Африка чемпиони нега Шоҳжаҳондан қочяпти?
Ads
 
Профессионал боксда ўз олдига катта мақсадларни қўйган истеъдодли боксчимиз Шоҳжаҳон Эргашев навбатдаги жангини Африка ва Уганда чемпиони Соломон Богерега қарши ўтказиши керак.
 
Аслида бу жанг октябрь ойининг бошига белгиланган эди. Ўшанда машғулотлардан бирида Шоҳжаҳоннинг қўли синди ва тиббиёт ходимлари унинг рингга чиқишига рухсат бермади. Профессионал боксда бу кўп учрайдиган вазият ва қоидага кўра жанг вақти кечиктириладиган бўлди.
 
 
Кейинчалик ҳар икки боксчи вакиллари жангни ноябрнинг иккинчи ярмида Тошкентда ўтказишга келишиб олишди. Шоҳжаҳоннинг менежери Олег Богданов жангни ташкил қилиш учун пойтахтимизга ҳам келди. Бироқ, африкаликлар бу учрашувга етиб келолмаслигини билдирди.
 
Ниҳоят, учинчи уринишда Шоҳжаҳон ва Соломон 2 декабрь куни Москвада куч синашадиган бўлди. Соломон бу гал ҳам келмади. Шоҳжаҳон тайёргарлик бежиз кетмаслиги учун 1 декабрь куни беларуслик Илья Реуцкийга қарши рингга чиқиб, рақибини нокаутга учратди.
 
 
Соломон Богере вакиллари декабрь ўрталарида жанг ташкил қилишга розилик берди ва узоқ кутилган беллашув 15 декабрь куни Санкт-Петербургда бўлиши белгиланди. Соломон яна учрашув жойига етиб келмади.
 
SPORTS.uz ахборот портали масалага ойдинлик киритиш учун Шоҳжаҳон Эргашевга мурожаат қилди.
 
- Шоҳжаҳон, жанг нега ўтказилмаяпти?
 
- Рақиб нега бунақа қилаётганига ўзим ҳам ҳайронман. Одатда, менежерлар ўзаро келишашади ва боксчиларга жанг қачон бўлишини айтишади. Менга ҳам менежерим Олег Богданов Соломон Богере жамоаси билан келишилганини ва жанг муддатини айтди. Лекин доим жангга тайёр бўлганимда уни вақти ўзгаряпти. Мана аввалига 15 декабрга белгиланган жанг муддатини ўзгартиришди. 18 декабрь куни Екатеринбургда жанг қиласан, дейишди. Жанг жойига отланиб турганимда эса Соломон менга қарши жанг қилишдан бош тортганини айтишяпти.
 
 
Тўғрисини айтсам, бунақа бўлаётгани кайфиятимга ёмон таъсир қилди. Бир неча ой тинимсиз машғулот қилиб, охири рақиб келмаслигини эшитса, одамнинг руҳи тушиб кетаркан. Бу ҳолат бири неча бор такрорланишини ўзингиз тасаввур қилаверинг. Яхшиям, ота-онам, оила аъзолар спортни яхши тушунишади ва мени доимо қўллаб-қувватлашади. Шунингдек, устозим Сайфулло Пўлатов ва қадрдон акам Жасур Ҳайдаров ҳам мендан ёрдамини аяётгани йўқ. Уларнинг ишончини оқлаш учун ҳам ҳар қандай жангда ғолиб чиқишим керак.
 
 
- Соломон Богередан бошқа боксчи билан жанг қилиш имконияти йўқми? Богерега қарши бўладиган жанг қандай аҳамиятга эга эди?
 
- Профессионал боксда натижаларга босқичма босқич эришилади. Бирданига чемпион боксчини жангга кўндириш деярли имконсиз. Кўтарилиш учун кучли боксчиларни енгиш керак. Соломон билан бўладиган жанг ғолиби қитъалараро чемпионлик камари учун жанг қилиш ҳуқуқига эга бўларди. Бу жанг шуниси билан аҳамиятли эди. Чемпионлик камарига эга боксчилар эса рейтингда юқори турган боксчиларни ўзаро рақобатга кўндириши осонроқ бўлади. Қолаверса, жаҳон чемпионлигига даъвогарлик қилиш учун бу босқичлардан ўтиш керак.
 
 
- Энди буёғига режалар қандай?
 
- Мен менежеримга бошқа кучли рақиб топиш кераклигини айтдим. Вазни мендан оғирроқ бўлса ҳам қарши эмасман. Ўз мақсадимга эришиш йўлида барибир кучли рақибларни енгишим керак. Ҳозир эса машғулотларни канда қилмаган ҳолда бироз дам оламан. Тез кунларда янги рақиб номи маълум бўлади. Шундан сўнг машғулотларни кучайтириб, жангга пухта тайёргарликни бошлайман.
 
 
- Шоҳжаҳон, маълумотлар учун раҳмат. Фаолиятингизда омад ва ғалаба тилаб қоламиз.
 
Дарҳақиқат, Шоҳжаҳон Соломон Богерега қарши ўтказиладиган жангга ҳар томонлама пухта тайёргарлик кўрган эди. Ҳатто 12 декабрь куни боксчимизни туғулган куни билан табриклаш учун у билан боғланганимизда машғулотлар билан банд эди. Бироқ, Африка чемпиони зарба зўр ўзбек йигитига қарши жанг қилишга ботинмади шекилл, яна жангга келмади. Шоҳжаҳон эса, янги рақибини кутмоқда.
 

Минбар

Барча блоглар