи эмасман. Аммо илгари Қирғизистон билан ёпиқ стадионда ҳам ўйин ўтказилган. Бу нима деган нарса? Уят эмасми? Футбол – бу жамоавий ўйин.

“ПФЛдаги вазиятни ўрганиб чиқяпман”

- Шунингдек, сизнинг ФИФА президенти Жанни Инфантино билан яқин муносабатда эканлигингиздан хабарим бор. Демоқчиманки, Эктор Купер масаласида унинг ҳам алоқаси борми?

- Ҳа, шундай. Футболда Инфантино мен учун устоз. Мен иш бошлаганимдан кейин бир ҳафтадан сўнг Швейцарияга бориб Инфантино билан икки соат давомида ўтириб ҳамма нарсани гаплашиб олгандик. Бундан ташқари, яна кўплаб тадбирларда бирга бўлдик. Қолаверса, кучли терма жамоалар билан ўртоқлик учрашувларини ўтказишда ҳам ўзи бош-қош бўляпти. Албатта, унинг маслаҳатига ҳам қулоқ солдик. Охирида 5-6 та номзод қолганида Инфантино менга “Умид, мана шу мураббий сенинг истакларингни рўёбга чиқариб беради”, деди. Чунки мен ҳам бунинг учун жавобгарман.

- Ўзбекистон футбол ассоциациясида иш бошлаган илк кунингизданоқ асосий мақсад ва орзумиз миллий терма жамоамизни жаҳон чемпионатига олиб чиқиш эканлиги ҳақида айтгандингиз. Энди эса ана шу мақсад ҳамда истакларимизни амалга ошириш учун Эктор Купер олиб келинди...

- Ҳа, бизнинг мақсадларимизни тўғри тушунаётганингиз учун раҳмат. Бироқ айрим журналистлар буни нотўғри талқин қилишяпти. Шунчаки, вазиятга тўғри баҳо беришларини истардим. Биз жаҳон чемпионатида ишлаган, тажрибали мураббийни олиб келамиз деб айтганмиз. Энди ўзингиз ўйланг-чи, мундиалдан олдин қайси мураббий ўз термасини ташлаб келади?

- Умид Муҳаммаджонович, яна бир масалага эътиборингизни қаратмоқчи эдим. ПФЛ ўзи ишлаб чиққан регламентга яна ўзгартиришлар киритиш ҳақида ўйламоқда. Аниқроғи, “олтин очколар” қоидасини бекор қилмоқчи. Бундай ўзгаришга қўл уриши мумкинлиги ҳақидаги хабардан кейин ПФЛ жиддий танқид остида қолди. Ҳозирги футболимизда тўғри йўналишни танлаб, ҳаммамиз бир мақсад йўлида бирлашаётган бир пайтда ПФЛнинг бу тарзда ўзи ишлаб чиққан регламентни яна бузишга уринаётгани эса ўз навбатида сизга ҳам танқидларни йўналтирмай қолмайди. Айнан шу масалага сизнинг муносабатингиз керак.

- Ҳозирда мен бу масалани ўрганиб чиқяпман. Ҳайронман, бу қаердан келиб чиқди экан? Сўнгги кунларда Осиё ўйинлари учун спортчиларимизни кузатиш маросимини ўтказдик, Эктор Куперни кутиб олдик, умуман, терма жамоамизга берилиб кетиб, бу ёқдаги ишларга улгурмай қолибмиз. Албатта, бу ишни ҳам ўрганиб чиқиб, кейин сизга айтаман. Аввало вазиятни ўзим обдон ўрганиб чиқишим керак. Барибир ҳар қандай ҳолатда ҳам қарор менсиз қабул қилинмайди. Мен ҳам эшитдим, ҳар хил гап-сўзлар бўлибди. Аввало бунинг тагига етишим керак. Шундан сўнг ушбу масала бўйича ўз фикрларимни билдираман.

Шуҳратбек Жўраев суҳбатлашди.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
&
darwesh
09/08/2018 11:34
Кейруш Эронда 2млн оларди. 5 баравар куп сураган булса, 10 млн сураган

«SPORTS.uz» сайтида чоп этилган материаллардан нусха кўчириш, тарқатиш ва бошқа шаклларда фойдаланиш фақат таҳририят ёзма розилиги билан амалга оширилиши мумкин.

ТАҲРИРИЯТ ҲАҚИДА

Гувоҳнома: №1002. Муассис: «RENDER SYSTEMS» МЧЖ.

Таҳририят манзили: 100047, Тошкент шаҳри, Истиқбол кўчаси, 15-уй.
Электрон манзил: info@sports.uz.
Телефон: +998 71 233-78-98