Элдор Шомуродовнинг трансфер тафсилотлари

 

Ўзбек футболида Элдор Шомуродов мавзуси анчадан буён айланмоқда. Ҳар ҳолда олий лигадан бирор футболчининг Россия чемпионатига кетганини ҳар доим ҳам кўравермаймиз.

Шу боис Ўзбекистон терма жамоаси ҳужумчисига бўлган қизиқиш янада ошиб кетди. Бироқ ўтган ҳафта урчиган гап-сўзлар аввалгисидан анча фарқ қилади. Бунақасини илгари эшитмагандик.

ТАҚДИМОТДАГИ ТАШВИҚОТ

«Бунёдкор» клуби олий лига иккинчи давраси бошланиши олдидан янги футболчилар тақдимотини ўтказиши ҳақида хабар берилгандаёқ Элдор Шомуродов масаласи ҳам кўтарилиши олдиндан кутилганди. Чунки ўзбек футболида трансфер янгиликлари масаласида улкан махфийлик мавжуд - ўйинчига яна кимлар қизиқиш билдирган, унинг трансфер қиймати қанча, маош масаласи қанақа? Бу саволларга жавоб олишни ҳамма истарди.

Европа ва жаҳон футболига қарайдиган бўлсак, бу тахлит янгиликлар аллақачон миллионлар ўйинининг таркибий қисмига айланиб улгурган. Бизда эса яширишади. Аммо барибир, Шомуродовнинг трансфери борасида албатта, кимдир сўраши аниқ эди.

Матбуот анжумани авжи қизиган маҳал ўша савол берилди - «Элдор Шомуродов қанча маблағ эвазига хорижга кетди?» Савол аниқ, аммо аниқ жавоб олиш умиди у қадар катта эмасди.

Шундай ҳам бўлди. «Бунёдкор» вице-президенти Мурод Алиев Шомуродовнинг трансфер қийматини айтмади, аммо у билан боғлиқ кўп нарсаларни очиқ-ойдин сўзлаб ўтди. Баҳонада кўп нарсаларни билиб олдик.

АЛИЕВНИНГ ЖАВОБИ

- Агар футболчини мавсум охиригача ушлаб турганимизда у жамоамиздан текинга кетиши мумкин эди. Шунинг учун «Ростов» билан музокара ўтказиб, клуб ҳисобига бироз бўлса-да пул тушириб олдик. Қанча олганимиз эса сир бўлиб қўя қолсин.

«Насаф»га қарши кечган ўта муҳим ўйин олдидан Элдор Шомуродовнинг агенти келди ва у билан гаплашиб олдик. Ҳужумчи ва «Ростов» ўртасида шартнома имзоланганини олдиндан билиб тургандик.

Албатта, асабларимиз бузилди. Шунга қарамай, бош мураббий Миржалол Қосимов билан маслаҳатлашган ҳолда футболчига индамай туришга қарор қилдик. Эртаси куни «Насаф» билан ўйин бўлиб ўтди ва Шомуродов гол уриб, битта самарали узатмани амалга оширди. Биз ғалаба қозондик. Эътиборлиси, бунгача унинг ўйини бу қадар яхши чиқмаётганди.

Учрашувдан сўнг Шомуродовни қанча уришмайлик, сўкмайлик, энди кеч бўлганди. Шунинг учун яхшиликча хайрлашдик. Ҳеч қандай муаммо туғилмади, биз унга омад тиладик. Мен Элдорни футболчи сифатида тушунаман. Россия премьер-лигасида ўйнашдек имконият бир марта берилиши мумкин. Балки унинг ўрнида ўзим бўлганимда ҳам шундай йўл тутармидим?!

Бироқ Элдор жамоадошлари ва мураббийлар штаби билан хайрлашиб кетиши керак эди. Агар вазиятни тушунтириб, кучли чемпионатга кетиш нияти борлигини олдиндан айтганда, биз тўғри қабул қилган бўлардик.

Элдор билан боғлиқ масала ўзбек футболи манфаатидан келиб чиқиб ҳал қилинди. Ҳозир Ўзбекистон миллий терма жамоаси жаҳон чемпионати финал босқичига чиқиш учун курашмоқда.

Агар мундиал йўлланмаси қўлга киритилса, ҳаммамизга яхши бўлади. Давлатимиз обрўйи ошади. Шунинг учун Шомуродовни ортиқча муаммосиз қўйиб юбордик. Мабодо қайтиб келса, жамоа эшиклари очиқ эканини ҳам айтганмиз. У қайтгач, аввало, ўзимизда ўйнашини истаймиз.

ҚОСИМОВНИНГ ЖАВОБИ

«Бунёдкор» вице-президентидан сўнг жамоа бош мураббийи Миржалол Қосимов ҳам Элдор Шомуродов масаласида ўз фикрини билдириб ўтди. Унинг жавоби Мурод Алиевникидан деярли қолишмади. Фақат бир истисно - у Шомуродовнинг кетишини ҳеч қанақасига оқламайди.

