“Барселона” нега Ланглени ўз сафига қўшиб олди?

Испания жанубида ўтган мавсумни кўтаринки кайфиятда ўтказган ёш ҳимоячи Клеман Лангле пайшанба куни каталонияликлар сафига 36 миллион евро эвазига келиб қўшилди. Ўз сафида жаҳон даражасидаги ҳимоячилар етарлилигига қарамай “кўк-анорранглилар” ушбу чизиқни янада мустаҳкамлашга бел боғлаган кўринади. Хўш, нега “Барселона” айнан Ланглени ўз таркибига қўшиб олди? Қуйида шу ҳақида фикр юритамиз.

Клеман Лангле даврини сурмоқда деб айтсак ҳечам муболаға бўлмайди. 23 ёшли марказий ҳимоячи “Севилья”га 2017-йил январида бориб қўшилган эди. Қисқа вақт оралиғида у “Санчес Писхуан”да ўзини кўрсата олади ва севимли футболчига айланди. Бундай ҳолат эса албатта бир қатор грандларнинг эътиборидан четда қолмади ва унга қизиқиш билдираётганлар сони тобора ортиб борди.

Шулардан бири “Барселона” эди. “Кўк-анорранглилар” ёш иқтидорли ҳимоячини анча вақт кузатиб борди, Эрнесто Валверде эса Ла Лигага мослашган ҳимоячини олиб келишни истади.

“Барса” ўзининг франциялик аъзоси Самюель Умтитининг жамоани тарк этишидан ҳадиксираб юрди. Аммо Умтити клуб билан янги шартномага имзо қўйди ва келгуси мавсумдан бошлаб “Камп Ноу”да асосий таркибда ватандоши билан бирга тўп суриши мумкин.

“Севилья” эса эндигина 23 ёшни қаршилаган ҳимоячисини сақлаб қолишни жуда истади. Бироқ уларнинг молиявий аҳволи энг яхши футболчиларни сақлаб қололмаслигига сабабчи бўлади. Лангле ҳам бундан мустасно эмас.

Франциялик ёш ҳимоячи Мончининг сўнгги “жавоҳирлари”дан бири ҳисобланади. Лангле Дани Алвеш, Сейду Кейта ва Адрианолардан кейин каталонияликлар сафини тўлдирди.

Ҳимоячи “Севилья”га 21 ёшида “Нанси”дан келиб қўшилган эди. Унинг таъкидлашича испан клуби уни ўсмирлик чоғидан бери ўз сафига қўшиб олишга ҳаракат қилиб келган. “Мончи мен 17 ёшдалигимда ота-онам билан гаплашиб олган эди. Ота-онам Севильяга келишди ва шаҳарнинг гўзаллигидан лол қолишди. Ўша вақтдан бери мен бу ерга келишни хоҳлардим, аммо клубим мени қўйиб юборишни истамасди. Ўтган январда улар мени трансфер қилишни истаганларида орзуим рўёбга чиқди. Мен буни 17 ёшимдан бери орзу қилиб келаман.”

Мончи ҳозирда Римда фаолият кўрсатмоқда. Лангле эса у томонидан қолдирилган совға эканини исботлай олди. 2017-18-йилги мавсумда ёш ҳимоячи ҳаммадан кўра яхшироқ ҳаракат қилди. Чемпионлар Лигасида “Манчестер Юнайтед”га қарши иккала учрашувда ўзининг нималарга қодирлигини кўз-кўз қилди.

“Лангле ҳаёлан ва майдондаги чемпион – деган эди Монтелла апрель ойида – у келажакда “Барселона” каби гранд жамоада бемалол ўйнай олади. Аммо умид қиламанки “Севилья”да яна бир неча мавсумни ўтказишади.”

Бахтга қарши “Севилья”нинг умидлари пучга чиқди. Энди у “Барселона”га ҳимояда жисмоний кучлилик, ажойиб позицион туйғуларни тақдим қилади.

“Барса” ҳам уй вазифасини аъло даражада бажарди. Ла Лиганинг энг умидли ёш ҳимоячисини қўлга киритди. Ланглега чемпионатга кўникиш учун вақт керак эмас. Фақатгина каталонияликлар билан чиқиша олса бўлди.

Лангле “Барселона”да асосий таркиб футболчисига айлана олмас, аммо у фаолиятида бир поғона кўтарилиши учун бу нарса зарур эди. Валверде жамоаси ҳам янги франциялик вакили дебют мавсумида рақобатчилик қилишга ҳаракат қилади. У буни 12-августда Испания Суперкубоги доирасида собиқ жамоасига айланган “Севилья”га қарши исботлашга киришиши мумкин.

Эркинжон Ғайбуллаев тайёрлади.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!