“Динамо”: 2017 йилда қандай эътиборли воқеалар бўлди?

«Динамо» жамоасининг 2017 йилдаги натижаларини сарҳисоб этишда давом этамиз. Қуйида Самарқанд клубининг йил давомидаги эътиборли воқеаларини сараладик. Бу ҳақда клуб матбуот хизмати хабар бермоқда. 

«Динамо» клуби жорий мавсумда узоқ йиллар давом этган нохуш анъаналарга чек қўйди. Жумладан:

17 ЙИЛДА ИЛК БОР…

«Динамо» 17 йил ўтиб, Тошкентда «Пахтакор»ни мағлуб этди. Молдовалик 22 ёшли ҳимоячи Раду Рогакнинг 89-дақиқада киритган голи жамоанинг тарихий ғалабасини таъминлади. Бунга қадар, «Динамо» 2000 йилда Муҳсин Муҳаммадиев ва Элшан Гамбаровнинг голлари эвазига «Пахтакор»ни сафарда 1:2 ҳисобида мағлуб этган эди.

Олий Лига-2017. 3-тур.

«Пахтакор» - «Динамо» - 0:1

Гол: Раду Рогак, 89.

17 ЙИЛДА ИЛК БОР…

«Динамо» орадан 17 йил ўтиб, чемпионат давомида Олий Лига турнир жадвалида маълум муддат пешқадамлик қилди. Жамоа дастлабки уч турда Бекободда «Металлург» (0:2), Самарқандда «Шўртан» (3:0), Тошкентда «Пахтакор» (0:1) устидан ғалабаларга эришгач, Олий Лигада пешқадамга айланган эди.

Бунгача «Динамо» узоқ 2000 йилда марҳум мураббий Маҳмуд Раҳимов қўл остида пешқадамлик қилганди.

ОРАДАН 16 ЙИЛ ЎТИБ…

«Динамо» 16 йил ўтиб, Фарғонада «Нефтчи»ни мағлуб этди. Жасур Азимов, Ориф Мамажонов, Амиржон Сафаровнинг киритган голлари Вадим Абрамов шогирдларининг мағлуб этилишини таъминлади.

Бунга қадар, «Динамо» 16 йил олдин, 2001 йилда Муҳсин Муҳаммадиевнинг ягона голи эвазига «Нефтчи»ни сафарда мағлуб эта олганди.

Олий Лига-2017. 13-тур.

«Нефтчи» - «Динамо» - 2:3

«ДИНАМО»НИНГ ОЛИЙ ЛИГА ТАРИХИДАГИ ЭНГ ЁШ ТАРКИБИ

«Динамо» жамоасининг Олий Лига-2017 1-даврасида майдонга тушган таркиби «Динамо»нинг Олий Лига тарихидаги энг ёш таркибига айланди.

Жамоанинг дастлабки 5-турдаги ўртача ёши - 23,7 ёшни ташкил этди. Биринчи даврада майдонга тушган ўртача ёш эса – 24 ёшни ташкил этди. Бу борада «Динамо» «Бунёдкор» билан бирга мавсумнинг энг ёш жамоаси бўлди.

Хусусан, жорий мавсумда жамоа сафида Саиджамол Давлатжонов (19 ёш), Жасур Қурбонов (20 ёш), Абдужамол Исроилов (20 ёш), Ҳакимхон Аъламхонов (21 ёш), Жавоҳир Қаҳрамонов (21 ёш), Миркомил Локаев (21 ёш) сингари футболчилар дебютларини нишонлашди. Жумладан, 1997 йилда туғилган Саиджамол Давлатжонов «Динамо» сафида 2017 йилда майдонга тушган энг ёш футболчи бўлди.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!