Илҳом Шарипов: Мақсад битта - Суперлигага чиқиш

Самарқанднинг «Динамо» клуби янги мавсумга тайёргарлигини давом эттирмоқда. Ўтган йили Суперлигага чиқиш учун уриниб кўрган бўлса-да, бироқ бунинг уддасидан чиқа олишмаганди. Энди бу сафар «Динамо» жамоаси яна бир бор ўз мақсадига эришишга ҳаракат қилиб кўради. Маълум бўлишича, вилоят ҳокими жамоага жиддий эътибор қаратишни бошлаган. Бунгача асосан Самарқандда шуғулланган жамоа, эндиликда Тошкентда ўқув-машғулот йиғинларини олиб бормоқда. Шу билан бирга ПФЛ томонидан белгилаб берилган мажбуриятларни бажариш бўйича ҳам амалий ишлар олиб борилмоқда. Клубнинг спорт директори Илҳом Шарипов шу ва яна бошқа масалаларда суҳбатлашдик.  

- 1 февралда вилоят ҳокими билан учрашдик. Энди жамоамизнинг олдига қўйилган мақсад аниқ: 1-ўринни эгаллаб Суперлигага чиқиш. Бунинг учун вилоят ҳокими барча шароитларни яратиб беришини алоҳида таъкидлади. Пул, база, стадион, автобус  масалаларида муаммо бўлмаслигини маълум қилди. Масалан, «Динамо» клубининг базаси қайта реконструкция қилиняпти. Биз эса икки ҳафталик йиғин ўтказиш учун Тошкентга келганмиз. Ўша муддат тугаганидан кейин икки дам олиб, сўнгра 21 февралдан навбатдаги тайёргарлик босқичини бошлаш учун яна Тошкентда машғулотларни давом эттирамиз. Жамоамиз учун янги автобус ҳам келяпти. Қисқаси, «Динамо» жамоаси учун ҳамма шароитлар яхшиланяпти.

- Шунга яраш селекция ишлари қандай олиб бориляпти?

- Жамоамизга Воҳид Шодиев, Мирзакамол Камолов, Обид Ҳакимов, Қадамбой Нурметов, Суннат Абдуллажонов каби футболчилар қўшилишган. 1 апрелгача ҳали вақтимиз бор. Шундай экан, таркибимизга яна янги ўйинчилар қўшилишади.

- Клуб етакчиси ҳисобланган Илҳом Юнусов нима учун кетди?

- Ҳамма ўйинчиларнинг ўз вақти соати бўлади. Аслида биз Юнусовга яна қолишини айтгандик. Аммо айтиши бўйича, энди ўзини мураббийликка бағишламоқчи ва шу йўналиш бўйича ўқимоқчи экан. Агар шундай нияти бўлса, тегишли лицензияни олгач, ёшлар жамоасида ишлашни унга таклиф қилдик. Айни пайтда Илҳом «Шердор» жамоасида фаолият кўрсатяпти.

- Жамоага бош мураббийлик қилаётган Даврон Файзиевнинг олиб бораётган ишига қандай баҳо берасиз?

- Унга қойил қоламиз. Негаки, жуда меҳнаткаш. Оддий, ёш ўйинчиларни тарбиялаб боряпти ва имконият беряпти. Ҳоким ҳам, биз ҳам бош мураббийга ишонч билдириб, имконият тақдим этдик. Лекин Даврон Файзиевнинг олдига фақат Суперлигага чиқиш вазифаси қўйилган.

- Аммо вазифани бажариш осон бўлмайди. Чунки про-лигада ҳам рақобат кучайиб боряпти. Масалан, «Сурхон» ҳақида кўпчилик гапиряпти…

- Ўтган йили ҳам про-лиганинг «А» гуруҳидаги рақобат кучли эди. Ўйлайманки, бу йил ҳам рақобат кучли бўлади. Ҳа, биз ҳам яхши ўйинчиларни олишга ҳаракат қиляпмиз. Лекин зўр футболчиларнинг аксарияти Суперлига клублари билан шартномалар тузиб бўлишган. Менимча, бу йилги чемпионат ниҳоятда қизиқарли кечади. Аммо ҳали про-лигада нечта жамоа қатнашишини билмаймиз.