- Шомуродовнинг «Ростов»га кетаётганини Чимёнда ўтказилган йиғин вақтида билиб қолдик. Қайсидир муҳим баҳс, адашмасам, «Локомотив» билан бўлган эди, ўша ўйиндан сўнг футболчиларга бир кунлик дам берилди.

Элдор шу бир кун ичида Москвага бориб, «Ростов» билан шартнома имзолаб келишга улгурибди. Биздан яшириб, ҳамма ишни битириб бўлган. Очиғи, ўзимиз ҳам ҳайрон қолдик. Ўйлайманки, бир оғиз айтиб қўйганда, йўқ демасдик.

Унинг бу ишини ҳеч қанақасига тўғри, деб ҳисобламайман. Футболчи сифатида ҳам, мураббий сифатида ҳам. Шомуродов олдин ўзимизда ўйнаб, бирор нарсага эришиши лозим эди. Россия чемпионатида кўп йиллар тўп сурганман ва у ерда ўзини ўнглаб олиш осон эмаслигини жуда яхши биламан. Ҳар куни оғир меҳнат қилиш керак. Шу боис Элдорнинг олдин ўзимизда тажриба орттиришини истагандим. Унинг кетаётганини билганимизда эса кеч бўлганди.

Шомуродов бу йил қанча ўйин ўтказди ва нечта гол урди? «Бунёдкор» таркибида олий лига, кубок ва Осиё Чемпионлар Лигасида иштирок этди. Қолаверса, Ўзбекистон миллий терма жамоаси сафида майдонга тушди.

Аммо нечта тўп киритди? Битта! Нима учун? Чунки унинг хаёли жойида эмасди. Бутун фикри Россияга кетиш бўлиб қолди. Футболчини бунчалик чалғитмаслик керак, бу унинг зарарига ишлайди. Уни ўзига келтириш учун ҳар куни демайман-ку, аммо анча-мунча гаплашдим. Айтмаган гапим қолмади, аммо натижа бўлмади.

Тўғри, биз уни йил охирига қадар олиб қолиш ҳуқуқига эга эдик, чунки «Бунёдкор» билан амалда шартномаси бор эди. Ана, Қозоғистон чемпионатида ҳам шунга ўхшаш воқеа кузатилган. Бир футболчига Испаниянинг «Валенсия» клуби қизиқиб, шартнома имзолаб қўйган экан, аммо клуб ўйинчини бермасдан, олти ой захирада ушлаб ўтирди. Биз ҳам шундай қилсак бўларди, лекин вазиятни кескинлаштирмаслик учун бош-қача йўлдан кетдик. Чунки нима бўлган тақдирда ҳам Элдор ўзимизнинг ўйинчи, ўзимизнинг қоракўзимиз.

Агар уни бошқаларга бермасдан, йил охиригача ушлаб турганимизда «синдириб» қўйишимиз мумкин эди. Биз эса буни истамадик. Агар шундай қилганимизда «Бунёдкор» ҳам, «Ростов» ҳам ва энг ёмони Ўзбекистон термаси ҳам зарар кўрган бўларди. Миллий жамоани август ва сентябрда иккита жуда муҳим ўйин кутиб турибди. Бу учрашувларда Элдорнинг ёрдами тегиши мумкин. Шунинг учун, энг аввало, термамиз манфаатларига қарши бормаслик учун уни қўйиб юбордик.

Мен фақат бир нарсага афсусланаман, Элдор ҳеч бўлмаса, олий лига ва кубокда ғалабага эришиб, кейин кетиши керак эди. Бу ҳам бир тарих бўлиб қоларди. Майли, нима ҳам дердик, балки қачондир қайтиб келса, ўшанда Ўзбекистон чемпиони бўлар...

КИМ ҲАҚ?

Ўзбек футболи шундай ташкил топганки, бу тахлит очиқ-ойдин айтилган гапларни ҳар доим ҳам эшитавермайсиз. Чунки ҳамма сир сақлашга уринади - трансфер нархлари, футболчилар ўртасида бўлаётган гап-сўзлар, дегандек. Аммо мухлис 90 дақиқалик ўйинга қай даражада қизиқса, унинг атрофида бўлаётган воқеаларга ҳам ундан кам эътибор қаратмайди.

Айнан шу сабабга кўра, Элдор Шомуродов билан боғлиқ воқеани тўлиғича келтирдик. Аммо нима учун «Бун-ёдкор» вакиллари айнан шу масалада ҳаммасини очиқ-ойдин гапиришди? Ахир илгари бундай қилинмасди-ку? Нима ўзгарди? Клубнинг мақсади нима?

Албатта, ушбу саволларга ҳамма ўз ҳолича жавоб излади. Кимдир бундай ошкораликдан мамнун бўлса, бошқалар қарши чиқди. «Элдор Шомуродов ўсадиган бола, энди бундай гаплар билан уни «синдириш» кимга керак?», деганларни ҳам эшитдик. Албатта, ҳар ким ўзининг эркин фикрига эга. Шунингдек, биз ҳам.

