Водилда кураш ва белбоғли кураш бўйича республика очиқ турнири бўлиб ўтди (фото)

 Аввал хабар берганимиздек, Фарғона туманининг сўлим ва обод Водил қишлоғидаги “Чинор таги” истироҳат боғида шу қишлоқда туғилиб вояга етган, мухлислар қалбидан жой олган, ўз даврининг номдор полвонлари бўлган  Хамид ва Темир полвонлар хотираси  учун белбоғли кураш ва кураш бўйича анъанавий республика очиқ турнири бўлиб ўтди.

  Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги,  белбоғли кураш ва кураш федерациялари тақвим – режасидаги мазкур очиқ турнирда мамлакатимиз ва қўшни  Қозоғистон, Қирғизистон,  Тожикистон республикаларидан 200 га яқин  полвонлар иштирок этди. Турнирда полвонлар белбоғли кураш бўйича 55 кг., 60 кг., 66 кг., 73 кг., 81 кг., 90 кг., 100 кг., +100 кг. ва мутлоқ вазн тоифаларида, кураш бўйича  эркаклар 66 кг., 73 кг., 81 кг., 90 кг., +90 кг. ва мутлоқда , аёллар эса 52 кг., 63 кг. ҳамда +63 кг. вазн тоифаларида беллашди.

  Мусобақанинг биринчи куни дастлаб очилиш маросими бўлиб ўтди. Тантанали тарзда ўтган очилиш маросимида табрик учун сўз олган меҳмонлар йиғилганларни  1 июнь – Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни билан қутлаб, спортчиларга омад тилашди. Хамид полвон ва Темир полвонларнинг босиб ўтган ибратли умр йўллари  ҳақида тўхталиб ўтишди. Бадиий жамоаларнинг куй-қўшиқлари, таниқли аскиячиларниннг “ичак ўзди” ҳангомалари   байрамга ўзгача кўтарингкилик бахш этди. Шунингдек, мухлислар, ота-оналар, Темир полвон ва Ҳамид полвонларнинг оила аъзолари ҳам  турнирни ташкил этган Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлигига, федерацияларга, Фарғона вилояти ҳокимлиги ва вилоят жисмоний тарбия ва спорт бошқармасига, Фарғона тумани ҳокимлигига, Турсунали полвон Мамажонов ва унинг ўғли Равшан полвон Мамажоновларга ўз миннатдорчилиги билдиришди. Шундан сўнг    ўрнатилган иккита кураш гиламида бир вақтнинг ўзида ҳар иккала спорт тури бўйича беллашувларга старт берилди.

  1 июнь куни мухлислар полвонларнинг ярим финалгача бўлган беллашувларини зўр қизиқиш билан томоша қилишди. Ярим финалгача бўлган олишувларда белбоғли курашчилардан андижонлик Ҳусниддин Рўзиев, Илҳомжон Машрабов, фарғоналик Шерзод Раҳимов, Ислом Қўлдошев , Муҳаммадали Мамажонов, тошкентлик Зайлобиддин Ортиқов, курашчилардан Жонибек Қозоқов (Самарқанд), Толибжон Комилов (Фарғона), Қалжан Деюсенбаева (Қозоғистон), Эрсултон Музаффаров (Қозоғистон) сингари номдор полвонларнинг чиқишлари, рақибларига нисбатан қўллаган усулари белбоғли кураш ва кураш шайдоларининг олқишларига, эътирофларига  сазовор бўлишди.

  2 июнь куни эрталабдан бошланган  беллашувларда бирин – кетин энг кучли полвонлар  номи маълум бўла бошлади. Турнирни ташкил этилишида жонбозлик кўрсатиб келаётган, ташкилотчилардан саналган Турсунали полвон Мамажонов финалга йўл олган полвонлар ва уларнинг мураббийларини  мухлисларга таништириб борди.

  Белбоғли кураш

Эркаклар:  -55 кг. 1. Ҳусанбой Носиров (Андижон), -60 кг. 1. Мурод Ҳомидов (Наманган), -73 кг. 1. Ҳусниддин Рўзиев (Андижон), -81 кг. 1. Камоллиддин Маҳкамов (Фарғона), -90 кг. 1. Ислом Қўлдошев (Фарғона), -100 кг. 1. Зайлобиддин Ортиқов (Тошкент ш.), +100 кг. ва мутлоқ вазнда Шерзод Раҳимов (Фарғона).

   Кураш 

Эркаклар: -66 кг. 1. Толибжон Комилов (Фарғона), -73 кг. 1. Раҳматилло Нуриддинбеков (Андижон), -81 кг. 1. Жонибек Қозоқов (Самарқанд), -90 кг. 1. Эрсултон Музаффаров (Қозоғистон), +90 кг. 1. Мансур Шералиев (Андижон). Мутлоқ вазн. 1. Элнур Бўриев (Фарғона).

Қизлар: -52 кг. 1. Зарнигор Раҳмиддинова (Фарғона), -63 кг. 1. Улжан Деюсенбаева (Қозоғистон), +63 кг. 1. Қалжан Тайжанова (Қозоғистон).

  Беллашувлар якунига етгач, ғолиб ва совриндор спортчиларни тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Кучли учликдан жой олган полвонлар ташкилотчилар томонидан медаль, диплом ва қимматбаҳо эсдалик совғалари билан мукофотланди.

  Қалжан ТАЙЖАНОВА, Қозоғистон терма жамоаси аъзоси, +63 кг. вазнда биринчи ўрин соҳибаси: - Аввало мусобақани ташкил этган ташкилотчиларга раҳмат айтмоқчиман. Сизларнинг меҳмондўстлигингиз, очиқ кўнгиллик ва ширинсухонликларингиз бизни қойил қолдиради. Ўз вазн тоифамда ғолиб бўлганимдан хурсандман. Насиб этса, кейинги мусобақаларга ҳам келишга ҳаракат қиламиз. Боиси, терма жамоамиз учун бундай очиқ турнирларда иштирок этиш тажрибамиз ошишига катта ёрдам бўлади. Ҳаммага яна бир бор жамоамиз номидан миннатдорчилик билдираман.

                                                                   Илҳом РАҲМОНОВ, Водил қишлоғи. 

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!