Ўзбекистон кубоги-2017 финал учрашуви якунлангач, interfutbol нашри «Локомотив» жамоасининг етакчи ярим ҳимоячиларидан бири Жалолиддин Машариповдан интервью олди.

Жалолиддин, мавсум «Локомотив» учун омадли келди, яна «олтин дубль» қайд этилди. 2017 йил сизда қандай таассуротлар қолдирди?

- Мавсум бошида «Локомотив»га яхши ниятлар билан ўтгандим. Бу трансферга розилик беришимга биринчи галда жамоанинг ОЧЛдаги иштироки сабаб бўлганди. Афсуски, Осиёнинг энг нуфузли мусобақасида гуруҳдан чиқиш насиб қилмади. Шуни инобатга олсак, мавсумдан тўлиқ қониқиш ҳосил қилдик, дея олмайман. Тўғри, ўтган йилги натижани такрорлаб, кубок ва чемпионликни ўзимизда сақлаб қолдик. Бу томондан ўзимиз ҳам хурсанд бўлдик, мухлисларимизни ҳам хушнуд эта олдик.

«Локомотив»га ўтиб хато қилмаганингиз амалда исботини топди. Янги жамоангизда бахтиёрсиз, шундайми?

- Албатта. Бу клуб таркибида Ўзбекистон чемпиони бўлдим, мамлакат кубогини қўлга киритдим. Менимча, бундай ютуқларга эришиш ҳар бир футболчининг орзуси ҳисобланади. Яна бир нарсани айтиб ўтишим керак, кубок финалида ғалаба қозонганимиз «Пахтакор»га қўл келди. Энди айнан шу жамоа ОЧЛ гуруҳ босқичига йўлланма берувчи «плей-офф» ўйинларида майдонга тушади. Мазкур учрашувларда жамоадошларимга омад тилайман.

Чемпионатнинг ҳар икки даврасида «Пахтакор»га қарши майдонга тушдингиз. Барибир, собиқ жамоадошларингизга қарши ўйнаш қийин кечган бўлса керак?

- Тўғрисини айтаман, бу мен учун жуда ҳам оғир. Ҳа, биз профессионалмиз, ўз бурчимизни бажаряпмиз, деймизу, лекин ичингиздан бир ғалати туйғу ўтади. Юракнинг бир четида собиқ клубингизга муҳаббат ётади. Уни ўчириб ташлаб бўлмайди. Ёшлигингиздан сизни тарбиялаган жамоага қарши ўйнаш осон эмас.

«Пахтакор»нинг бу йилги мавсумдаги ўйинларини кузатиб бордингиз. Барибир, бу клубга бефарқ эмассиз. Жамоа ўйини сизда қандай таассурот қолдирди?

- Деярли барча ўйинларини кўрдим. Айниқса, «Пахтакор» иккинчи даврада  анча мазмунли ўйин намойиш этди. Бунинг натижасида чемпионат бронза медаллари қўлга киритилди. Грузиялик мутахассис Шота Арвеладзе жамоа ўйинига ўзгартириш киритишга ҳаракат қилди. Бунинг уддасидан ҳам чиқа олди. Ҳар қандай мураббийга ҳам ўз маҳоратини тўлақонли намойиш этиши, натижа кўрсатиши учун вақт керак. Келаси йили Арвеладзенинг нималарга қодир эканлигини кўрамиз.

«Локомотив»га қанча муддатга ижарага берилган эдингиз? Келгусидаги режаларингиз қандай?

- «Локо»га бир йиллик ижара шартномаси асосида ўтгандим. Мана, ўша муддат якунланди. Ҳуқуқий жиҳатдан «Пахтакор»га тегишлиман. Клуб билан ҳали шартномам бор.

Янги мавсумни «Пахтакор»да бошлайсизми?

- Бу ҳақда гапиришга ҳали эрта бўлса керак, деб ўйлайман. Мавсум кечагина ниҳоясига етди. Қисқа таътилдан сўнг ушбу мавзуга яна қайтамиз.

Агар таклиф бўлса, ўзингизни хориж клубида синаб кўрармидингиз?

- Албатта. Легионер сифатида ўйнаш ҳар бир футболчининг орзуси. Фақат ўз олдига юксак вазифаларни қўйган хориж клубларидан таклифлар тушса, ўйлаб кўраман.

ПФЛ томонидан олий лигада 12та жамоа қолдирилиши сўнгги ойнинг энг кўп муҳокама қилинган мавзуси бўлди. Бу борада шахсий фикрингиз қандай?

- Биласизми, бу янгилик ўзим учун ҳам жуда қизиқ туюляпти. Чунки чемпионатимиз бошқача форматда ўтказилади. ЎФФ раҳбарияти ниманидир режалаштиргандирки, бундай янгиликни амалиётга тадбиқ этишни лозим топди. Ҳар бир ўзгариш, албатта, яхшиликка хизмат қилади. Жамоалар ўртасидаги рақобатнинг кучли бўлгани яхши-ку! Чемпионат қанчалик кучайса, ўша мамлакат термаси ҳам шунга мос равишда кучли бўлади. Шахсан мен бу янгиликни қўллаб-қувватлайман. Фақат турнир жадвалининг қуйи поғоналарида бораётган жамоаларга қийин бўлди.

Тез орада мавсумнинг энг яхшилари аниқланади. Футболчиларнинг кучли учлигида кимни кўришни истардингиз?

- Менимча, бу йил шак-шубҳасиз йилнинг энг яхши футболчиси Марат Бикмаев бўлади. Жамоадошим 26та гол билан чемпионат тўпурарига айланди. Эришган ютуқларимизда Бикмаевнинг хизматлари катта. Кучли учликка бошқа футболчини қўймайман. Сабаби, унинг якунида ким ғолиб бўлиши кундек равшан.

Мураббийлардан-чи?

- Рўзиқул Бердиев, Мирко Йеличич, Шота Арвеладзенинг имкониятларини юқорироқ баҳолайман. Қолаверса, Миржалол Қосимов ҳам қисқа фурсатда «Бунёдкор» ўйинида ижобий ўзгариш қила олди. Бундан ташқари, «Навбаҳор» устози Илҳом Мўминжонов, «Бухоро» бош мураббийи Улуғбек Бақоев ҳам мураббийлик хислатларини кўрсата олишди.

Ёшлардан мавсум кашфиёти сифатида қайси футболчилар кўзга ташланди?

- «Насаф» футболчилари Азиз Ғаниев ва Ислом Кенжабоев.

ЖЧ-2018 финал босқичига қуръа ташланди. Ўзига хос «ўлим гуруҳи» сифатида қайси квартетни кўрсатасиз?

- Ҳар бир гуруҳда камида иккитадан яққол кучли терма жамоа бор. Шу боис, алоҳида бирини ажратиб кўрсатмайман. «А» гуруҳи ўзига яраша тенг кучли жамоалардан ташкил топган.

«SPORTS.uz» сайтида чоп этилган материаллардан нусха кўчириш, тарқатиш ва бошқа шаклларда фойдаланиш фақат таҳририят ёзма розилиги билан амалга оширилиши мумкин.

ТАҲРИРИЯТ ҲАҚИДА

Гувоҳнома: №1002. Муассис: «RENDER SYSTEMS» МЧЖ.

Таҳририят манзили: 100047, Тошкент шаҳри, Истиқбол кўчаси, 15-уй.
Электрон манзил: info@sports.uz.
Телефон: +998 71 233-78-98