Аралаш жанг санъталари устаси Маҳмуд Мурадов (13-6, КО6) ўзининг навбатдаги жангини Чехия пойтахти Прага шаҳрида ўтказишидан хабарингиз бор.

3 март куни ўтказиладиган жангда ҳамюртимизга рақиблик қиладиган спортчининг номи маълум бўлди. Мазкур тўқнашувда у бразилиялик Эрвалдо де Оливейра (35-22-0) билан куч синашади. 41 ёшли спортчи шу вақтгача жами 57 та профессионал жанг ўтказиб, улардан 35 тасида зафар қучган бўлса, 22 тасида имкониятни бой берган. Сўнгги ўтказилган 5 та жангининг учтасида рақибларини мағлуб қилган.

У 2017 йил декабр ойида у ўтган йили бокс бўйича беш вазн тоифасининг собиқ жаҳон чемпиони америкалик кичик Флойд Мейвезерга тегишли бўлган The Money Team (ТМТ) клуби билан шартнома имзолаган ва ушбу клуб билан келишувга эришган биринчи ММА жангчиси деган номга сазовор бўлди.

У шунингдек, Bellator билан ҳам келишувга эришган, бироқ бу ташкилот яқин 6-7 ой ичида унга жанг ташкил қила олмаслигини маълум қилганидан сўнг Маҳмуд Муродов яна Европага қайтиб, XFN (X Fight Nights) турнирида жанг ўтказишга қарор қилди. Мазкур жангдан кейин у шартномасини тўлиқ якунлаб, яна океанортига йўл олади.

Маҳмуд Муродов сўнгги марта ўтган йили декабр ойида рингга чиқиб, чехиялик Томаш Пензни мағлуб этган ва XFN чемпионлик камарини қўлга киритган эди. Мазкур жанг унинг XFN (X Fight Nights) ташкилоти билан тузилган шартномасига кўра сўнггиси бўлган эди. Бу жангга қадар у XFN турнирида 3 та жанг ўтказиб, 2 та ғалаба ва битта мағлубият қайд этган.

Маълумот учун: Маҳмуд Мурадов World Kickboxing Network ташкилоти талқини бўйича қитъалараро чемпион, Caveam талқини бўйича жаҳон чемпиони ва XFN талқини бўйича жаҳон чемпиони ҳисобланади.

«SPORTS.uz» сайтида чоп этилган материаллардан нусха кўчириш, тарқатиш ва бошқа шаклларда фойдаланиш фақат таҳририят ёзма розилиги билан амалга оширилиши мумкин.

ТАҲРИРИЯТ ҲАҚИДА

Гувоҳнома: №1002. Муассис: «RENDER SYSTEMS» МЧЖ.

Таҳририят манзили: 100047, Тошкент шаҳри, Истиқбол кўчаси, 15-уй.
Электрон манзил: info@sports.uz.
Телефон: +998 71 233-78-98