Амир Темур хотирасига бағишланган турнирга тайёргарлик авжида

Миллий қадриятларимизни тиклаш, асраб-авайлаш, ривожлантириш ва бутун дунёга кенг намойиш этишга алоҳида эътибор қаратилаётир. Бу жиҳатлар ўзбек кураши турли қитъалар ва мамлакатларда кенг тарқалиб бораётганида ҳам ўз ифодасини топмоқда. Кураш ҳалол спорт тури сифатида тан олинди.
Мустақиллик йилларида кўп асрлик тарихга эга миллий курашимиз бўйича чемпионатлар, халқаро турнирлар ўтказиладиган бўлди. Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун Шаҳрисабзда Амир Темур, Термиз шаҳрида Ҳаким ат-Термизий хотирасига бағишлаб халқаро турнирлар ташкил этилди, улар анъанавий тус олди. 

Апрель ойининг охирги ўн кунлигида Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун кураш бўйича Амир Темур хотирасига бағишлаб халқаро мусобақани юқори савияда ташкил этиш ва ўтказиш бўйича 2018 йил 3 апрель куни имзоланган ҳукумат фармойиши ижросини таъминлаш юзасидан ишчи гуруҳ мажлиси бўлиб ўтди.

Жисмоний тарбия ва спорт вазирининг биринчи ўринбосари Ойбек Касимов раислигида тегишли вазирлик ва маҳкамалар мутасаддилари ташкилий масалалар бўйича чора-тадбирларни қачон ва қандай амалга ошириш борасида келишиб олишди. Бу ҳақда Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги матбуот хизмати.

Меҳмонларни пойтахтимизда кутиб олишдан тортиб Шаҳрисабздаги тадбирлар ва мусобақанинг ажойиб тарзда ёдда қолиши учун турли соҳа вакиллари камарбаста бўлишлари кўзда тутилган.

Августда Индонезияда ўтказиладиган Осиё ўйинлари дастурига илк бора ўзбек кураши бўйича мусобақалар қўшилгани Шаҳрисабздаги турнирга бўлган қизиқишни янада юқори босқичга кўтаргани шубҳасиз.

Мусобақада 33 давлатдан ташриф буюрадиган 100дан зиёд полвон мамлакатимизнинг етакчи курашчилари билан беллашади. Турли қитъалардан диёримизга келадиган мураббийлар ва мутахассислар ҳамюртларимиз билан ўзбек курашини ривожлантириш ва янада кенг ёйиш бўйича фикр алмашиб, тажрибалари билан ўртоқлашишлари кўзда тутилмоқда.

Ўзбек кураши мухлисларини 21 апрелда бошланажак халқаро турнирга таклиф этамиз.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!