Мирзаҳаким Тўхтамирзаев медаллар тақсимоти, Шота Арвеладзе, “Пахтакор”, “Навбаҳор”, майдонлар ва мухлислар ҳақида

SPORTS.uz сайти мухлисларга янгиликлар тақдим этишда давом этади.

SPORTS.uz сайти ижодкорлари кўпчилик мухлисларнинг талаб ва истакларига биноан “Youtube”даги саҳифамизда лойиҳанинг давомини ҳавола қилади.

Хабарингиз бор, ушбу дастур кўпчилик соғинган таниқли шарҳловчи Мирзаҳаким Тўхтамирзаев билан биргаликда амалга оширилмоқда.

Қуйида мазкур лойиҳанинг бу галги сонини видео ва матн шаклида тақдим этамиз.

- Суперлига якунланди. Сизнинг назарингизда медаллар тақсимоти қанчалик адолатли бўлди?

- Дарҳақиқат, мамлакат чемпионати якунига етди. Олтин, кумуш ва бронза медалларининг соҳибларини расман билиб олдик.

“Локомотив”нинг ҳақли тарздаги чемпионлиги

“Локомотив” чемпионликни сақлаб қолгани, назаримда, адолатдан. Зеро, ушбу клубда ишни ташкил қилинишига бугунги кунда ҳавас қилса арзийди. Эътибор беринг, аввалги мавсумдан сўнг таркибдаги бир қатор юлдузлар жамоани тарк этишганди, Тимур Кападзе, Сервер Жепаров энди майдонда йўқ эди. Лекин клуб мутасаддилари уларнинг ўрнини тўлдиришга ҳаракат қилишди ва жамоада олдиндан сиз-у бизга яхши таниш бўлган истеъдодли ва тажрибали футболчилар пайдо бўлишди: Анзур Исмоилов, Темурхўжа Абдухолиқов, Сардор Рашидов. Мана шу номларнинг ўзиёқ “Локомотив” таркиби аввалгидан кучсизланмаганини билдириб турарди. Лекин жамоа ОЧЛда ишончни оқлай билмади ва мураббийлар таркибида ўзгариш амалга оширилди. Яна бир тарафи, ўша ўзгарган мураббийлар штаби жамоанинг имкониятларидан самарали фойдалана олди ва ҳал қилувчи босқичга келганда айнан “Локомотив” ўйини билан асосий таъқибчиси, рақиби “Пахтакор”дан кучли эканлигини амалда исботлади. Шу боисдан ҳам “Локомотив” Ўзбекистон чемпионлиги унвонини ҳақли қўга киритди, деб бемалол айтишимиз мумкин.

Loko-chempion (11)

Ишончни оқламаган “Пахтакор”

Иккинчи ўрин “Пахтакор”га насиб этди. Бир қарашда, ўтган йилгидан юқорига силжиш бор. Ёдингизда бўлса, аввалги мавсумда кумуш медаллар Қаршининг “Насаф” жамоасига насиб этганди. Лекин “Пахтакор”нинг имкониятлари, салоҳиятини назарда тутадиган бўлсак, биз жамоа чемпионлик учун бундан-да, шиддатлироқ кураш олиб боришини кутгандик. Аслида, кумуш медаллар ҳам ёмон эмас. Келинг тан олайлик, ҳар қандай буюк жамоа ҳам мунтазам равишда олтин медалларни қўлга киритавермайди. Аммо биз “Пахтакор” деганда кўз ўнгимизда ажойиб, шиддатли, мухлисларга манзур бўладиган ўйин намойиш қиладиган жамоани кўришни хоҳлаймиз. Шу нуқтаи назардан олиб қарайдиган бўлсак, “Насаф”дан бир қатор етакчи футболчиларни тортиб олган, янги хорижлик футболчиларни олиб келган “Пахтакор” ишончни оқлай олмагандек.

Paxta-Loko (10)

