Мундиал – 2018 ни ўтказиб юбориши мумкин бўлган юлдузлар ким?

Футбол оламининг энг нуфузли мусобақаси тобора яқинлашиб бормоқда. Goal нашри фурсатдан фойдаланиб, Россияда бўлиб ўтадиган Жаҳон Чемпионатида иштирок этиши сўроқ остида бўлган етакчи номдор футболчилар ҳақида сўз юритди.

2018-йилги Жаҳон Чемпионати бошланишига ҳам икки ойдан кам вақт қолди. Миллий терма жамоа бош мураббийлари эса сўнгги якуний рўйхат устида бош қотиришмоқда ва Россия яшил майдонларига ўзларининг энг сара таркибини олиб келиш ниятида.

Келаётган ҳафталарда улар энди футболчиларнинг соғлиқларига ҳам жиддий эътибор қаратишади. Боиси миллий чемпионатлар тобора якунига етмоқда, жароҳатлар эса содир бўлиши мумкин. Бу эса мураббийларнинг режаларини ўзгартириб юбориши аниқ. Бирорта футболчи, у хатто энг зўри бўлса ҳам, жароҳатлардан суғурталанмаган.

Goal нашри бу йилги Мундиални ўтказиб юбориши мумкин бўлган юлдузларга бир назар солди.

2018-йилги Жаҳон Чемпионатини ўтказиб юбориши аниқ бўлганлар

Июн бошлангунигача Мундиални кимлар ўтказиб юбориши мумкин, деган саволга аниқроқ жавоб бўла оладиганлар ҳақида қуйида сўз юритилади. Булар расман тасдиқланмаган бўлсада, баъзи футболчиларнинг ҳолати аниқ равшан кўриниб турибди.

Франция Россияда ўзининг иккинчи чемпионлигига эришиш ниятида. Аммо бу ҳолат Карим Бенземасиз юз бериши аниқ. “Реал” ҳужумчиси ватани сафида 2015-йил октябридан бери ўйнамаяпти. Ҳужумчи Дидье Дешам мураббийлиги остида ўйнамаслиги ҳаммага маълум бўлса керак.

Англия мусобақада “Ливерпуль” ярим ҳимоячиси Алекс Окслейд-Чемберлейн хизматларидан аниқ фойдалана олмайди. “Арсеналь”нинг собиқ вакили Чемпионлар Лигасининг “Рома”га қарши кечган ярим финал ўйининг дастлабки учрашувида тиззасидан жиддий жароҳат олди ва бир неча ойни ўтказиб юборади.

Германия термаси бош мураббийи Йоахим Лёв қўли остида бир гуруҳ истеъдодлар жамланган. Аммо улардан иккитаси – “Бавария” вингери Серж Гнабри ва “Боруссия Мюнхенгладбах” сардори Ларс Штиндллар аниқ мусобақада иштирок эта олмайди. Улар ҳам жиддий жароҳатлар сабаб даволанишга мажбур.

Катта шубҳа билан 2018-йилги Жаҳон Чемпионатини ўтказиб юбориши мумкин бўлганлар

Беш карра Жаҳон чемпионлари турнирга асосий фаворитлардан бири сифатида ташриф буюришади. Аммо уларнинг асосий юлдузи – Неймар спорт формасини тўлиқ тиклай олмагани сабаб “катта байрам”ни ўтказиб юбориши хавфи бор. Неймар март ойида оёғидан жарроҳлик амалиётини ўтказган эди. Миллий терма жамоа шифокори Родриго Ласмарга кўра, 26 ёшли футболчи уч ойга сафдан чиққан. Бу дегани, у жароҳатидан фориғ бўлсада, спорт формасини тиклаб олишга улгурмаслиги мумкин. Неймарнинг жароҳати Титенинг асосий бош оғриғи эмас. “Ювентус” вакили Алекс Сандро ҳам жароҳат олган.

Германия ҳам Жером Боатенгнинг сонидан олган жароҳати сабаб ҳимоя чизиғида қийинчиликка дуч келиши мумкин. “Бавария” ҳимоячиси тўрт-олти ҳафтани ўтказиб юбориши аниқ. Шу сабабли у ўз термасини ҳимоя қила олмаслиги хавфи юқори. Аммо ҳимоячининг ўзи бу ҳақида ижобий фикрда.

Фернандо Гаго эса Аргентинанинг якуний 23 кишилик рўйхатидан жой оломаслиги мумкин. “Бока Хуниорс”да ўйнаётган 31 ёшли ярим ҳимоячи 2017-йилнинг охирида олган жароҳати сабаб апрелгача “Албиселесте”га ёрдам бера олмади. Шунингдек, миллий терма жамоа сафида “Интер” ҳужумчиси Мауро Икардини ҳам кўрмаслигимиз мумкин. Унинг ажойиб спорт формасига қарамай, термадаги муҳим ўйинчилар орасида ихтилофларни юзага келтириши мумкинлиги важидан катта эҳтимол билан “нерадзуррилар” вакили якуний рўйхатга киритилмайди.

 

Эркин Ғайбуллаев тайёрлади

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!