2021 йилда порлаши кутилаётган «юлдузча»лар (

SPORTS.uz Европа футболи ҳақидаги энг қизиқарли маълумотларни тақдим этишда давом этади. Бугун 2021 йилда ўз иқтидорини намойиш этиши кутилаётган янги юлдузларга тўхталиб ўтамиз.

Юссуф Мукоко, 16 ёш – «Боруссия» Дортмунд

ЮС2

Келиб чиқиши камерунлик бўлса-да, Юссуф Германия ёшлар жамоаси аъзоси саналади. Қаҳрамонимиз 14 ёшидаёқ, Бундеслиганинг ёшлар учун ўтказиладиган мусобақаларида ўзини кўрсатишни бошлаган эди. У ўзининг илк мусобақасида 56 та гол ва 14 та ассист қайд этади ва барчанинг эътиборини тортади. Кейин, уни немис клубининг ёшлар жамоасига таклиф этишди. Янги жамоада ҳам Юссуф ўзини йўқотиб қўйгани йўқ: 25 та ўйин, 47 та гол. Шунчаки, фантастик натижа! У 16 ёшга тўлган куни Дортмунд жамоаси сафида расмий учрашувда майдонга тушишга муваффақ бўлди.

Яқиндагина Юссуф ўзининг Бундеслигадаги илк голини киритди. Шу тариқа, қаҳрамонимиз Германия чемпионати тарихидаги энг ёш гол муаллифига айланди. Немис нашрларининг маълум қилишича, «Боруссия» тез орада Холанд билан биргаликда Юссуф тандем ҳосил қилишига ишонмоқда. Иккита супер тўпурарларнинг тандеми Германияда «Бавария»га қарши кучли қуролга айланиши мумкин.

Жованни Рейна, 18 ёш – «Боруссия» Дортмунд

юс3

Дортмунд клубига тегишли бўлган яна бир вундеркинд бугунги рўйхатимиздан ўрин эгалламоқда. Қаҳрамонимиз, ЕЧЛ ва Бундеслига ўйинларида майдонга тушди ва тез орада супер юлдуз мақомини қўлга киритмоқчи эканлигини исботлаб қўйди. 2020 йилнинг кузида эса, Рейна АҚШ терма жамоасидан чақирув олди ва дебют учрашувини ўтказди. Айни дамда, “Трансфермаркт” портали уни 30 миллион еврога баҳоламоқда.

Доминик Собослаи 20 ёш, - «РБ Лейпциг»

юс4

Доминик Венгрия терма жамоаси сафида ажойиб ўйинлар ўтказди. «Зальцбург» сафида эса, етакчилардан бири эди. Шу боис, у Австрияда узоқ ушланиб қолгани йўқ. Бир нечта гранд клублардан таклифлар бўлишига қарамай, Собослаи Бундеслигани танлади. Бунга Нагельсманн билан ҳамкорлик қилиш истаги туртки бўлган бўлса, ажаб эмас. Немис нашрларининг маълум қилишича, Собослаи тез орада «Челси»га йўл олган Тимо Вернернинг ўрнини тўлиқ эгаллаши кутилмоқда.

Эдуардо Камавинга, 18 ёш – «Ренн»

юс5

«Ренн» жамоаси таянч ярим ҳимоячиси ҳақида икки йилдан бери миш-мишларнинг кети узилмаяпти. Гоҳо уни «Реал» нишонида эканлигини ёзишса, баъзан «Бавария»га трансфери ҳақида бонг уришмоқда. Камавинга эса, «Ренн» сафида ўз устида ишлашда давом этмоқда. Эътиборлиси шундаки, Камавинга Франция терма жамоасида дебют қилибгина қолмай, иккита рекорд ўрнатишга ҳам улгурди. 2020 йилнинг куз фаслида терма либосида майдонга тушган Эдуардо энг ёш футболи бўлибгина қолмай, сўнгги 100 йил ичида энг ёш гол киритган футболчига айланди. Бугунги кунда унинг трансфер суммаси 50 миллион еврони ташкил этади.