Бунга нима сабаб? Мураббийларнинг қаердадир хатога йўл қўйганими ёки футболчиларнинг ўзи рақобатга бардош бера олмаганими – буни мутахассисларнинг ўзи таҳлил қилгани маъқул бўлса керак. Бизнинг назаримизда, бугунги “Пахтакор”да бошқа жамоалардан келган футболчилар кўпайиб кетгани ўзбек футболи ривожига ёрдам бермаётгандек. Ахир кўплаб йиллар мобайнида “Пахтакор” футбол академияси тарбиялаган ва катта футболга учирма қилган юлдузлар ҳисобига Ўзбекистон ўсмирлар, ёшлар ва олимпия жамоалари ишончли ўйин намойиш қиларди. Ҳа, ўша болалар катталар футболига ўтишда қаердадир йўқолиб қолаётганди. Лекин бу дегани “Пахтакор” академияси ишламаяпти дегани эмас. Биз эса ортда қолган мавсумда “Пахтакор”нинг ўз тарбияланувчилари чинакамига қанот чиқариб уча бошлаганини кўрмадик. Назаримда, мутасаддилар мана шу жиҳатга эътибор беришса, нафақат клуб, балки бутун Ўзбекистон футболи учун фойдали бўларди. Оддий мисол, Жасурбек Яхшибоевни олайлик. Жасур Абдураимов қўл остида ёшлар терма жамоаси таркибида ўзига хос ўйини билан кўзга ташланган истеъдодли футболчи “Пахтакор”да аксарият ҳолларда захира ўриндиғида қолиб кетаяпти. Бу футболчининг ўзига ҳам, умуман футболимизга ҳам наф келтирмаса керак.

Ижара шартномасидаги ўзгартирилиши керак бўлган бандлар

Яна бир дилни хира қиладиган жойи – “Пахтакор” авваллари ўз таркибида ўйнаган футболчиларни ижарага бериши билан боғлиқ. Уларнинг бир нечтаси Бекободнинг “Металлург” жамоаси сафида фаолият олиб боришди. Шартномада кўрсатиб қўйилгани туфайли ўша футболчилар “Пахтакор”га қарши беллашувларда майдонга тушишмади. “Металлург” бу йил Андрей Шипилов бошчилигида жуда ажойиб ўйин намойиш қилди. Жамоа ўйинида ўсиш борлигини мухлислар ва мутахассислар ҳам эътироф этишди. Лекин “Пахтакор”га қарши учрашувларда ўша футболчиларнинг майдонга тушмагани тошкентликларга тўрт учрашувда 12 очкони нақд қилиб берди. 5:0, 3:0, 3:0 ва 2:1 ҳисобида “Пахтакор” ғалаба қозонди.

Paxta-Metal (13)

Бошқа тарафи, пахтакорчилар рақибнинг кучга тўла, оптимал таркибига қарши эмас, балки кучсизланган таркибига қарши ўйнашди. Бундай ўйинларда осонликча қўлга киритилган ғалабалар халқаро майдонларда футболчиларимизга фойда бериши эмас, зарарига ишлаши шундоқ кўриниб турибди.

Россия тажрибаси зарар қилмайди

Тўғри, шартнома имзоланаётганда ижарага берилаётган футболчи бизга қарши ўйнамайди дейишдан осони йўқ. Лекин Россияда ўтган йилги мавсум тажрибасини ёдга оладиган бўлсак, Артём Дзюба “Зенит”дан ўртамиёна жамоага ижарага жўнатилганда, мабодо футболчи бизга қарши ўйнайдиган бўлса, қўшимча пул тўланади деб шартномада кўрсатиб қўйилганди. Ана шу имкониятдан фойдаланган “Арсенал” Дзюбани майдонга туширди. “Зенит” билан 3:3 ҳисобидаги дурангга эришди. Кейинчалик ҳужумчи ўз кучига ишончни қайтариб олгани туфайли Россия терма жамоасига ёрдам берди. ЖЧ-2018даги ажойиб ўйинлари, сўнгра “Зенит” сафига қайтгач кўрсатаётган ўйинларини барчамиз кўриб турипмиз. Балки бизда ҳам мана шундай қилиш керакдир. Ёки ижарага берилдими, ўша футболчини олган клуб барча учрашувларда майдонга тушириши мумкин деган қоидани киритиш керакмикин? Бу ижарага берадиган клубга қарши ишлайди. Лекин футболимизга ёрдам берадиган йўлга ўхшайди.

Loko-Paxta (10)

Яна бир тарафи, ана шу кучли футболчилар ўйнаса, рақобат бўлса, чинакамига, қизиқарли, ҳужумкор ўйин намойиш этилса, томошабин стадионга келади. Биз эса ҳаттоки ўша чемпионлик тақдири ҳал бўлган Тошкентдаги “Локомотив” ва “Пахтакор” ўртасидаги учрашувда “темирйўлчилар”нинг мўъжазгина стадиони тўлмаганини кўрдик. 8 минг томошабинни бағрига сиғдира оладиган ўйингоҳда бор-йўғи 2800 томошабин борлиги учрашув қайдномасида эътироф этилган.

