Муножат Рашидова: Биринчи профессионал муайтайчи бўламан! (фото)

 

Одатда, қизлар спортнинг нафис турлари – гимнастика, енгил атлетика, сузиш, теннисни танлашади. Улар орасида гандбол, волейбол, баскетбол каби жамоавий ўйинларга қизиқадиганлар кўп. Биз сизга таништирмоқчи бўлган истеъдод эгаси Муножат Рашидова эса унча-мунча ўғил бола бардош беролмайдиган яккакураш тури – муайтай бўйича юқори чўққиларни забт этишга бел боғлаган.

Муножат билан SPORTS.uz ахборот портали суҳбати унинг спортдаги танловидан бошланди.

- Мен 1995 йилда Сурхондарёнинг Денов туманида туғилганман. Болалигимдан боксга қизиқардим. Телевизор орқали бокс учрашувларини қолдирмасдан томоша қилардим. Биз томонларда қизлар бокс тушмасди. Шунинг учун таэквондонинг WTF йўналиши билан шуғуллана бошладим. Ўшанда 12 ёшда эдим.

- Таэквондода натижалар қандай бўлди?

- Бу спорт турида жуда эрта натижа кўрсата бошладим. Машғулотларга қатнай бошлаганимдан уч ой ўтиб, ўз вазн тоифамда вилоят биринчилигида ғолиб чиқдим. Таэквондо билан бир ярим йил шуғулландим. Кўп мусобақаларда қатнашдим, баъзан муваффақият қозондим, айрим турнирларда ютқаздим.

- Таэквондо WTF – Олимпия ўйинлари дастуридаги спорт тури. Нега уни давом эттирмадингиз?

- Оиламиз билан Тошкент шаҳрига кўчиб келдик. Шундан сўнг мен уйга яқин жойда спорт тўгарагини қидирдим. Чунки спортчи бўлганим учун машғулотларни ташлаб қўя олмасдим. Кунларнинг бирида Чилонзор туманидаги спорт залларидан бирига кирдим. Яккакураш турларига ихтисослашган экан. Таэквондо тўгарагини суриштирдим. Йўқ экан. Ўша пайт кўзим муайтай билан шуғулланаётган болаларга тушди. Шу спорт турини кўрдиму, унга боғланиб қолдим.

Машғулотларни тажрибали мураббий Шерали ака Қурбонов ўтказаётган экан. У кишига учрашдим, таэквондо билан шуғулланганимни айтдим. Шерали ака мени муайтай билан шуғулланиш учун бошқа залга таклиф қилди. Тўрт ярим йилдан буён муайтай машғулотларига қатнаяпман.

- Таэквондодан муайтайга мослашиш қийин бўлмадими?

- Йўқ, мен қийналмадим. Ҳар ҳолда иккаласи ҳам яккакураш тури. Қизиқишим кучли бўлгани учун ҳамма қийинчиликларни енгишга интилдим. Мураббийим ва залдаги спортчилар ёрдами катта бўлди.

- Жанговар спорт турлари билан шуғулланишингизга ота-онангиз қаршилик қилмаганми?

- Тўғрисини айтсам, дадамнинг ўзлари мени қизиқиш ва интилишларимни қўллаб-қувватлаганлар. Таэквондо ва муайтай билан шуғулланишим учун барча шароитларни яратиб берганлар. Ҳозир ҳам натижалар билан қизиқиб туришади.

- Муайтайдаги мусобақаларда қандай натижа кўрсатгансиз?

- Муайтай билан шуғуллана бошлаганимдан кейин орадан бир ярим йил ўтиб, кейин мусобақаларга қатнашганман. Унгача устозим беллашувларда иштирок этишимга рухсат бермаган. Гарчи мен ўшанда буни тушинмаган бўлсам-да, кейинчалик беллашувларга тайёр эмаслигимни англадим. Шерали ака спортчининг салоҳияти ва жисмоний ҳолатини бир кўришда пайқайди. Мени ҳам бошида жангларга тайёр эмаслигимни билган бўлса-лар, мусобақаларга қўймаганлар.