- Масалан, сиз нечта клуб иштирок этишини биласизми?

- Ҳозирча йўқ.

- Ҳеч ким билмайди. Ҳали ҳеч нима маълум эмас.

- Янги мавсум учун «Динамо»нинг йиллик бюджети қандай бўлмоқда?

- Ҳали нечта жамоа қатнашиши аниқ эмас-ку. Агар иштирокчилар сони 14 та бўлса, унда смета ва ҳаражатлар ҳам кўпроқ бўлади. Ҳаммаси жамоаларга қараб смета қилинади. Кимдир «Орол» қатнашади деса, яна кимдир қатнашмайди дейди. Нукусга бориб келиш 1000 километр, водийдан эса 1500 километр. Самолёт, поезд ёки автобусда борасизми, барибир катта харажат кетади. ПФЛ томонидан про-лиганинг «А» жамоалари учун бадал пулини 250 миллион сўм қилиб белгилаган. Бунинг ичига академия, футзал, аёллар футболи каби масалалар ҳам киради. ПФЛ белгилаган талаблари бўйича лицензиялаш ишларини бажариш шарт. ЎФА ва ПФЛ бундай талабларни ўз-ўзидан жорий этаётгани йўқ. ОФКда ҳам шундай. Ҳаммаси мухлислар учун қилинмоқда. Мисол учун стадионда ишқибозлар учун шароитлар яхшиланиши ҳам талаблар ичида бор. Мухлис стадионга кирганида у ерда ҳамма шароит бўлиши лозим. Ишқибоз кечки пайт  стадионга кирганда футбол кўриб, маза қилиб хордиқ чиқариши керак. Шу боис ЎФА ва ПФЛнинг талаблари тўғри. Бироқ ҳаммаси барибир пулга бориб тақалади. Лекин биз ҳар қандай ҳолатда ҳам тайёргарлик кўраверишимиз керак. Шунинг учун ҳам Тошкентда шуғулланяпмиз ва тинмасдан ўртоқлик учрашувларини ташкил этяпмиз. Масалан, куни кеча Қозоғистоннинг «Қирон» ва «Машъал» жамоалари билан ўйнадик. Энди эса «Сурхон» ва «Қўқон-1912» жамоалари билан ҳам ўйнаймиз.

- Айнан «Динамо» жамоаси ПФЛнинг белгилаб берган талаблари бўйича ишларни қандай олиб бормоқда?

- Бизда футбол академияси йўқ. Шунинг учун биз Республика марказлашган футбол академиясига 1 миллиард 250 миллион сўм тўлашга мажбурмиз. Кейин улар орқали келишувга эришамиз ва Самарқанддаги футбол мактаб-интернати билан ҳамкорлик қиламиз. Чунки ушбу интернат Республика футбол академиясига қарашли ҳисобланади. Бизда аёллар футболи бўйича жамоамиз бор. Ўтган йили биринчи лигада чемпион бўлишди. Бу йилдан эса Суперлигада ўйнашади. Футзал жамоамиз ҳам бор. Ким Суперлигада ўйнашни хоҳласа, шу талабларни бажариши шарт. Шундай экан, биз ҳам айтилган вазифаларни қиламиз-да. Футболчиларни рўйхатдан ўтказамиз-у, аммо талаблар бажарилмаса ҳаммаси бефойда-ку?

- Дарвоқе, жамоага легионерлар ҳам жалб этиладими?

- Агарда ўзимиз хоҳлаган футболчиларни топа олмасак, у ҳолда Туркманистон ёки бошқа жойдан легионерларни таклиф қилиш режамизда бор.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!