15 июль куни италиялик мутахассислар пойтахтимизга ташриф буюришади

Хабарингиз бор, Ўзбекистон футбол ассоциацияси юртимизда футболни ривожлантириш ва янги босқичга олиб чиқиш мақсадида бир қатор футболи ривожланган хорижий мамлакатлар футбол ассоциациялари билан яқин ҳамкорликни йўлга қўйиб келмоқда.

Ўзбекистон футбол ассоциацияси 1-вице-президенти Умид Аҳмаджонов бир қатор мамлакатлар футбол раҳбарлари билан учрашувлар ўтказиб, хорижий мамлакатлар тажрибасини юртимизда ҳам йўлга қўйиш борасида кўплаб ислоҳотларни амалга оширяпти.

Ана шундай чора-тадбирлар натижасида Италия футбол ассоциацияси билан ҳам ҳамкорлик бўйича келишувга эришилгани ҳақида аввал хабар бериб ўтгандик.

Жумладан, Италия мураббийлари ассоциацияси президенти ва Италия футбол федерацияси мураббийлар мактаби раҳбари Ренцо Уливьери ЎФА билан ҳамкорлик қилиш, ўзбекистонлик мураббийлар салоҳиятини ошириш ҳамда Ўзбекистонда футболнинг ривожига ҳисса қўшишга тайёр эканини маълум қилган. Бу ҳақда ЎФА расмий сайти хабар бермоқда.

Жаноб Уливьери ҳамда Италия футбол федерациясининг Ёшлар сектори техник координатори Стефано Бонаккорсо шу йилнинг 15-23 июль кунлари Ўзбекистонга ташриф буюриб, юртимиздаги болалар футболи мураббийлари учун машғулот ўтказиш тартиби, учрашувларга тактик ва жисмоний тайёргарлик кўриш масалалари бўйича ўқув курслари ўтишади.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!