Ўзбекистон камондан отиш бўйича Туркия билан яқиндан ҳамкорлик қилади

Маълумки, Туркия спортнинг камондан отиш тури бўйича етакчи мамлакатлардан ҳисобланади. Бугунги кунга келиб Ўзбекистонда ҳам олимпия спорт тури ҳисобланган камондан отиш тараққиёти йўлида қатор ислоҳотлар, самарали ишлар олиб борилмоқда. Бу борада илғор мамлакатлар тажрибалари ўрганилмоқда, улар билан яқиндан ҳамкорлик алоқалари ўрнатилмоқда.

Бугун, 23 октябрь куни Ўзбекистон камондан отиш федерацияси раиси Отабек Имомов ҳамкорлик ришталарини йўлга қўйиш, ўзаро тажриба алмашиш мақсадида Туркияда мамлакат Миллий олимпия қўмитаси президенти, мамлакат камондан отиш федерацияси раҳбари Уғур Эрденер билан учрашди. Учрашув чоғида томонлар бир қатор муҳим масалалар бўйича келишувга эришишди. Унга кўра туркиялик мураббийлар Ўзбекистонга ташриф буюриб, спортчиларимиз учун машғулотлар, маҳорат сабоқлари ташкил этадилар. Шунингдек, селекция масаласида ҳам мураббийларимизга яқиндан ёрдам берадилар. Ундан ташқари, Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари Туркияда ўқув-машғулот йиғинларини ўтказадилар. Муҳим мусобақаларга айнан туркиялик спортчилар билан бирга тайёргарлик кўрадилар.

Эслатиб ўтамиз, август ойида Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси президенти Умид Аҳмаджонов Туркияга сафари давомида Бутунжаҳон этноспорт конфедерацияси раҳбари, Камончилар фонди васийлик кенгаши раиси, Туркия ёшлар фонди Олий маслаҳат кенгаши аъзоси Нажмиддин Билол Эрдоган билан учрашув ўтказган ва ҳамкорликни кучайтириш, алоқаларни янада мустаҳкамлаш, камондан ўқ отиш спорт турига оид бир қатор масалаларни муҳокама қилишган эди. 

Манбаа: МОҚ расмий сайти.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!