Миллий олимпия қўмитаси XVIII Осиё ўйинларида Ўзбекистон делегациясининг байроқдори номини эълон қилди

Хабарингиз бор, 18 август куни Индонезия пойтахти Жакарта шаҳрида қитъада тўрт йилликнинг энг нуфузли мусобақаси – Осиё ўйинлари бошланади.

Бугунги кунгача ушбу мусобақанинг очилиш маросимида қайси спортчимиз байроқдор вазифасини бажариши масаласи очиқ турганди. Бугун ушбу шарафли вазифа юртдошларимиздан қай бирига ишониб топширилиши маълум бўлди.

Унга кўра, мусобақанинг очилиш маросимида Ўзбекистон делегациясининг байроқдори этиб Осиё чемпиони, Осиё ўйинлари совриндори, кўплаб халқаро турнирлар ғолиби ҳисобланган боксчимиз Исроил Мадримов тайинланди, - хабар беради МОҚ матбуот хизмати.

Эслатиб ўтамиз, Мадримов аввалги Осиё ўйинларида финалгача етиб борган ва мусобақанинг кумуш медалини қўлга киритганди. Биз бу сафар Исроилдан олтин медаль кутиб қоламиз.

Маълумот учун, 2014 йили Жанубий Кореянинг Инчеон шаҳрида бўлиб ўтган XVII Осиё ўйинларида ушбу вазифа жаҳонга машҳур дзюдочимиз Ришод Собировга ишониб топширилганди.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!