Ўзбекистонлик яккакурашчи Шер Мамазулунов бу йилги илк жангини 20 апрел куни Москвада Юрий Ступенков хотирасига бағишланган “АСВ КВ-15” турнири доирасида ўтказади. Ушбу кечада у 85 кг вазнда россиялик Руслан Костин билан рақобатлашади.

Шер билан ушбу жанг олдидан Sports.uz мухбири суҳбатлашди.

photo_2018-04-17_11-10-53

– Ассалому алайкум! Айтингчи нега айнан кикбоксинг спортини танлагансиз?

– Ассалому алайкум! Мен болалигимдан мазкур спорт тури бўйича ўтадиган мусобақаларни кузатар эдим. Шунингдек, бокс спорт турига ҳам қизиққанман. Шу тариқа, мазкур спорт тури билан мунтазам шуғулландим ва ўз мақсадларим сари олға бормоқдаман.

– Биринчи мураббийингиз ким бўлган?

– Анваржон Умаров қўл остида илк машғулотларимни ўтказганман. Ҳозир эса украиналик Руслан Киривуш.

– Оилангиздагилар бунга қандай муносабат билдирган. Улар қаршилик қилмаганми?

– Ҳа албатта, онам бошида қаршилик қилганлар. Сен ёшсан жароҳат олсанг қийин бўлади дер эдилар. Мен эса онажон хавотир олманг! Мен барча қийинчиликларни босиб ўтаман дер эдим. Ҳозир бўлса, барча оиламдагилар биринчилардан бўлиб жангимни кузатиб боришади.

– Фаолиятингиздаги энг унутилмас ғалаба қайси ва профессионал спортда биринчи чемпионлигингизга қаерда эришгансиз?

– Дастлабки 2006 йилда Ўзбекистон чемпионатида иштирок этганман. Чемпион бўлмаган бўлсамда, тушкунликка тушиб қолмаганман. Ўз устимда ишлаб шаҳар миқёсидаги мусобақаларда тобланиб, 2012 йилда мамлакатимиз чемпионига айланганман. Бу ғалабамни ҳеч қачон унутмайман.

Профессионал спортдаги илк жангим Москвада 2014 йилда бўлиб ўтган.

– Сиз асосан қандай спорт турлари билан шуғулланасиз? Ушбу спорт турларида ёшнинг аҳамияти борми?

– Мен ҳозирда асосан бокс ва тайбокс билан шуғулланаман. Ҳар қандай спорт турида ёшнинг унчалик аҳамияти йўқ. Энг муҳими сабр ва қизиқиш бўлса етарли.

– Асосан қайси давлатларда жанг ўтказасиз?

– Мен Россияда жанг ўтказаман. Тўғри Ўзбекистонда ҳам қулай шароитлар бор. Бироқ кўплаб турнирлар асосан Россияда ўтгани боис, мен у ерда беллашаман. Лекин, Ватанимда чемпионлик жангини ўтказиш ниятим бор.

– Ўзбекистонлик спортчиларни ҳам кузатиб борасизми?

– Албатта, Ватандошларимизнинг ҳар бир улкан ғалабаларини эшитиб, кузатиб бораман. Асосан бокс ва футбол спорт турларида жамоамизга мухлислик қиламан. Уларга кўз тегмасин, бошқа спорт турлари каби улар ҳам улкан зафарларга эришмоқда.

– Ҳар бир спортчининг жанг услуби бўларди. Сизнинг жанг услубингиз қандай?

– Менинг ҳам ўз жанг услубим бор! Лекин мусобақаларда мураббийларим ишлаб чиққан тактика бўйича курашаман.

– Сир бўлмаса, профессионал спортдаги фаолиятингизни қачон тугатмоқчисиз?

– Мен фаолиятимни тугатиш ниятида эмасман.Ҳаттоки мағлуб бўлсам ҳам тугатмайман.

– Кўпчилик спортчилар UFC мусобақаларини орзу қилади. Аммо сиз GLORY ни танладингиз. Бунинг сабаби нимада?

– Мен ҳам UFC спортига қизиқаман. Лекин мен ўз йўналишимда кетмоқчиман. Аввал, GLORYЙ да улкан ғалабаларни қўлга киритишни хоҳлайман. Кейин UFC ҳақида ўйлайман.

– Сиз билан ҳали рингда учрашмаган, лекин сиз у билан жанг қилишни истайдиган спортчи борми?

– Бор! Улар кўпчилик. Улар кимлигини вақти келиб билиб оласизлар.

– GLORY билан шартнома тузганингиз ростми?

– Йўқ ҳали шартнома имзоламадик. Худо хоҳласа бу кунларга ҳам етамиз.

– Руслан Костин билан бўлиб ўтадиган жангга тайёргарлик қандай ўтмоқда?

– Мен ушбу жангга жиддий тайёрланмоқдаман. Биз дастлаб жисмоний ва руҳий машқларни бажарган бўлсак, ҳозирда техник ва тактик машғулотларни бошладик. Насиб қилса ушбу жангда зафар қучаман.

– Самимий суҳбат учун раҳмат.

– Ишларингизга омад.Sports.uz интернет порталидан доимо миннатдорман.

«SPORTS.uz» сайтида чоп этилган материаллардан нусха кўчириш, тарқатиш ва бошқа шаклларда фойдаланиш фақат таҳририят ёзма розилиги билан амалга оширилиши мумкин.

ТАҲРИРИЯТ ҲАҚИДА

Гувоҳнома: №1002. Муассис: «RENDER SYSTEMS» МЧЖ.

Таҳририят манзили: 100047, Тошкент шаҳри, Истиқбол кўчаси, 15-уй.
Электрон манзил: info@sports.uz.
Телефон: +998 71 233-78-98