Ансу Фати, 18 ёш – «Барселона»

юс6

Ёш каталониялик мавсумни жуда юқори темпда бошлади. 5 та гол ва 4 та ассист! Афсуски, ёш организм оғир юкламаларни кўтара олмади. Фати оғир жароҳат олди. Шу боис, у 2021 йилнинг март ойидагина яна машғулотларга қайтиши мумкин.

Эътиборлиси шундаки, жароҳат олгунига қадар Фати Испания терма жамоаси сафида майдонга тушишга улгурди. Қаҳрамонимиз терма жамоа сафида ҳам гол киритди ва бутун Испания футбол мухлислари эътиборини қозонди. Умид қиламизки, эрта олинган жароҳат унинг фаолиятига кучли зарба бермайди.

Сандро Тонали, 20 ёш – «Милан»

юс7

Афсуски, янги Пирло бўлиши кутилган Тонали ўзини «Милан»да жуда ёмон ҳис этмоқда. Унинг статистикаси ҳам «россонерилар» сафида анча паст. У «Брешиа» сафида ҳар бир ўйинда 1,9 та кескин пас ижро этаётган эди. «Милан»га ўтгач, бу натижа 0,5 га тушиб кетди. Узоқдан йўллаётган зарбалари ҳам икки баробар камайиб кетди. Шундай бўлса-да, Тоналининг «Милан» сафида ўзига келиб олишига бирмунча вақт керак.

Букаё Сака, 19 ёш – «Арсенал»

юс8

Бугунги «Арсенал»нинг юзи ва чинакам умиди. Қаҳрамонимиз «Челси»га қарши кечган учрашувда ҳар томонлама намойиш эта олади. Жуда ҳам тезкор бўлибгина қолмай, Сака майдонни яхши кўра олиши билан ҳам мухлислар эътиборини қозониб бормоқда. Эндигина 19 ёшга тўлганига қарамай, у «канонирлар»нинг ҳужумдаги асосий қуроли бўлиб улгурди. Эътиборлиси шундаки, Сака бу мавсумда нақд 7 та позицияда тўп сурди ва бирор маротаба қўпол хатога йўл қўймади. Унинг ёш бўлишига қарамай, ўйинни ўқий олиши киши кўзини қувонтирмоқда. У жорий мавсумда 20 та ўйинда майдонга тушди. Ҳозирча, ҳисобида 3 та гол ва 3 та ассист мавжуд. Тез орада, унга Англия терма жамоасига чақирув келиши турган гап.

Ферран Торрес, 20 ёш – «Манчестер Сити»

юс9

Испаниялик футболчини Пеп Гвардиоланинг шахсан ўзи «Валенсия»дан сотиб олишларини талаб қилди. Тан олиш лозим, бу танлов ўзини тўлиқ оқлади. Айни дамда, Стерлинг билан биргаликда «шаҳарликлар»нинг энг яхши тўпурари бўлиб турибди. Пеп испаниялик универсал футболчидан марказий ҳужумда фойдаланмоқда. Торрес эса, ўзи учун бегона бўлган позицияда 7 та гол киритишга улгурди. Унинг Испания терма жамоасидаги фаолияти ҳам юқори темпда давом этмоқда. 7 та ўйин 4 та гол.

Мэйсон Гринвуд, 19 ёш – «Манчестер Юнайтед»

юс10

Инглиз футболидаги бугунги авлод иқтидорларга тўлиб тошган. Мэйсон Гринвуд сўзимизга яққол исбот бўла олади. Ўтган мавсумда 18 ёшли Гринвуд 17+5 натижа кўрсатган ва кўплаб мутахассислар эътиборига тушган эди.

Бу мавсумда ҳам натижалар ёмон эмас: 18 та ўйин 3+3. Тўғри, ўтган мавсумдаги ёрқин эмас, лекин «қизил иблислар» унга ишонишда давом этмоқда. Шу боис, яқинда Мэйсон билан ўртадаги шартнома 2025 йилга қадар узайтирилиши ҳақида хабарлар пайдо бўлди.

Яхёхўжа Улуғхўжаев

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)

Минбар

Барча блоглар