МАНФААТ

«Бунёдкор» вице-президенти ва бош мураббийининг жавобига эътибор берадиган бўлсангиз, уларнинг шунчаки, ўз клубларини ҳимоя қилишни исташаётганини кўриш мумкин. Элдор Шомуродов билан боғлиқ вазият тўлиқ очиб берилишида ҳам ўзига хос тактик юриш бор. Боиси, жамоа биринчи марта футболчи сотмаяпти.

Бунга қадар ҳам «қалдирғочлар» сафини кўпчилик тарк этган - Сервер Жепаров, Азиз Ҳайдаров, Сардор Рашидов. Аммо уларнинг ҳеч бири Шомуродов сингари ўз клубидан яшириб иш қилмаганди. Ҳар бирининг трансферидан «Бунёдкор» яхшигина пул ишлаб олган.

Элдор эса бошқа йўлдан кетди. Албатта, Мурод Алиев айтмоқчи, уни ҳам тушуниш мумкин. Агар футболчи бўлганда, балки унинг ўзи ҳам худди шундай қилган бўларди. Бу унинг гапи. Аммо ҳозир Мурод Алиев футболчи эмас, балки «Бунёдкор» клуби вице-президенти. Шундай экан, ўз клубини ҳимоя қилиш унинг вазифаси. Айни сабабга кўра, Элдор Шомуродов масаласи кўтариб чиқилган.

Чунки «Бун-ёдкор» сафида хорижга йўл олиши мумкин бўлган футболчилар яна бор - Достон Ҳамдамов, Отабек Шукуров, Акром Комилов, Рустам Ашурматов. Ва клуб раҳбарияти ҳозирдан уларга дарс ўтмаса, эртага «Шомуродов воқеаси» яна такрорланиши мумкин. Гарчи миллий терма жамоа манфаати ҳақида ҳар қанча гапирилмасин, энг аввало, ҳар бир клуб ўзини ўйлаши лозим.

Шу боис ҳам ўз футболчисини таркибда олиб қолиш ёки яхшироқ пулга сотиш учун қўлидан келган барча ишни қилади. Ҳеч бир клуб терма жамоа манфаатидан келиб чиқиб ўз зарарига ишламаса керак. Акс ҳолда, оддий мантиқ йўқолади. У билан бирга футбол ҳам. Клуб ўзини ўйласин, кучайсин. У кучайса, терма ҳам кучаяди. Чунки футболчини клуб етиштиради, терма жамоа эмас.

«Бунёдкор» бу тахлит гаплар билан навбатда турган бошқа футболчиларга огоҳлик қўнғироғини чалиб қўйди. «Укалар, эҳтиёт бўлинг, клубни бир четга суриб, бошқаларнинг ноғорасига ўйнаманг. Ҳамма нарсанинг ўз вақти-соати бор. Бемаврид иш қилманг, клуб юзига оёқ қўйманг» қабилида мурожаат этгандек бўлди.

Ҳалиям бу гаплар анча эҳтиёткорлик билан, бир маромда айтилди. Ортиқча муаммо туғилмади. Элдор Шомуродовга оқ йўқ тиланди, қайтиб келса яна эшик очиқлиги айтилди. Аммо ёш футболчининг чакки иш қилгани, клубни бир четга суриб, бошқалар билан ишлаш яхши эмаслиги ҳам тушунтирилди. Бу гапларнинг барчаси ҳеч кимга озор етмайдиган тарзда айтилди. Албатта, терма жамоа манфаати ҳақида икки оғиз гапириш ҳам унутилмади.

Энди ўзингиз айтинг - «Бунёдкор»нинг бунга ҳаққи борми?

ШОМУРОДОВГА ОМАД

Элдорга эса биз ҳам оқ йўл тилаймиз. Кетса-кетибди, энди омадини берсин. Россия матбуотида ҳозир бу футболчи ҳақида кўп гапирилмоқда. Унинг янги Сардор Азмун бўлиши кутиляпти. Биз ҳам шу тилакларга қўшиламиз.

Аммо ҳозирча Элдорнинг Сардорга ўхшайдиган фақат бир жиҳати бор - у ҳам ўз клубидан катта машмаша билан кетди. Азмун ҳам «Рубин»дан «Ростов»га ўтиш чоғида кўп ишлар қилганди. Жамоаси машғулотини ташлаб, Ростовга кетиб қолганини ҳам эшитганмиз. Бу иш ҳатто ФИФА даражасига чиққан.

Энди Шомуродов унинг изидан кетмоқда. Ишқилиб, бу ёғи ҳам ўхшасин. Элдор худди эронлик ҳужумчи сингари хорижда ўз номига эга бўлиб, мухлислар меҳрини қозонса, фақат хурсанд бўламиз. Россия чемпионатида эса энди қайси клубга мухлислик қилишимиз ҳақида сўраш ортиқча бўлса керак...

Манба: www.interfutbol.uz

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!