Андрей Микляев: Таркибимизда маҳоратли футболчилар талайгина

Хабарингиз бор, эртага Тошкентнинг "Локомотив" клуби ОЧЛ 3-тури доирасида Доҳада маҳаллий "ААл Дуҳаил" жамоаси меҳмони бўлади. Бугун мазкур жамоа бош мураббийлари ўйин олди матбуот анжуманида иштирок этишди.

Унда Андрей Микляев жамоа сардори Садриддин Абдуллаев ҳамрохлигида иштирок этди. Бу ҳақда "Локомотив" матбуот хизмати хабар бермоқда.

- Эртага бизни жуда мураккаб ўйин кутиб турибди. Рақиб жамоа ҳақида фақат ва фақат илиқ фикрлар билдириш мумкин. Улар ҳужумкор ва мазмунли ўйин намойиш этишмоқда. Шу боисдан ҳам "Ал Дуҳаил" билан баҳс осон кечмаслиги тайин. Лекин биз ҳам Доҳага 3 очко қўлга киритиш мақсадида ташриф буюрганмиз. Рақиб қанчалик кучли бўлмасин, "Локомотив" ҳар бир ўйинда ғалаба қозонишга уринади. Таркибимизда маҳоратли футболчилар талайгина. Ишончим комил, эртага майдонга тушадиган ҳар бир футболчимиз ўзининг бор имкониятини ишга солади. Умид қиламанки, ўйиндан сўнг хуш кайфиятда уйга йўл оламиз, - деди тажрибали мутахассис.

- "Ал Дуҳаил" - "Локомотив" баҳси қизиқарли тарзда кечишига аминман. Ҳар иккала жамоа ҳам ҳужумкор ўйин кўрсатишади. Мухлислар зерикиб қолишмайди, деб ўйлайман. Ўтган турда кутилмаганда имкониятни бой бериб қўйдик. Бу сафар ғалаба қозонишимиз шарт. Зеро олдимизда гуруҳдан чиқиш ва мусобақадаги иштирокни давом эттириш вазифаси турибди, - деди маҳоратли футболчи.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!