“Навбаҳор” ҳақида

Биз “футбол томошабинлар учун ўйналади” деяпмиз. “Мухлисни рози қилиш - энг асосий вазифамиз” деяпмиз. Наманганнинг “Навбаҳор” жамоаси мухлисларни, мухлислар “Навбаҳор”ни яхши кўради. Буни барча учрашувлар мобайнида кузатиб, шоҳиди бўлиб келяпмиз. Шу боисдан “Навбаҳор” ўз тарихида тўққизинча маротаба бронза медалларини қўлга киритгани билан чин қалбимиздан табриклашимиз мумкин. Фақат битта нарса, “Навбаҳор” сафарда ҳам ишончли ўйин намойиш этса ва мухлисларни ғалабалар билан қувонтирса, бу нафақат наманганликлар учун, балки бутун ўзбек футболи учун яхши бўларди. Чунки “Навбаҳор” меҳмонда шиддат билан курашса, чемпионатимизда олтин медаллар учун курашга яна бир рақобатбардош жамоа қўшилган бўларди. Ўз навбатида, ўша рақиб майдонида ўйнаш нуқтаи назаридан таҳлил қиладиган бўлсак, жуда кўп жамоаларимизда шу каби муаммолар бор. Балки руҳиятга таъсир кўрсатадиган мутахассис керакми ёки яна бошқа чораларни мураббийларимиз топиши зарурми, ҳар ҳолда меҳмондаги жамоа ўзини эмин-эркин ҳис қилса, чемпионатдаги барча учрашувлар қизиқарли ва муросасиз кечиши турган гап.

Bun-Navba (12)

Ҳар томондан “таланаётган” “Бунёдкор”

Очиғи, “Бунёдкор”га ҳавас қилиб бўлмайди. Миржалол Қосимов раҳбарлигида ёш, истеъдодли футболчилардан асосий ўзаги ташкил этилган жамоа медаллар учун курашди. Лекин хабарингиз бор, ФИФА талабига кўра ПФЛ “Бунёдкор”дан 6 очко олиб ташлади.

Биз яна бир бор таъкидламоқчимиз: футбол мухлислар учун ўйналади. Нима учун қайсидир бир мутасадди мансабдор шахс йўл қўйган хато касрига мухлислар қолиши керак. Агар ўша олти очко бўлганида, яна қаердадир омад озгина кулиб боққанида Миржалол Қосимов жамоаси медаллар учун охиригача курашган бўларди. Шунда чемпионатимиз янада қизиқарлироқ ўтарди. Шунда ишқибозларимиз ажойиб футбол шоҳидига айланишарди. Демак, бу каби ҳолатларнинг олдини олишимиз шарт ва зарур.

“Бухоро” стадионида мухлислар камайгани

“Бухоро” кучлилар сафидан жой эгаллагани вазифа бажарилганини билдиргандек туюлди. Улуғбек Бақоев 2 мавсум мобайнида “Бухоро”ни бошқарганидан сўнг энди истеъфога чиқиши ҳақида эълон қилди. Тажриба орттириш мақсадида эканини билдирди. Ушбу ажойиб футболчи ва мутахассисга янги, ёрқин ғалабаларни тилаган ҳолда нима учун “Бухоро” стадионида томошабинлар сони камайиб кетди деган саволга жавоб топилишини ҳамда келгуси мавсумда “Бухоро” стадиони аввалгидек тўлиб тошишини тилаган бўлардик.

Pax-Buxor (6)

Чемпионатнинг ўзини оқламаган формуласи

Назаримда, бунинг учун Ўзбекистон чемпионати формуласини ўзгартириш зарур. Ортда қолган мавсумдаги формула ўзини оқламагандек. Ўша “олтин очколар” қоидасини бекор қилишимиз футболимизга ёрдам берса керак.

Шота Арвеладзе майдонларимизни танқид қилганида фақат ўзини оқлаш учун айтгани йўқ бу гапни. Дарҳақиқат, хорижлик мутахассис шартномаси тугагач, ватанига кетиши мумкин. Лекин бизнинг жамоаларимиз юртимизда қолишади ва фаолиятларини давом эттиришади. Мухлисларимиз ажойиб майдондаги ажойиб ўйинни кўришга муносиб. Шу боисдан ЎФА талабларини қўллаб-қувватлаймиз ва янги мавсумда барча стадионларимизда футбол майдонлари энг юксак талабларга жавоб беради, ўша ям-яшил майдонларда чиройли, ҳужумкор, мафтункор, жозибали ўйинларни кўрамиз деган умиддамиз.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
&
Абдул
12/12/2018 17:39
Мирзахаким кечирасиз Бринчидан Насафдан хэч кимни тортиб олгани йўқ 2 тасини сотиб олган 4 таси ўзи кэлди Пахтакорга Локо билан омад етишмади Барбир Пахтакор нлмер ОДИН рамат
89629371045 bismatillaev.32gmail.com
12/12/2018 19:17
Qani interve?