Хуллас, бир ярим йиллик машғулотлардан сўнг, илк мусобақа - Тошкент шаҳри чемпионатида қатнашдим. Муайтайдан илк мусобақам бўлгани учун бошида ҳаяжон ва қўрқув босди. Кейин ўз вазн тоифамда барча рақибларимни енгиб, чемпион бўлдим. Эсимда, ўшанда ўзимда йўқ хурсанд эдим. Ўзимга ишончим ортганди. Шундан сўнг 2015 йилда республика чемпионатида ҳам биринчи ўринни олдим.

- Мағлубиятлар ҳам бўлганми?

- 2016 йили Ўзбекистон чемпионатининг финалида олмалиқлик Маъмура деган қиздан мағлубиятга учраганман. Ўша беллашувда ўзим йўл қўйган хато туфайли ютқазганим жуда аламли бўлган. Чемпионатда биринчи ўринни эгаллаган рақибам терма жамоамиз асосий таркибидан жой олган. Мен эса иккинчи рақамли спортчи сифатида ўша йили Бухорода бўлган Осиё чемпионатида қатнашдим.

Бухородаги қитъа биринчилигида туркманистонлик ва қозоғистонлик рақибаларимни енгиб, финалда Маъмура билан жанг қилдим. Бу гал ҳеч қандай хатога йўл қўймадим ва ғалабага эришдим. Қийинчилик билан қўлга киритган олтин медаль мен учун совринларим ичида энг қадрлисидир.

- Залда ўрганган усулларни кўчада ишлатганмисиз?

- Тўғрисини айтсам, дугонамни ҳимоя қилиш учун бир марта куч ишлатишимга тўғри келган. Аслида, онам “Қизим, кўчага чиқсанг, қулоғингни уйга ташлаб кет”, - дейдилар. Шунда турли гап-сўзлардан четда бўлишимни тайинлардилар. Бир куни машина ҳайдашни ўрганиш учун дугонам билан машғулотга бордик. Ўшанда бир йигит дугонам билан тортишиб қолди ва қиз болага қўл кўтарди. Мен уларни ажратиб қўйдим. Йигит мени қаттиқ ҳақорат қилди. Қўлим билан қандай зарба берганимни ўзим билмай қолдим. У бола нокаутга тушиб қолди. Мен қўрқиб кетдим. Роса оёқ-қўлим қалтирарди. Рингдаги жанг билан кўчадаги тўполон бошқача бўларкан.

Одамлар келди. Мен ҳам тезда ўзимни қўлга олдим ва у болага биринчи ёрдамни кўрсатдим. Шундан кейин ҳар қандай вазиятда ҳам муайтай усулларини фақат мусобақада ишлатаман, деб ўзимга сўз бердим.

- Спортга келишингизга боксга қизиқишингиз сабаб бўлган. Ҳозир юртимизда қизлар ўртасида бокс оммалашяпти. Бу спорт турида имкониятларингизни синаб кўрмайсизми?

- Аслида боксга ҳали ҳам жуда қизиқаман. Айниқса, Шаҳрам Ғиёсовнинг жанг усули менга жуда ёқади. Унинг техникаси зўр. Боксчиларимизнинг ҳар бир жангини телевизор ва интернет орқали кузатиб боришга ҳаракат қиламан. Уларнинг ғалабаларидан руҳланаман. Лекин ўзим энди боксга мослаша олмаслигимни биламан. Шунинг учун муайтайдан боксга ўтмайман.

- Қандай мақсадларни кўзлаяпсиз?

- Профессионал муайтайчи бўлмоқчиман. Ҳали бирорта ўзбек қизи профессионал муайтай баҳсларида қатнашмаган. Мен биринчи бўлиб буни амалга оширишни орзу қиламан. Спортдаги режаларимни амалга ошириб бўлсам, кейин оила қуриш ҳақида ўйласам бўлади.

- Муножат, режаларингизни амалга оширишда омад ёр бўлсин!

SPORTS.uz

 

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!